platina.uz

Эскирган миллий дастур, битирувчилар савияси, минг доллар ойлик...

Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Лазиз Хўжақулов билан соҳадаги камчилик ва ютуқлар ҳақида суҳбатлашдик.

Жамият
29 сентябрь 2023 йил

Бу йилги янги ўқув йили яна ҳам жиддий мажбурият ва вазифалар билан қарши олинди. Дарсликлар, ўқув дастурларидаги амалий ўзгаришлар, педагог кадрлардан тортиб таълим сифатини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар, қўйингки, тизимдаги янги бошқарув билан янги ўқув йилининг мана бир ойини ҳам ортда қолдирдик. Албатта муаммоли масалалар бўлгани ҳам сир эмас. Биз бугун Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Лазиз Хўжақулов билан янги ўқув йилида тизим масъулларига юклатилган мажбурият ва ундан кутилаётган натижалар ҳақида гаплашамиз.

— Биринчи савол шуки, охирги синов имтиҳонларида мактаб битирувчиларининг билимлари талаб даражасида эмаслиги ошкор бўлиб қолди. Чунки аксарият абитуриентлар энг кам, яъни 56,7 баллдан ҳам паст балл олишди. Нега таълим соҳасидаги шунча йиллик ислоҳотлар бефойда кетяпти, кўнгилни хира қиладиган натижалар олиняпти?

— Таълим соҳасида қанча кўп иш қилинмасин, натижа дарров кўзга ташланмайди. Чунки бу завод ёки фабрика эмас. Мактаб таълимида бир цикл 11 йилни ташкил этади. Иккинчи масала – таълим сифатига баҳо бериш. Буни абитуриентларнинг ўқишга кириш кўрсаткичи билан баҳоламаслик керак. Абитуриент билан мактаб ўқувчисининг ўртасида фарқ бор.

Жорий йилда статистика маълумотларга кўра, 888 минг 511 нафар абитуриент қабул имтиҳонларда қатнашди. Уларнинг 303 минг 560 нафари, яъни 31 фоизи, бу йил мактабни битирган ўқувчилар эди. Охирги пайтларда нодавлат олий ўқув юртлари кўпайиб кетгани сабабли, унчалик кўп балл олмаса ҳам талаба бўлаётганлар бор. Демак, мактабларда таълим бериш сифатини олий ўқув даргоҳига ўқишга кира олган абитуриентлар сони билан ўлчаш қанчалик тўғри, деган саволни қўйиш керак.

Шу ўринда яна бир масала: Финляндия тажрибаси тўғрисида гапиришади. Финдяндияда битта гап бор: “биз болаларни имтиҳонга эмас, биз болаларни ҳаётга тайёрлаймиз”, дейишади. Сиз кўп болалар қониқарсиз баҳо олди, деяпсиз. Лекин шу йили мактабни тугатган 303 минг 560 боланинг 25 фоизи, яъни 95 минг нафари ўқишга қабул қилинди. ОЎЮга кираётган мактаб битирувчиларининг улушлари умумий абитуриентлар сонида йилдан йилга ошиб боряпти. Айтайлик, 2021 йилда шу йили ўқишни тугатган болаларнинг 81 минг нафари ўқишга кирган бўлса, 2022 йилда 85 минг нафари ОЎЮга ўқишга кирди. Бу йили 95 минг нафари ўқишга кирди. Демак, ўсиш динамикаси мавжуд. Бу нимадан далолат беряпти? Битта нарсани айтмоқчиман. Мана, ҳаммамизнинг фарзандимиз бор. Унинг қайсидир ОЎЮга ўқишга кириши бу бир босқич, поғона. Бу ҳали муваффақият, таълим сифати зўр, дегани эмас. Қанчалаб одам қўлида олий маълумот ҳақидаги дипломи билан ишсиз юрибди. Ёки тескариси – дипломи йўқ, лекин муваффақиятли тадбиркор ёки ҳунарманд. Мактабнинг асосий вазифаларидан бири – бу ўқувчиларни ҳаётга тайёрлаш. Агар битирувчи ҳаётда ўз ўрнини топиб кетса, мана шу таълим сифати яхши эканидан далолат беради. Макродаражада бу мамлакат иқтисодий тараққиётида кўрилади. Масалан, инсон капитали деган тушунча бор. Инсон капитали бошқа капиталларни бирлаштириб, инсон ақли ёрдамида кашфиётлар, ихтиролар яратишга айтилади. Охирги 40 йилни оладиган бўлсак, Осиё йўлбарслари деб аталувчи мамлакатлар – Малайзия, Сингапур, Жанубий Корея ва Таиланд каби мамлакатларни оладиган бўлсак, бу ерда биринчи навбатда университетга кириш эмас, балки энг аввало болалар учун керакли билимни бериш, малакаларини шакллантириш орқали инсон капитали ўсган. Чунки у ерда кўп ресурс бўлмаган. Аслида таълим сифати жуда кенг ўлчамли комплекс масала.

- Таълим сифатини абитуриентларнинг ўқишга кириши билан ўлчамасак, мактабдаги баҳолар аниқламаса, унда қайси ўлчов сифатида олишимиз керак?

– Ўзбекистонда яқиндан бошлаб, охирги 2 йилни оладиган бўлсак, ўқувчиларнинг академик билимларини баҳолашнинг халқаро тан олинган дастурлари бор. Биттаси - PIRLS дастури бўлса, у айнан ўқиш саводхонлигини кўпроқ баҳолайди, иккинчиси PISA дастури. Ўзбекистон бу йил PISA дастурида қатнашди. Ўтган йили PIRLS дастурида қатнашган эди. Бу жаҳон миқёсида ўтказиладиган нарса.

Маълумот учун:

PIRLS – Progress in International Reading Literacy Study - ўқиш сифати ва матнни тушуниш бўйича халқаро тадқиқотлар дунёнинг турли мамлакатларидаги бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш ва тушуниш даражаси ва сифатини таққослайди, шунингдек, миллий таълим тизимларидаги фарқларни аниқлайди.

Тадқиқот даврий равишда - ҳар беш йилда бир марта амалга оширилади ва ҳозирги кунга қадар тўрт марта - 2001, 2006, 2011 ва 2016 йилларда ўтказилди.

PISA - Programme for International Student Assessment, PISA - ўқувчиларни баҳолаш халқаро дастури - бу дунёнинг турли мамлакатларидаги мактаб ўқувчиларининг функционал саводхонлиги ва билимларини амалиётда қўллаш қобилиятини баҳоловчи тест. Ҳар уч йилда бир марта ўтказилади. Синовда 15 ёшли ўсмирлар иштирок этади. У 1997 йилда ишлаб чиқилган ва биринчи марта 2000 йилда ўтказилган.

Бу дастурлар жаҳон миёқсида тан олинган. Масалан, PISA энг кўп тарқалган дастур. Бу дастур Жаҳон банки ҳам тан оладиган, ўқувчиларнинг билимини баҳолаш тадқиқотлари ҳисобланади. Унда ҳамма ўқувчиларимиз қатнашмайди. Унинг ўз академик ўлчамлари бор. Sampling, яъни танлама тарзида амалга оширилади. Баҳолашда ҳаммани баҳоланмайди, бу илмий парадигмага ҳам тўғри келмайди. Бу йил, масалан, биздан болаларнинг 4 фоизи қатнашди, адашмасам. Бунда 15 ёшли болалар қатнашади. Нега 15 ёшлилар, чунки кўпчилик мамлакатларда 15 ёшдан кейин болалар мустақил ҳаётга, масалан, кимдир коллежларга чиқиб кетади. “Давлат тест маркази” томонидан олинадиган тестлар билимни баҳоловчи объектив мезон эмас. Бу университетларга академик баҳолаш орқали танлаб олиш учун керак, холос. Буни мезон қилиб олсак, ҳозир суперконтракт билан қанчалаб битирувчи ўқишга кирди. Ёки нодавлат таълим даргоҳларини олинг, уларга қабул қилиш жараёнини биз кузата олмаймиз.

Агар тест маркази натижаларини оладиган бўлсак, аслида охирги 3 йилда мактаб таълимида ижобий ўсиш бўлди, деган хулосага келамиз. Ҳар йили ўртача балларни олсак, яъни шу йили тугатган ўқувчиларнинг ўртача балли билан умумий абитериентларнинг ўртача баллини таққосласак, шу йил тугатганларнинг ўртача балли умумийдан кўра анча баланд бўляпти. Ҳар йили шу ўртача балл ўсиб боряпти. Лекин бу нарса таълим сифатини ўлчаш билан боғлиқлиги савол туғдиради. Масалан, нега PISA тадқиқоти ҳар 3 йилда ўтказилади? Чунки таълим тизимида қандайдир бир ўзгариш қилинса, унга вақт бериш бериш керак. Масалан ҳозир 1-4 синф болаларига янги авлод дарсликлари берилди. Лекин келгуси йилдан бошлаб болаларимиз ақлли бўлиб қолмайди-ку! Бизда таълим сифати юқори, деб айтолмайман, афсуски. Лекин шу билан бир қаторда, олий таълимга қабул натижалари орқали таълим сифатини баҳолашни ҳам тўғри, деб айтолмайман.

