Солиқ қўмитаси Yandex.Go компаниясини блоклаш ҳақида огоҳлантирди
Хизмат Ўзбекистонда расмий солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтмагани маълум қилинган.
Солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда Yandex.Go хизмати ҳақида эълон қилинган хабарлар юзасидан муносабат билдирди ва хизмат блокланиши мумкинлигини очиқлади.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Ridetech International B.V. компаниясига икки ой муддатда ўз фаолиятини қонун ҳужжатлари асосида ташкил этиш бўйича қуйидаги талаблар қўйилган:
1. Фаолиятни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш ва белгиланган солиқларни тўлаш;
2. Солиқ органлари ахборот тизими билан интеграциялашувни таъминлаш ва мижозларга автоматик шакллантириладиган фискал чек тақдим этиш.
2023 йил 1 декабрга қадар юқоридаги талаблар бажарилмаган тақдирда, Солиқ қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлигига «Yandex.Go» компаниясининг Ўзбекистон ҳудудида агрегатор сифатида фойдаланиб келинаётган электрон Платформадан фойдаланишни блоклаш бўйича расмий мурожаат қилишини маълум қилади.
Таъкидлаш жоизки, Yandex.Go такси хизмати ҳақида дастлаб ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ёзиб чиққанди. Унга кўра, хизмат Ўзбекистонда расмий солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтмагани маълум қилинган. Компания пуллари тўғридан-тўғри хориждаги ҳисоб рақамларга бориб тушмоқда.
Компаниянинг солиқ тўламасдан Ўзбекистондан маблағ олиб чиқиб кетаётганини иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам танқид қилган.