Ботаника боғига таҳдид, дарсда вафот этган ўқувчи, нархи оширилаётган темир йўл чипталари — ҳафтанинг муҳим хабарлари
Platina.uz сайти якунига етаётган ушбу ҳафтадаги энг муҳим хабарларни саралаб чиқди.
Нобел мукофоти соҳиблари аниқланди
Ушбу ҳафтада нуфузли Нобел мукофоти соҳиблари аниқланди. Хусусан, физиология ва тиббиёт бўйича Пенсилвания университети (АҚШ)дан Дрю Вайсман ва Каталин Карикога берилди, уларнинг ишлари коронавирусга қарши мРНК ваксиналарини яратишга асос бўлганди.
Физика бўйича Нобел мукофоти электронлар ва ёруғлик табиатини ўрганиш бўйича тадқиқотлар ўтказган Пер Агостини, Ференс Крауз и Анн Л’Юилега берилди.
Квант нуқталари бўйича тадқиқотлари учун Алексей Екимов, Луис Брюс ва Мунги Бавенди кимё бўйича 2023 йилги Нобел мукофоти совриндори бўлишди.
Адабиёт бўйича норвегиялик Йон Фоссе олган бўлса, тинчлик бўйича Нобел мукофоти эронлик Наргис Муҳаммадийга муносиб кўрилди.
Байрам куни пахта даласига чиққан фарғоналик амалдор ЙТҲга учради
Фарғона вилояти Учкўприк тумани бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари 1 октябр куни ЙТҲга учради. У Фарғона вилоятидан Учкўприкка пахтага бириктирилган прокурорнинг топшириғи билан туманнинг Меҳнатобод ҳудудига пахтага чиққан одамлар ҳақида маълумот йиққани борган ва қайтаётганда бахтсиз ҳодисага учраган. У Қўқон шаҳридаги шифохонада ётибди.
Темир йўл чипталари нархлари кескин оширилади
2023 йилнинг 20 октябрдан маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездлари чипта нархларининг тариф қисми 50% га, юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари чипталари тўлиқ нархининг 100%га оширилади.
Камар тақмаганлар ҳам энди камерага тушади
Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги департаменти йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълум қилишича, эндиликда кузатув камералари ҳаракат вақтида хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчиларни ҳам қайд этади. Қоидаларга кўра, машина бошқараётган ҳайдовчи ва унинг олд ўриндиғидаги йўловчилар ҳаракатни бошлашдан олдин хавфсизлик камарларини тақиб олишлари шарт. Камар тақмаганларга жарима миқдори БҲМнинг 50 фоизи, яъни 165 минг сўмни ташкил этади. Олд ўриндиқдаги йўловчилар ҳам камар тақиши белгиланган, аммо уларга қайси асос билан жарима қўллаш ҳалигача тўлиқ ҳал этилмаган.
Бойлар энди ток учун 4 бараваргача кўп пул тўлайди
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 июлдаги 245- сонли қарорига кўра, 1 ноябрдан бошлаб айрим тоифалар учун электр нархи кескин ошади. Жумладан:
- электр энергиясининг қуввати ўртача ойлик истеъмол миқдоридан ошиб кетган ИИИ гуруҳ истеъмолчиларига:
- 1001 дан 5 000 кВт соатгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 2 баробар;
- 5001 дан 10 000 кВт соатгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 3 баробар;
- 10 000 кВт соатдан юқори истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 4 баробар ўсувчи коеффисиент қўлланилади.
Ўзбекистонликлар Қатарга визасиз боришлари мумкин
Эндиликда Ўзбекистон фуқаролари 30 кунгача Қатарга визасиз боришлари мумкин.
Бунинг учун Ўзбекистон фуқароларидан қуйидагилар талаб этилади:
- қайтиш чиптасига эга бўлиши;
- хорижга чиқиш паспортининг амал қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги.
Тошкентда мактаб ўқувчиси дарс вақтида вафот этди
Тошкентнинг Юнусобод туманида мактаб ўқувчиси дарс вақтида вафот этди. Юнусобод туманидаги 259-мактабда 2023 йил 6 октябр куни тахминан соат 11.10 ларда дарс жадвали асосида жисмоний тарбия дарси ўтаётган вақтида шу синф ўқувчиси, 2011 йил 23 мартда туғилган М.С. нинг кўкрак қафасига копток тегиши натижасида ҳушини йўқотган. Ўқувчи тумандаги 7-сонли клиник шифохонага олиб борилган. Шифокорлар томонидан тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай ўқувчи М.С. вафот этган.
Ботаника боғи можароси
Давактив агентлиги Ўзбекистон фанлар академияси ҳузуридаги Тошкент ботаника боғини ҳокимият тасарруфига ўтказишни таклиф қилиб чиқди.
Бу таклиф тармоқ фаоллари, Экопартия ва масъул ташкилотлар қаршилигига учради. "Қарор лойиҳаси келишув учун порталга жойлаштирилганда Фанлар академияси уни ниҳоятда салбий руҳда қабул қилди. Ўрнатилган тартибга биноан қарор лойиҳаси идоралараро келишув тарзида амалга оширилади.
Тошкент ҳокимлиги тезда шов-шувга айланган Ботаника боғи сотилиши билан боғлиқ можарога муносабат билдириб, боғ ҳокимият тасарруфига ўтказилмаслиги ва сотилмаслигини маълум қилди.
"Вазиятни ўрганган ва Ботаника боғи мутахассислари билан суҳбатлашган ҳолда, шуни маълум қиламизки, Ботаника боғи Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилмаган ва ҳокимлик мазкур қарор ташаббускори эмас. Ҳокимлик ушбу илмий даргоҳнинг мамлакат экотизимини асраш, ўсимликлар генофондини сақлаш ва кўпайтиришдаги аҳамиятини эътироф этади ва уни истироҳат боғига айлантиришга йўл қўймайди", дейилади баёнотда.
Якунда боғни ҳокимиятга ўтказиш ҳақидаги қарор лойиҳаси бекор қилинди.