Ирландияда номаълум шахс беш кишини пичоқлади: пойтахтда тартибсизликлар бошланди
Дублинда муҳожирларга қарши ўта ўнг кучларнинг ҳаракатлари кучайди.
Ирландия маркази Дублинда номаълум шахс пичоқ билан беш кишига ҳужум қилиб, уларни яралади. Жабрланганлар орасида уч нафар бола ҳам бор. Оқибатда Ирландия пойтахтида тартибсизлик ва намойишлар бошланиб кетди.
Бу ҳақда 23 ноябр куни Ирландия пойтахти полицияси хабар берди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига кўра, ҳужум Дублин марказидаги майдонда содир этилган. Ҳозирда 5 ёшли қиз, 30 ёшли аёл ва бир эркак шифохонада оғир аҳволда. Яна икки бола енгил тан жароҳати олган, улардан бири шифохонага ётқизилди.
Ҳужум қилган шахс аллақачон қўлга олинган. Полиция маълумотларига кўра, у 50 ёшли эркакдир. Ирландиянинг RTE телерадиокомпанияси хабарига кўра, воқеага гувоҳ бўлган ўткинчилар ҳужумчини ағдариб ташлаган ва унинг қўлидаги пичоқни тортиб олишган.
Полиция гумонланувчининг фуқаролигини ошкор қилмаяпти. “Ведомости” хабарига кўра, интернетда ҳужумчининг асли жазоирлик муҳожир экани ҳақида маълумот пайдо бўлди.
Ҳодисадан сўнг намойишчилар ҳужум содир бўлган майдон яқинида тўплана бошлаган. Irish Independent нашрининг ёзишича, улар бир неча полициячига пиротехника воситаларини отишган, шунингдек, автомобил ва автобусни ёқиб юборишган.
Намойишчилар муҳожирларга қарши шиорлар билан ҳайқирмоқда, полиция комиссари Дрю Харрис RTE нашрига намойишчилар “ўта ўнг мафкура томонидан бошқариладиган ақлдан озган безорилар гуруҳи” эканини айтди.