Тожикистонда "заҳарли чанг бўрони": минтақада вазият оғир
Бу заҳарли бўронлар деҳқончилик ва тупроқ унумдорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Тожикистон пойтахти Душанбеда заҳарли қум бўрони юз берди. Мутахассисларнинг фикрича, иқлим ўзгариши сабаб бўлаётган бундай бўронлар Марказий Осиё бўйлаб тез-тез учраб, унинг аҳолисига зарар етказмоқда.
Тожикистон 2022 йилги iQAir ҳаво сифати индексида дунёнинг энг ифлосланган 10 та давлатидан бирига кирди.
"Мен ўзимдаги йўтални тўхтата олмайман. Мени бўғаётган бу чангдан тўйганман”, деди маҳаллий ўқитувчи Мунира Хушқадамова Душанбедаги София клиникасига келган чоғида.
Сўнгги икки йил давомида 43 ёшли аёл нафас етишмовчилигидан азият чекмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, Тожикистон аҳолисининг 80 фоизи PM2.5 деб номланувчи майда зарраларнинг энг юқори концентрациясига дучор бўлади.
Бундай вазиятда одамлар кўп сув ичишлари ва ҳимоя қилиш учун ниқоб кийишлари керак. Aммо Душанбе кўчаларида ниқоб тақиб юрганлар сони жуда кам.
Нигора Юсупова “нафас олишда қийинчилик ва бош оғриғи”га қарамай, ниқоб тақмаслигини айтди, чунки у “нафас олишни қийинлаштиради”. Илгари бундай бўронлар камдан-кам бўлган, аммо ҳозир улар баҳорда бошланиб, Марказий Осиёнинг катта қисмида кузгача давом этмоқда.
“1990 йилларда Тожикистонда йилига икки-уч марта қум ва чанг бўронлари бўларди. Энди 35 тагача бўлиши мумкин”, - дейди Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Тожикистон бўлими раҳбари Зебунисо Мўминзода.
"Иқлим ўзгариши сабабли, қуруқ фаслларнинг узоқ давом этиши ерни қуритиб, қум ва чанг бўронларига олиб келади", деди у.
Бўронлар кўпинча Ўзбекистондаги Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудларида, шунингдек Қозоғистон даштларида ва қўшни Aфғонистонда ҳам бошланади.
Мўминзода “инсон омили”га ишора қилиб, ўрмон хўжалиги, исрофгарчиликка асосланган суғориш ва чорвачилик “тупроқнинг деградациясига” ҳисса қўшаётганини айтди.
Бу заҳарли бўронлар деҳқончилик ва тупроқ унумдорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади,боз устига Тожикистон каби камбағал, қишлоқ мамлакати учун улкан муаммодир.
Қум ва чанг минтақадаги кўплаб музликларга ҳам тушади - минтақадаги муҳим сув манбаини ифлослаб, эришини тезлатади, деди Мўминзода.
Марказий Осиё давлатлари ўртасида тез-тез зиддиятлар мавжуд бўлса-да, улар сув ресурсларини бошқариш ва ядровий чиқиндиларни утилизация қилиш каби экологик муаммоларни ҳал қилиш учун умумий ҳаракатларни амалга оширишга уринмоқда.
Aммо минтақадаги барча бешта давлатда фаолият юритувчи Минтақавий экологик марказ маълумотларига кўра, Тожикистондаги бўрон ҳали ҳам " кичик табиий офат" сифатида баҳоланмоқда.