Санъаткорларга уй сотиб олишлари учун субсидия берилиши мумкин
Маданият ва санъат соҳаси ходимларига ипотека кредити асосида сотиб олаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида субсидия берилиши мумкин. Бу бўйича Маданият вазирлиги ишлаб чиққан ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Маданият вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида санъаткорларга субсидия асосида уй бериш таклифи илгари сурилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарори билан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ушбу ҳудудда узоқ йиллар ишлаган маданият ва санъат соҳаси вакилларига ҳамда ёш ижодкорларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида, бироқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги ПФ-33-сон Фармонига мувофиқ белгиланган уй-жой ҳисобланган қийматининг 50 фоизидан юқори бўлмаган миқдорда субсидия берилиши назарда тутилмоқда.
Белгиланишича:
- ҳар йили маҳаллий бюджетдан шаҳар ва қишлоқ жойларида қурилган кўп қаватли уйлардан бирламчи ва иккиламчи бозорда квартиралар сотиб олишда ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш мақсадида ажратиладиган субсидиялар тегишли молия йили учун тасдиқланган параметрлар доирасида амалга оширилади;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарори билан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ушбу ҳудудда узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган маданият ва санъат соҳаси вакилларига ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида, бироқ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун 192,5 млн. сўмдан ҳамда Тошкент шаҳри учун 245 млн. сўмдан юқори бўлмаган миқдорда бир марталик субсидия берилади;
- cубсидия тақдим этиш тўғрисидаги тавсиянома олган шахслар ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг уй-жой қийматининг камида 5 фоизига тенг бўлган қисмини ўз маблағлари ҳисобидан шакллантиради;
- субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига у билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадлари ҳам инобатга олинади;
- якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) учун ипотека кредитлари Тошкент шаҳридан ташқари барча ҳудудлар учун ажратилади.
- сотиб олинадиган квартиранинг нархи хабарномада кўрсатилган уй-жойнинг юқори қийматидан ошиб кетган тақдирда, қолган қисми қарз олувчи томонидан шакллантириладиган бошланғич бадал суммасини ошириш орқали қопланади.
Ушбу қарор лойиҳасининг муҳокамаси 22 ноябрга қадар давом этади.