Салим Абдувалиев процессуал тартибда ушлангани расман маълум қилинди
Унинг уйидан ноқонуний ҳолда сақлаб келинган 10 дан ортиқ турдаги қуроллар топилган.
"Салимбой" номи билан танилган Салим Абдувалиев процессуал тартибда ушлангани расман маълум қилинди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ маълумот берди.
"Пойтахтимиз ҳудудида жиноятларни олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур тадбирлар жараёнида Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида ўтказилаётган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида жиноий фаолият олиб борган бир нечта шахслар гумонланиб ушланди. Шулар жумласидан,1950 й.т. Абдувалиев Салим Киргизбаевич (248-модда 1-қисми, ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш) гумон қилинувчи тарзида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган" дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Platina.uz манбалари хабарига кўра, С.Абдувалиевнинг уйидан ноқонуний ҳолда сақлаб келинган 10 дан ортиқ турдаги қуроллар топилган.
Салим Абдувалиев Ўзбекистоннинг бойларидан бири бўлиш билан бирга маълум вақт турли лавозимларда ҳам ишлаган. Масалан, Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти бўлган.