platina.uz

Ўзбекистон ва Россия ўзаро савдода доллардан воз кечмоқчи

Бундай молиявий амалиётларни икки давлат миллий валюталари - мос равишда рубл ва сўмда амалга ошириш режалаштирилмоқда. 

Иқтисод
27 май, 19:14
Ўзбекистон ва Россия ўзаро савдода доллардан воз кечмоқчи

Ўзбекистон ва Россия икки томонлама ҳисоб-китобларда доллардан воз кечиши мумкин. Бундай молиявий амалиётларни икки давлат миллий валюталари - мос равишда рубл ва сўмда амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи чоғида шундай таклиф ўрганилаётгани айтилди. Хусусан, Россия раҳбари ўзаро икки томонлама ҳисоб-китобларнинг миллий валюталарда амалга оширишга ўтишнинг муҳимлигини таъкидлаган.

Мазкур янгилик Ўзбекистон валюта бозорига оз бўлсада таъсир кўрсатди: доллар курси пасайиб, рубл курси ошди. Россиялик экспертларнинг ишонтиришича, бундай қадам икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлайди ва АҚШ долларига қарамликни пасайтиради.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Хитой ва Россия ўзаро тўловларда доллардан воз кечиш ҳақида қўшма баёнот берган эди. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москвада ўтган Россия субъектлари раҳбарлари кенгашининг 42-мажлисида сўзлаган нутқида Россия ва Хитой ўртасидаги ўзаро молиявий ҳисоб-китобларнинг 90 фоизи миллий валюталарга ўтказилганини маълум қилган.

Аввалроқ Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак, Россия ўз нефт ва газининг 80 фоизини тенг ҳажмда рубл ва юанда сотаётганини хабар қилган эди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ва Россиянинг икки томонлама ҳисоб-китобларда доллардан воз кечишга уриниши анча олдин – 2021 йилдаёқ бошланган. Ўшанда Россия Иқтисодий тараққиёт вазири Максим Решетников Россия ва Ўзбекистон давлатлараро ҳисоб-китобларда доллардан воз кечишнинг янги механизми ишга туширганини билдирган эди.

"Бундан ҳамкорлар фойда қилади – пулни долларга конвертация қилиш зарурияти йўқолади, барча ҳисоб китоблар рублда, комиссиясиз амалга оширилади. Россия президенти миллий валютамизни (рублни - таҳр.) давлатлараро ҳисоб-китобларда қўлланилишини кенгайтириш вазифасини қўйган. Бу Ҳамдўстлик мамлакатларида иқтисодий ҳамкорликни ва интеграцилон жараёнларни ривожлантиришнинг муҳим воситасидир”, деган эди Максим Решетников.

Қайд этиш жоиз, Ғарб киритаётган санкциялар туфайли Россия ўз иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда ташқи дунё билан иқтисодий алоқаларни ўрнатишнинг муқобил механизмларини изламоқда. Экспертларнинг айтишича, рубл қадрини кўтариш, уни давлатлараро ҳисоб-китоблардаги аҳамиятини оширишга қаратилган бу каби ташаббуслар ҳам айни шу мақсадга хизмат қилади

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+