ДХХ Россия ва Туркиядан келаётган сохта долларларни қўлга олди
Андижонлик шахс қалбаки 500 минг долларни ҳақиқий 325 минг долларга айирбошламоқчи бўлган.
ДХХ Россия ва Туркиядан келтирилган қалбаки АҚШ долларларини аниқлади.
Жумладан, Сурхондарё вилоятида яшовчи шахс 50 АҚШ доллари купюраларидан иборат бўлган қалбаки 19250 АҚШ долларини ҳақиқий 10 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, у Россия Федерациясидан олиб келинган ушбу қалбаки купюраларни Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқародан келгусида ўтказиш мақсадида сотиб олганлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинди.
Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи, 2 нафар шахс қалбаки 500 минг АҚШ долларини харидор билан ҳақиқий 325 минг АҚШ долларига айирбошлашга келишиб, дастлаб унга намуна сифатида Қирғиз Республикасидан олиб келинган 100 АҚШ доллари купюраларидан иборат қалбаки 7600 АҚШ долларини ҳақиқий 5 минг АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинган.
Тошкент шаҳар, Чилонзор туманида жойлашган “Эркин” ЙПХ масканида “Ласетти” автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Бухоро шаҳрида яшовчи, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг ёнида 100 АҚШ доллари купюраларидан иборат қалбаки 8900 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Маълум бўлишича, мазкур фуқаро Туркияда тайёрланиб, Қирғиз Республикаси орқали Ўзбекистонга олиб келинган ушбу қалбаки хорижий валютларни келгусида сотиб, даромад топиш мақсадида Тошкент шаҳрига келаётган бўлган.