platina.uz

Ишончни оқламаётган ишонч телефонлари

Platina.uz давлат ташкилотлари, хусусан, турли вазирликларда ташкил этилган ишонч телефонларининг қанчалик ишончли эканини текшириб кўрди.

Мақола
16 июнь 2023 йил
Ишончни оқламаётган ишонч телефонлари

Ўзбекистонда фуқароларнинг давлат хизматлари юзасидан бевосита мурожаатларини осонлаштириш ва коррупциянинг олдини олиш мақсадида деярли барча давлат ташкилотларида ишонч телефонлари ташкил этилган. Бу телефон рақамлари фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилаётгани, чора топишга кўмаклашаётгани яхши, аммо бу рақамларга боғланиш қанчалик осон? Ундан ҳам ёмонроғи, улар ишламаса, аҳолининг давлат ташкилотларига ва пировардида ҳукуматга ишончи йўқолиши турган гап.

Platina.uz давлат ташкилотлари, хусусан, турли вазирликларда ташкил этилган ишонч телефонларининг қанчалик ишончли эканини текшириб кўрди.

Ишонч телефонларининг рақамларини вазирликларнинг расмий веб-сайтидан топиш мумкин бўлса-да, охирги йилларда идоралар фаолиятини оптималлаштириш ва мувофиқлаштириш мақсадида тугатилган ёки янгиланган, бири иккинчисига қўшиб-ажратилган ташкилотлар кўплиги боис, ҳукумат портали — gov.uz сайтидаги “Давлат органлари ишонч телефонлари” рукнида берилган маълумотлардан фойдаландик.

13 июнь куни жами 18 вазирлик ҳамда Бош прокуратуранинг ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб кўрдик.

Аввалдан шуни айтиш керакки, деярли барча вазирлик ишонч телефонларида мурожаат этувчининг анонимлиги таъминланмайди, яъни фуқаронинг шахсий маълумотлари сўраб олинади. Буни кўпчилик операторлар мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида аниқ фактлар ва адресат билан ишлаш зарурияти деб изоҳлашди.

Шунингдек, айрим хорижий ишонч телефонларида мавжуд бўлган қайтиб чиқиш функцияси давлат ташкилотларида мавжуд эмас. Яъни, қўнғироқ қилиб, айрим сабабларга кўра оператор билан боғлана олмасангиз, ҳеч ким сизга қайтиб чиқмайди.

Аксарият ишонч телефонларида автомат жавоб бериш функцияси ўрнатилган бўлиб, қўнғироқ қилганингиздан кейин олдиндан ёзиб олинган ёзув қайси вазирликка қўнғироқ қилаётганингизни маълум қилиб, кутиб туришингиз ҳақида ва бошқа керакли кўрсатмалар бериб туради. Бу мурожаатчилар учун қўшимча қулайлик туғдиради. Автомат ёзувларнинг деярли барчаси давлат ёки рус тилида ҳам такрорланади.

Фақат Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бундан мустасно бўлиб, гарчи оператор ўзбекча мулоқот қила олса-да, вазирликка тегишли ишонч телефонида автомат жавоб бериш ёзуви фақат рус тилида.

Лекин ҳатто ўзбекча автомат ёзувлари мавжуд рақамларда ҳам нечанчи навбатда эканингиз ва тахминий кутиш вақти қанча дақиқа экани фақат рус тилида янграйди.

Шунингдек, Бош прокуратуранинг қисқа рақамли ишонч телефонига бир неча бор қўнғироқ қилганимизда ўзбек тилини танлаш учун 1 ни, рус тилини танлаш учун 2 рақамини босиш таклиф этилди. Ўзбек тилини танлаганимизда бир неча бор дарров узиб ташланди. Рус тилини танлаганимизда эса оператор тез ва осон алоқага чиқди. Бу ҳолни рус тилида сўзлашувчи оператор навбатда турганлар сони 25 тадан ошиб кетса, автоматик равишда узиб ташланиши билан изоҳлаган бўлди.

