Ўзбекистонда қизамиқ хавфи ортиб боряпти — мутахассис
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти айни кунда қўшни давлатларда қизамиқ касаллиги рўйхатга олинаётгани маълум қилган.
Қизамиқ – бу ўткир юқумли вирусли касаллик бўлиб, у тана ҳароратининг кўтарилиши, кўп миқдорда тошма ва шамоллаш аломатлари билан намоён бўлмоқда, дейди Platina.uz билан суҳбатда Санитария-эпидемиология қўмитаси бош мутахассиси Хурсаной Жамалова.
Куни кеча Санэпидқўмита республикамизда 164 нафар беморда қизамиқ – ўткир юқумли вирусли касаллик аниқланганини очиқлаган эди.
Санитария-эпидемиология қўмитаси бош мутахассисининг маълум қилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти айни кунда қўшни давлатларда қизамиқ касаллиги рўйхатга олинаётгани маълум қилган.
Бугунги кунда эса Ўзбекистонда ҳам четга бориб келаётган, қизамиққа қарши эмланмаган фуқаролар орасида касаллик рўйхатга олиниши хавфи ортиб боряпти. Ҳозирда мамлакатимизда қизамиқ бўйича эпидемиологик вазият назорат остида бўлиб, қизамиқ касаллигига шубҳа қилинган шахслар билан алоқада бўлганлар эпидемиологик кўрсатма асосида профилактик эмлаш билан қамраб олинмоқда.
Қизамиқ касаллиги беморнинг акса уриши ва йўталиши натижасида ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Қизамиқ билан оғриган беморлар касаллик белгилари бошланишигача ва ундан сўнг бир неча кун давомида бошқаларни зарарлаши мумкин. Бу касаллик болалар боғчалари, мактаблар ва тиббиёт муассасаларида осон тарқалади. Вирус ташқи муҳитда ёки ҳавода 2 соат давомида фаол ва зарарли бўлиб қолади. Вирус қизамиқ беморидан тошмалар тошишидан 4 кун олдин ва тошма пайдо бўлгандан сўнг 4 кун давомида тарқалиши мумкин. Касаллик ўта юқори юқумлилик даражасига эга бўлгани сабабли эпидемия кўринишида эмланмаган аҳоли ва болалар ўртасида кенг тарқалишига ва асорати болалар ўртасида ўлим кўрсаткичига олиб келади, дейди мутахассис.
— Қизамиқнинг асосий белгилари қандай?
— Касаллик вирус юққанидан сўнг 1-7 кун давомида қуйидаги белгилар билан кечади:
- Бурун битиши, тумов;
- Кўз қизариши(конъюнктивит);
- Оғиз бўшлиғининг шиллиқ қаватларида оқ майда доғлар (Филатов-Коплик доғлари);
- Ҳолсизлиқ;
- Йўтал;
- Тана ҳарорати кўтарилиши оқибатида 3-4-кунда тана бўйлаб тарқалган тошмалар, аввал юз ва бўйинда тошма пайдо бўлади, 5-6-куни тошма бутун танага тепадан пастга томон юз, бўйинга, кейин қўл ва оёқларга тарқалади.
Одинахон Деҳқонова суҳбатлашди.