Вазифасини бажармаётган автобус бекатлари
Қишнинг биринчи қори нафақат энергетикамиздаги камчиликларни, балки автобус бекатларидаги шароитлар ҳам етарли эмаслигини кўрсатди.
Тошкентда яшовчиларнинг аксарият қисми жамоат транспортларидан фойдаланади. Сўнгги йилларда автобус бекатлари “смарт” тизимга ўтказилиши бўйича лойиҳалар эълон қилинмоқда. Аммо замонавий “ақлли” лойиҳаларни бошламасдан аввал бекатлардаги қулайликларни тўғрилаш керакдир. Қишнинг биринчи қори нафақат энергетикамиздаги камчиликларни, балки автобус бекатларидаги шароитлар ҳам етарли эмаслигини кўрсатди.
1. Айрим автобус бекатларида қатновлар рўйхати, яъни қайси автбуслар тўхташи ҳақидаги қоғоз ёпиштирилмаган. Ҳатто бекат номи ҳам туширилмаган. Бекат номи ва қатнов рўйхатининг ўрнига қайсидир банк ёки ўтказма ва тўлов иловаларининг рекламаларини топасиз.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 482-сон қарорига кўра, ҳокимликлар ва йўл органлари қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ шаҳарларда ва аҳоли пунктларида сутканинг қоронғи вақтида автобус бекатлари ҳамда уларнинг атрофи ёритилишини ташкил этишни таъминлаши керак. Аммо марказдан узоқроқ бўлган бекатларда қарор ижросини кузатмаймиз.
3. Энг асосийси, совуқ кунларда жамоат транспортидан фойдаланадиганлар учун иссиқ жой тополмайсиз. Масалан, одамлар гавжум бўладиган Олой бозори, Бодомзор метро бекати, Юнусобод ҳокимияти бекати ва ҳатто автобуслар станцияси Тошкент МУМ каби автобус бекатларининг атрофи ўралмаган. Қайсидир бекатлар атрофи ўралган бўлса-да, бекатнинг катта қисмини хусусий савдо шохобчаси эгаллаган.
Президент ПҚ-111-сонли қарорида: “Бекатлар ҳудудида аҳолининг имконияти чекланган гуруҳларининг тўсиқсиз ҳаракатланиш муҳити, автомобил йўли қатнови қисми билан чегарасида “тактил” плиталар ўрнатиш йўли билан уларнинг хавфсизлиги таъминланади, замонавий дизайндаги ва қулай бўлган ўриндиқлар ўрнатилади, аҳолининг интернет тармоғидан (Wi-Fi) фойдаланиш, бекатларда электрон табло ўрнатиш орқали автобуслар қатнов жадвали ва келиш вақтини кузатиб бориш, мобил қурилмаларни қувватлаш учун манбалардан фойдаланиш имконияти яратилади”, деб белгиланган.
Қарор ижроси бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, имконияти чекланганларнинг автобусга чиқишлари учун бекатларда етарли шароит яратилмаган. Замонавий дизайндаги қулай ўриндиқлар, бекатларда эса ўриндиқлар асосан темирдан қишда музлаб қолади. Ўриндиқларни қулай дейиш эса бироз мушкул. Аксарият бекатларда ҳамон СССР давридаги бекатлардан фойдаланилади. Бошқа шароитлар аста-секинлик билан амалга оширилар. Аммо 20 даража совуқда аҳоли иссиқ жойда ўтиришга ҳақли. Кўрган бўлсангиз, ўлчами тахминан 5/3 келадиган бекатда ёғингарчилик пайтлари одамлар сиғмайди ҳам.
Фазилат Соиб