Шу билан бирга, берилган айрим телефон рақамлари ишламайди. Улар ўзгарган бўлса-да, аҳоли хабардор қилинмаган. Бундай маълумотлар ташкилот сайтида ёки gov.uz порталида мунтазам ва ўз вақтида янгиланиб турилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бундан ташқари, узоқ навбат кутишларга чек қўйиш керак. Бир вақтнинг ўзида 20-30 одам битта рақамга боғланиш учун ҳаракат қилаётгани бу манзилга талаб кўплигини англатади. Бундай давлат ташкилотлари операторлар сонини кўпайтириши ёки мурожаатчини тегишли оператор ёки мансабдорга тўғри йўналтириш вазифасини бажарувчи, ҳатто бир хил ва такрорланувчи саволларга жавоб бера олувчи сунъий ақл асосида ишловчи автомат тизимлардан фойдаланиши зарурга ўхшайди.

Биз текшириб кўрганда қуйидаги ишонч телефонлари ишламади ёки боғлана олмадик:

  • Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
  • Ташқи ишлар вазирлиги;
  • Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги;
  • Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Ишонч телефонлари қўнғироқлари жавоб бериш вақти (дақиқа, сония) бўйича қуйидагича рейтинг шаклланди. Бунда, табиийки, оператор билан тез боғланиш мумкин бўлган вазирликлар биринчи ўринларда, узоқ кутилганлари эса охирги ўринларда:

  • Сув хўжалиги вазирлиги – 0:19;
  • Инновацион ривожланиш агентлиги– 0:48;
  • Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги – 0:57;
  • Фавқулодда вазиятлар вазирлиги – 0:58;
  • Мудофаа вазирлиги – 1:01;
  • Рақамли технологиялар вазирлиги – 1:30;
  • Маданият ва туризм вазирлиги – 2:30;
  • Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги – 3:30;
  • Транспорт вазирлиги – 6:34;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги – 9:01;
  • Адлия вазирлиги – 9:20;
  • Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги – 12:05
  • Ички ишлар вазирлиги – камида 1 соат;
  • Бош прокуратура – камида 1 соат.

Ишонч телефонларининг самарадорлиги ҳақида гапирганда АҚШнинг Virgin авиакомпанияси соҳиби Ричард Бренсон тутган йўл ёдга тушади. Aгар Virgin авиакомпаниясига қўнғироқ қилсангиз ва линия банд бўлса, Бренсоннинг овози ёзилган қуйидаги автомат овоз билан ёқилади: "Салом, менинг исмим Ричард Бренсон, агар 18 сониядан кейин қўнғироғингизга ҳеч ким жавоб бермаса, мен сизга 700 доллар чегирма ваъда қиламан, розимисиз? Демак, мен тескари саноқни бошлайман: 18, 17, 16, 15...".

Бу бир қарашда оддий ечим, лекин мижоз бажонидил кутиб ўтираверади. У ҳатто ич-ичидан тез кўтармасликларини, шу баҳонада 700 долларлик чегирма олишни орзу қилади. Агар оператор жавоб бермаса ҳам 700 долларлик чегирма уни Virgin авиакомпаниясига боғлаб қўяди. У ҳатто дўстларига айтиб, мақтаниб, текин реклама қилади. Агар ўз вақтида жавоб берилиб, чегирма олмаса ҳам, мижозга нисбатан муомала ва эътибордан кўнгли кўтарилади. Virgin авиакомпаниясини бошқа компаниялардан афзал кўра бошлайди.

Эҳтимол бизда ҳам шунга ўхшаган усулларни қўллаш самара бериши мумкин. Энг муҳими, халқ ва давлат ташкилотлари ўртасидаги мулоқот узилмаслиги, давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлиги юксак бўлишига хизмат қилса бўлди.

Ҳа, ишонч телефонлари ва уларнинг функционаллиги кимларгадир аҳамиятсиз майда гапдек туюлади, лекин ёзувчи ва тадбиркор Харви Маккей айтганидек, "Майда-чуйдалар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас, лекин улар ҳамма нарсани ҳал қилади!”

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+