platina.uz

Мирзиёев: 2,4 миллионта хонадоннинг эгалик ҳужжати йўқ

Ўтган уч йилда 96 фоиз ерларнинг электрон харитаси яратилди.

Жамият
27 октябрь 2023 йил
Мирзиёев: 2,4 миллионта хонадоннинг эгалик ҳужжати йўқ

Шавкат Мирзиёев 27 октябр куни геология ишларини кенгайтириш, фойдали қазилмаларнинг истиқболли конларини аниқлаш ва ўзлаштириш режаларига бағишланган тақдимот билан танишди, шунингдек, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер ҳисобини юритиш ҳамда кадастр хизматларини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Унда 2,4 млн. ҳужжатсиз уй-жойларга эгалик ҳуқуқини бериш бўйича қонун лойиҳасини якунига етказиш вазифаси қўйилди.

Мамлакатимизда саноатни ривожлантириш бўйича қўйилган катта марраларга эришишда иқтисодиётни минерал ресурслар билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Кейинги йилларда юртимизда геология соҳасини трансформация қилиш доирасида унинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, илмий изланишлар ва кадрлар тайёрлаш кучайтирилди.

Тақдимотда соҳада қилинган ишлар, фойдали қазилмаларни аниқлаш ва ўзлаштиришга хорижий ҳамкор ва инвесторларни жалб қилиш режалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда геология-қидирув ишлари олдинги даврга нисбатан 3 баробар ошди. 3D сейсморазведка, аэрогеофизика, космогеология, рақамли геология каби илғор усулларни жорий этиш бошланди. Геология фанлари университети ташкил этилиб, ҳозирги кунда 1,5 минг нафар ёшлар билим ва кўникмаларни эгалламоқда.

Шунингдек, геология ишлари соҳасидаги лойиҳаларга хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қонунчилик базаси такомиллаштирилди ва бошқа зарур шароитлар яратилди.

Бунинг ҳисобига конларни излаш ва ўзлаштириш билан шуғулланаётган тадбиркорлар сони 4 баробарга ошди. Жорий йилнинг ўзида геология ишларига 180 миллион доллар хорижий инвестициялар киритилди, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати эса 2 миллиард доллардан ошди.

Сўнгги йилларда кадастр соҳасида ишлар амалга оширилди. Жумладан, топографик ўлчовлар учун Кадастр агентлиги махсус самолёт ва аэрофотокамера, 112 та дрон билан таъминланди. Соҳани рақамлаштириш учун 6 та ахборот тизими ва маълумотлар маркази ишга туширилди.

Буларнинг ҳисобига, ўтган уч йилда 96 фоиз ерларнинг электрон харитаси яратилди. 40 миллион гектар ер рўйхатга олиниб, солиқ билан боғланди. Аввал ҳисобланмаган 790 мингта янги ва 520 мингта қўшимча қурилма тизимга кирди. Булар орқали бюджетга 1,1 триллион сўмлик қўшимча манба яратилди.

Шунингдек, захирадаги 1,2 миллион гектар қишлоқ ерларига кадастр қилингани ҳисобига 675 минг аҳоли ва фермерларга 425 минг гектар ер бўлиб берилди.

Шу билан бирга, соҳада ҳали қилинадиган ишлар ҳам кўп. Хусусан, 146 минг километр ички йўллар ва атрофидаги ерларнинг ҳужжати йўқ.

Сув хўжалигида ҳам шу аҳвол. Сув ҳавзалари, канал ва коллекторлар атрофидаги бўш ерларни аукцион орқали аҳоли ва тадбиркорларга бериш мумкин. Лекин бугунги кунда 827 минг гектар сув фонди ерларидан фақат 380 минг гектарининг кадастр ҳужжатлари бор.

Шу боис йўл ва сув фонди ерлари кадастрини якунлаб, улардан фойдаланишга шароит яратиш бўйича кўрсатма берилди. Бу орқали 1 миллион аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги таъкидланди.

Ҳисоб-китобларга кўра, республикада 2,4 миллионта хонадоннинг эгалик ҳужжати йўқ. Уларнинг қадастр ҳужжати қилинса, одамларга ҳуқуқий, иқтисодий замин бўлади. Шу боис ҳужжатсиз уй-жойларга эгалик ҳуқуқини бериш бўйича қонун лойиҳасини якунига етказиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, аҳоли узоқ йиллардан буён уй-жой сифатида фойдаланиб келаётган, лекин ҳужжатда қишлоқ хўжалиги ерлари бўлиб қолаётган 817 минг гектар ерни хатловдан ўтказиб, ер тоифасини ўзгартириш таклифи билдирилди.

Кадастр тизимида иш ҳажми кўплиги ҳам долзарб масала. Бу йил 1,5 миллионта кадастр хизмати кўрсатилган бўлса, шундан 600 мингтаси кадастр йиғма жилди билан боғлиқ. Тизимдаги 25 фоиз ходим шу билан банд. Уларга иш юкламаси икки баробар кўп.

Бу борада Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тажриба тариқасида хусусий кадастр муҳандиси институти жорий этилди ҳамда 165 та хусусий кадастр муҳандиси фаолияти йўлга қўйилди.

Энди бу фаолиятга хусусий секторни жалб қилиш назарда тутилмоқда. Одамлар истаса хусусий секторга, истаса давлат идорасига мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бунинг учун кўчмас мулклар янги “УЗКАД” ахборот тизимига ўтказилади, 2024 йил 1 июлдан республиканинг барча ҳудудларида хусусий кадастр муҳандислари фаолияти йўлга қўйилади, дейилади матбуот хизмати хабарида.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+