Нодавлат ОТМлари талабаларига ҳам давлат томонидан моддий ёрдам кўрсатиладиган бўлди
Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 майдаги 181-қарори билан “Нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган етим ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария воситаларини харид қилиш харажатларини молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Унга кўра, ОТМлар ҳар йили 15 сентябрга қадар жорий ўқув йилида ижтимоий таъминот ёрдами учун маблағ олувчи талабалар сони ҳамда уларга тўланадиган ижтимоий таъминот ёрдами учун маблағ миқдорини ҳисоблайди ва бюджетдан зарур маблағлар ажратилиши юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига сўровнома киритади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги эса ҳар йили 1 октябрга қадар ташкилот томонидан тақдим этилган сўровномаларга асосан амалдаги ўқув йили учун ижтимоий таъминот ёрдами тўловларига сарфланадиган маблағларни тўлиқ ҳажмда уларнинг ҳисоб варақларига ўтказиб беради.
Қайд этиш жоиз, ижтимоий таъминот ёрдами талабаларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъи назар, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади.