Президент нега уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббуси билан воз кечаётганини маълум қилди
Президент Шавкат Мирзиёев нима сабабдан муддатидан илгари президентлик сайлови ўтказилишини ҳамда уч ярим йиллик президентлик муддатидан нега ўз ташаббуси билан воз кечаётгани сабабларини очиқлади.
“Нима учун қолган уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечяпман? Чунки асосий қонунимизга мувофиқ:
биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда;
иккинчидан, янгиланган Конституциямиз президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўймоқда;
учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ҳамда ислоҳотларни кутмоқда;
тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин. мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш, уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар, барчангиз кўриб турибсиз, олдимизга бугун янада улкан марралар қўймоқдамиз”, — деди президент.