Хитой бир йиллик сукутни бузди
Россиянинг Украинага босқини масаласида доим нейтрал бўлиб келган Хитой ниҳоят бир йиллик сукунатни бузди. БМТ Бош Ассамблеясининг Россияни Украинага қарши урушда агрессор деб тан олиш ҳақидаги резолюциясига Хитой делегацияси ижобий овоз берди.

Авваллари Хитой шу мазмундаги резолюцияларга овоз беришда бетараф позицияда бўлар эди.
Мазкур резолюция учун 122 мамлакат делегацияси, жумладан, Қозоғистон, Арманистон, Грузия ва Россия расмийлари "дўстона" деб атайдиган бошқа давлатлар – Ҳиндистон, Бразилия ва Туркия ҳам ижобий овоз берди. Овоз беришда 18 давлат, жумладан, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Эрон ва Жанубий Африка Республикаси бетараф қолган. Россия, Беларус, Конго Демократик Республикаси, Никарагуа ва Сурия эса қарши овоз берган.
Резолюция муаллифлари Россия ҳарбий агрессияси қурбонларига етказилган зарарни қоплаш, халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузишда айбдор бўлган барча шахсларни жавобгарликка тортишни талаб қилишмоқда.
Украинадаги уруш резолюциянинг асосий мавзуси эмас эди, шунинг учун Хитой ва бошқа мамлакатларнинг уни қувватлаб берган овози Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига нисбатан позицияси ўзгарганидан далолат берадими, йўқми, аниқ эмас. Аввалроқ Хитой барча томонлар манфаатларини инобатга олган ҳолда тинчликка эришиш зарурлигини эълон қилиб, Москвани танқид қилишдан ўзини тийиб келган. Хитой вакиллари овоз бериш натижалари бўйича ҳозирча изоҳ бермади.
Ўз навбатида Россиянинг БМТдаги вакили Ғарб давлатларини резолюцияни "сиёсийлаштиришда" айблаб, ҳужжатдан Россияни қораловчи бандни олиб ташлашга чақирди. Бироқ бу таклиф қўллаб-қувватланмади.