Қирғизистон визасиз режимга чекловлар киритмоқда
Ушбу чекловлар Ўзбекистон фуқароларига ҳам таъсир қилади.
Қирғизистон ҳукумати хорижликлар учун визасиз режимга чекловлар киритди. Ушбу чекловлар Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли бўлади.
Бу миграция оқимини янада самарали бошқаришни таъминлаш ва мамлакатнинг умумий хавфсизлигини яхшилаш учун зарур, деб хабар беради ОАВ республика ТИВга асосланиб.
Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хорижий фуқароларнинг республика ҳудудида бўлиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади, бу эса visa-run тартибини бекор қилишни назарда тутади.
ТИВнинг таъкидлашича, хорижлик фуқароларнинг мамлакат ҳудудида бўлиш муддатини узайтириш мақсадида тез-тез мамлакат ташқарисига чиқиш ва қайтиб келиш амалиёти эндиликда 60/120 тамойили асосида визасиз режим жорий этилиши билан чекланади.
Яъни 60 кунгача бўлган муддатга визасиз режимдан фойдаланилганда, тегишли тоифадаги хорижликлар учун мамлакатга қайта кириш энди олдинги чиқиб кетган кундан бошлаб 60 кундан кейин мумкин бўлади. Айнан Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонда 60 кунгача визасиз юра олишлари мумкин.
Қирғизистонга 90 кунгача визасиз ташриф буюриши мумкин бўлган фуқаролар учун муддатлар 90/180 тамойили бўйича ҳисобланади, дея аниқлик киритди вазирлик.
Шунингдек, улар чет элликларга қолишларини олдиндан режалаштиришни ва агар керак бўлса, "рухсат берувчи ҳужжатларни" олишни тавсия қилдилар.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрдан Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига чегарани ID-карта ёрдамида кесиб ўтишига рухсат берилганди.