platina.uz

Озодбек Назарбековнинг ноқонуний ҳаракатлари (ёки ҳаракатсизлиги) маълум бўлди

"Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонунга кўра, давлат хизматчиси шахсий бизнес билан шуғулланиши, акцияларга эгалик қилиши мумкин эмас.

Мақола
17 апрель 2023 йил
Озодбек Назарбековнинг ноқонуний ҳаракатлари (ёки ҳаракатсизлиги) маълум бўлди

media24uz телеграм канали ушбу қонундан келиб чиқиб, очиқ манбалардан фойдаланган ҳолда амалдорларнинг хусусий бизнеслари ва қайси бизнесларда улушлари борлигини кўриб чиққан ва суриштирувни Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековдан бошлаган.

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳрида 16-асрга тегишли қадимий Коба карвонсаройи бор. У давлат мулки ва маданий мерос объекти ҳисобланади. Бу карвонсарой маълум муддатга Koba san'at majmuasi МЧЖга бириктирилган.

Koba san'at majmuasi МЧЖ 2016 йил рўйхатдан ўтган, унинг таъсисчиси битта — Озодбек Назарбеков. МЧЖ устав фонди 404,8 млн. сўм. МЧЖ ҳам Шаҳрисабзда жойлашган. Назарбеков эса 2017 йилда амалдор сифатида иш бошлаган, яъни маданият вазири ўринбосари бўлган.

Бундан ташқари, ўғли Жаъфарбек Назарбеков ва бошқа қариндошлари номида, таъсислигида ҳам бир қанча МЧЖлар бор. Уларнинг бари қўшиқчи Озодбек пайтида очилганини кўриш мумкин. Аммо амалдорликка ўтгач, улушларидан воз кечиб чиқиб кетиши керак эди. Ҳеч бўлмаганда 2022 йилдаги қонун имзолангач.

Жаъфарбек улуши бўлган яна бир МЧЖ эътиборимизни тортди: Best Organizer. Бу МЧЖ бир неча йил олдин тилга тушганди. Ўшанда "Мендирман Жалолиддин" сериалини суратга олиш билан боғлиқ ҳомийлик муаммолари юзага чиққан. Яъни Best Organizer сериал учун "Ўзбеккино" билан шартнома тузган, кейинчалик сериални суратга олиш туркларга бериб юборилган. Best Organizer МЧЖга тўланган ярим миллиард сўм пул бюджетга қайтарилгани айтилган.

Шунингдек, яқинда "Зўр ТВ" телеканалида "Борига барака" шоуси қайтадан бошланган. Унда иштирок этиш учун одамлар Best маҳсулотлари сотиб олиши ва ундаги кодни юбориши керак.

Қолаверса, Озодбек Назарбековнинг "Зўр ТВ" билан тинмай ҳамкорликда ишлаши, эфирлардан тушмай қолиши шубҳалантиради. Масалан, "Артист" лойиҳаси бошида ҳам вазир турибди. "Мендирман Жалолиддин" сериалининг 2-фасли ҳам айнан шу телеканалда намойиш этиляпти (1-мавсуми "Миллий" ТВда берилган).

Давлат фуқаролик хизмати ҳақидаги қонуннинг 13-моддасида қуйидаги чекловлар ўрнатилган:

▪️ўзаро яқин қариндошликда ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар билан (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) айнан битта давлат органида бирга хизмат қилиши;
▪️педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга;
▪️тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга;
▪️тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга;
▪️ўзи хизмат қилаётган давлат органи назорати остидаги ёки у билан алоқалар ва манфаатларга эга бўлган ташкилотлардаги улушларни, пайларни ва акцияларни бевосита ёки вакиллар орқали олишга;
▪️ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олишга;
▪️чет давлат фуқаролигини олишга;
▪️қонунчиликда назарда тутилмаган имтиёзлар, преференциялар ёки афзалликлардан ўз хизмат мавқеи билан боғлиқ ҳолда фойдаланишга;
▪️Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ва уларга эга бўлишга, кўчмас мулкка ва бошқа мол-мулкка эгалик қилишга;
▪️ўзининг ваколатларини сиёсий партияларнинг, бошқа жамоат бирлашмаларининг ва улар органларининг манфаатларини кўзлаб амалга оширишга.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриши белгиланган.

Бу чекловларга риоя этмаганлик давлат фуқаролик хизматчисини қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Platina.uz ни ҳам бу масала қизиқтириб қўйди ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигига сўров киритишга қарор қилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+