Солиқлардан қочмасликни айтадиган қўмита вакили интервюдан қочди
Сўнгги пайтларда якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ва уларга солинадиган солиқлар борасида тушунмовчиликлар, шикоятлар кўпайгани сабабли солиқ эксперти билан суҳбат режалаштирилганди.
XVIII асрда яшаган АҚШ сиёсатчиси ва иқтисодиётчиси Бенжамин Франклиннинг “Бу дунёда иккита нарсадан қочиб қутулиб бўлмайди: ўлимдан ва солиқлардан”, деган гапи бор. Ҳеч шубҳасиз, солиқлар ҳар қандай давлат иқтисодиёти, ижтимоий ҳимоя ва мудофаа тизими учун катта аҳамиятга эга.
Бу борада халқнинг, айниқса, тадбиркорларнинг хабардорлигини ошириш ҳам муҳим. Зеро, қонунлардан хабарсизлик жавобгарликдан озод қилмайди. Қолаверса, солиққа тортиш тартибини яхши билган, бу борада етарли билимга эга бўлган тадбиркор ҳуқуқий майдондан четга чиқмайди, ўзи учун қулай солиқ режимини танлаб, солиқларни ўз вақтида тўлаб боради. Пировардида мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшади.
Афсуски, ҳозирги пайтда тадбиркорлар, хусусан, якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ва уларга солинадиган солиқлар борасида тушунмовчиликлар ва шикоятлар кўп учрамоқда. Platina.uz ҳам тадбиркорларни солиқ борасидаги қонунчилик талаблари билан яхшироқ таништириш мақсадида махсус суҳбат уюштиришга қарор қилди. Бу борада мутасадди идораларнинг фикрини ўрганиш мақсадида Солиқ қўмитасидан эксперт чақиртирди. Барча ташкилий масалалар ҳал қилиниб, экспертлар билан суҳбат вақти ва жойи келишиб олинди. Бироқ охирги дақиқаларда Солиқ қўмитаси матбуот хизматининг фикри ўзгариб қолди. Келишиб олинган суҳбатни уюштириш учун экспертнинг вақти йўқлигини сабаб қилиб кўрсатди.
Шу ўринда савол туғилади: бу дунёда солиқлардан қочиб бўлмаслигига ишонамиз, лекин нега солиқ сиёсати учун мутасадди мансабдор шахслар ОАВ вакиллари билан учрашувдан қочишади? Ёки солиқ борасидаги қонунчилик талабларидан тадбиркорларни хабардор қилиш ушбу масъул шахсларнинг қандайдир манфаатларига зид келадими? Солиқ борасида шундай ҳам кўпайиб кетган саволлар қаторига бу саволлар қўшилгани ҳеч кимни хурсанд қилмаса керак.
Platina.uz Солиқ қўмитаси масъулларидан изоҳ кутиб қолади.