Мирзиёев ва Алиев Бокуда музокара ўтказди
Учрашувда Ўзбекистон президенти Озарбайжон раҳбарини мамлакатга таклиф этди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Боку шаҳрига амалий ташрифи доирасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди.
Озарбайжон етакчиси Ўзбекистон Президентига БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитини қўллаб-қувватлагани ва унда шахсан иштирок этаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Озарбайжон Президентини СПЕКАда муваффақиятли раислик қилаётгани билан табриклади.
Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, шу жумладан олий даражада эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди.
Йил бошидан буён товар айирбошлаш 34 фоизга ошди. Автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва ипакчилик тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Транспорт ва логистика соҳасида истиқболли лойиҳалар тайёрланмоқда.
Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Кимё, энергетика, заргарлик, машинасозлик, қурилиш ва бошқа йўналишларда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон раҳбари раҳбари Озарбайжон Президентини ўзи учун қулай вақтда расмий ташриф билан Ўзбекистонга боришга таклиф этди, дейилади расмий хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ташрифи 23-24 ноябр кунлари давом этмоқда.