Виталий Кличко президент Зеленскийни жиддий танқид қилди
Шунингдек, у уруш боши берк кўчага кирганини айтган генерал Залужнийни қўллаб-қувватлади.
Киев мэри Виталий Кличко Украина президенти Владимир Зеленскийни жиддий танқид қилиб чиқди.
Кличко Қуролли кучлар қўмондони Залужний рейтингининг ошиши ва Владимир Зеленский машҳурлигининг пасайиши ҳақида гапириб ўтган ва бу ажабланарли ҳол эмаслигини айтган. Одамлар “ким самарали ва ким самарали эмаслигини” кўрди”, дейди собиқ спортчи Швейцариянинг 20Min нашрига берган интервюсида.
Унинг сўзларига кўра, украиналикларни эндиликдан нега мамлакат можарога яхши тайёрланмагани, нега Зеленский сўнгги кунгача кенг кўламли жанглар бўлиши мумкинлигини инкор этгани, шунингдек, Россия қўшинлари Киевга бунчалик тез яқинлаша олгани қизиқтирмоқда.
Шундай бўлсада, Кличко Зеленский ҳозирда муҳим вазифада эканлигини ва украиналиклар уни тинчлик ўрнатилмагунча қўллаб-қувватлашлари кераклигини таъкидлади.
Кличко уруш боши берк кўчага кириб қолганини айтган Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни қўллаб-қувватлашини билдирди. Киев мэрига кўра, генерал ҳақиқатни айтган, аммо одамлар буни эшитишни истамаяпти.
“Албатта, биз эйфория ичидамиз ва ҳамкорларимизга ёлғон гапиришимиз мумкин. Аммо сиз буни абадий қила олмайсиз. Айрим сиёсатчиларимиз Залужнийни аниқ сўзлари учун танқид қилишди, бу ноҳақлик”, — деди Кличко.