"Дастурни ишлаб чиқиш ўз йўлига, уни ижро қилиш ўз йўлига"
Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Лазиз Хўжақулов Platina.uz сайтига берган интервюсида муҳим саволга ҳам жавоб бериб ўтди.
Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Лазиз Хўжақулов Platina.uz сайтига берган интервюсида ушбу саволга ҳам жавоб бериб ўтди.
— Кадрлар тайёрлаш миллий дастури 25 йил аввал қабул қилинган. Шу муддат Ўзбекистон учун камлик қилади, деб ўйлайсизми?
— Тўғри, лекин Миллий дастурни ишлаб чиқиш ўз йўлига, уни ижро қилиш ўз йўлига. Иккинчидан, у эскириб ҳам қолди. Битта статистика маълумотини айтай: дунёдаги жами билимлар бўйича охирги 70 йиллик тенденцияни олсак, ҳар 50 йилда билимлар 2 баравар кўпаймоқда. Энди ўша дастурга қайтсак, педагог кадрларнинг малакасини ошириш, деган жойи бор эди. Масалан, бир мутахассис педагогика йўналишида олий таълим муассасида ўқишни тугатиб келди, дейлик. Ундан кейин ҳар 5 йилда малакасини ошириши керак бўлади. 2 йил олдинги ҳолатгача шундай эди.
Энди ўйлаб кўринг, ҳозирги кунда ҳар йилда педагогикада ва унга таъсир қилувчи соҳалар, масалан, технологияларда қанчадан-қанча ўзгаришлар бўляпти. Ҳар 5 йилда малакасини оширган педагог замон билан ҳамнафас бўла оладими? Албатта бу борада қандайдир стратегия бўлиши керак, лекин ҳар бир тегишли ҳужжатни догматик бўлмаган, яъни қотиб қолмаган ҳужжат қилиш керак. Бу ерда ҳар бир давлат идорасининг қанчалик автоном, мослашувчан эканлиги ҳам муҳим. Оддий мисол, сунъий интеллектни олсак. Аввал ўқувчига инглиз тилидан бирор ёзишни топширсангиз, биринчидан, у қийналиб ўзбек тилида маълумот топар эди. Иккинчидан, маълумотларни иншо шаклига туширар эди. Учинчидан, уни инглиз тилига таржима қилар эди. Бунинг учун ўртача 3-4 кун вақт кетар эди.
Ҳозир эса сунъий интеллект, масалан, ChatGPT бу ишни 2 дақиқада амалга оширади. Демак, энди ўқувчиларга иншо ёзишни ўргатишимиз керакми, деган савол туғилади. Агар биз ҳар 5 йилда ўқувчининг малакасини оширсак, яна 5 йил иншо ёздириб юрардик. Балки энди болаларга бошқа нарсаларни ўргатишимиз керакдир? Балки иншо ёзиш керак эмасдир? Масалан, тарих фанини олсак, турли саналарни ёдлатишга урғу беришади айрим ўқитувчилар. Лекин биз талабаларга бу саналарни эмас, шу санага боғлиқ воқеаларни бошқа тарихий воқеалар билан боғлаб таҳлил қилишни, уларнинг моҳиятини тушунишга ўргатишимиз лозим, деб ўйлайман. Саналарни бола Google’дан дарров топиб олади.
Яъни болаларни умумий бир қабул қилинган ҳақиқатга мослаштириш эмас, уларни тафаккур қилишга, танқидий фикрлашга ўргатишимиз ўргатишимиз лозим. Гўёки болага тайёр овқатни бериб, уни чайнашга ўргатяпмиз, холос. Бола эртага тайёр овқатга ўрганиб қолади. Аслида биз ўқувчига масаллиқни бериб, шу масаллиқдан овқат пиширишни ўргатишимиз керак. Ўшанда ўқувчининг ёнида бўлмасак ҳам, ўзи фикрлаб, хулоса ясай олади.
Суҳбатнинг тўлиқ талқинини қуйидаги ҳавола орқали кўришингиз мумкин.