Непалдаги аянчли зилзилада 120 дан ошиқ киши қурбон бўлди
АҚШ Геология хизмати зилзила кучини 5,6 балл баҳолади.
Непал ғарбида 4 ноябр, шанбага ўтар кечаси содир бўлган кучли зилзила оқибатида 128 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар жароҳатланди, деб хабар берди dpa агентлиги маҳаллий ҳокимият органларига асосланиб.
Непалнинг Миллий зилзила мониторинги ва тадқиқот маркази 6,4 магнитудали зилзила қайд этди. Унга кўра, зилзила эпицентри Непал пойтахти Катмандудан 400 км узоқликда жойлашган Жаяркот вилоятида бўлган.
АҚШ Геология хизмати зилзила кучини 5,6 балл, Ҳиндистон сейсмологик маркази 6,4 балл, Потсдамдаги Германия Геофизика тадқиқот маркази 6,2 балл деб баҳолади.
Одамлар вайроналар остида қолиб кетганлиги сабабли қурбонлар сони ортиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, октябр ойи бошида Афғонистонда кузатилган кучли зилзилада икки минг кишидан ошиқ киши қурбон бўлганди.