— Ҳозир вақт керак, дедингиз. Лекин кадрлар тайёрлаш миллий дастури 25 йил аввал қабул қилинган, айтайлик. Шу муддат Ўзбекистон учун камлик қилади, деб ўйлайсизми?

— Тўғри, лекин Миллий дастурни ишлаб чиқиш ўз йўлига, уни ижро қилиш ўз йўлига. Иккинчидан, у эскириб ҳам қолди. Битта статистика маълумотини айтай: дунёдаги жами билимлар бўйича охирги 70 йиллик тенденцияни олсак, ҳар 50 йилда билимлар 2 баравар кўпаймоқда. Энди ўша дастурга қайтсак, педагог кадрларнинг малакасини ошириш, деган жойи бор эди. Масалан, бир мутахассис педагогика йўналишида олий таълим муассасида ўқишни тугатиб келди, дейлик. Ундан кейин ҳар 5 йилда малакасини ошириши керак бўлади. 2 йил олдинги ҳолатгача шундай эди. Энди ўйлаб кўринг, ҳозирги кунда ҳар йилда педагогикада ва унга таъсир қилувчи соҳалар, масалан, технологияларда қанчадан-қанча ўзгаришлар бўляпти. Ҳар 5 йилда малакасини оширган педагог замон билан ҳамнафас бўла оладими? Албатта бу борада қандайдир стратегия бўлиши керак, лекин ҳар бир тегишли ҳужжатни догматик бўлмаган, яъни қотиб қолмаган ҳужжат қилиш керак. Бу ерда ҳар бир давлат идорасининг қанчалик автоном, мослашувчан эканлиги ҳам муҳим. Оддий мисол, сунъий интеллектни олсак. Аввал ўқувчига инглиз тилидан бирор ёзишни топширсангиз, биринчидан у қийналиб ўзбек тилида маълумот топар эди. Иккинчидан маълумотларни иншо шаклига туширар эди. Учинчидан уни инглиз тилига таржима қилар эди. Бунинг учун ўртача 3-4 кун вақт кетар эди. Ҳозир эса сунъий интеллект, масалан, ChatGPT бу ишни 2 дақиқада амалга оширади. Демак, энди ўқувчиларга иншо ёзишни ўргатишимиз керакми, деган савол туғилади. Агар биз ҳар 5 йилда ўқувчининг малакасини оширсак, яна 5 йил иншо ёздириб юрардик. Балки энди болаларга бошқа нарсаларни ўргатишимиз керакдир? Балки иншо ёзиш керак эмасдир? Масалан, тарих фанини олсак, турли саналарни ёдлатишга урғу беришади айрим ўқитувчилар. Лекин биз талабаларга бу саналарни эмас, шу санага боғлиқ воқеаларни бошқа тарихий воқеалар билан боғлаб таҳлил қилишни, уларнинг моҳиятини тушунишга ўргатишимиз лозим, деб ўйлайман. Саналарни бола Googleдан дарров топиб олади. Яъни болаларни умумий бир қабул қилинган ҳақиқатга мослаштириш эмас, уларни тафаккур қилишга, танқидий фикрлашга ўргатишимиз ўргатишимиз лозим. Гўёки болага тайёр овқатни бериб, уни чайнашга ўргатяпмиз, холос. Бола эртага тайёр овқатга ўрганиб қолади. Аслида биз ўқувчига масаллиқни бериб, шу масаллиқдан овқат пиширишни ўргатишимиз керак. Ўшанда ўқувчининг ёнида бўлмасак ҳам, ўзи фикрлаб, хулоса ясай олади.

— Охирги маълумотларга қараганда, 220 минг муаллимдан 86 минг нафари, ёки 37 фоизининг билим ва кўникмаси қониқарсиз баҳоланган экан. Бу ҳол айниқса ҳозир талаб юқори бўлган информатика, инглиз тили, физика каби фанларда кузатилган. Бу нима билан боғлиқ, деб ўйлайсиз?

— Сиз ҳозир эслатган маълумотлар ҳақиқатан тўғри. Лекин буни аттестация жараёнида аниқлашган. Аввалги тартибга кўра, аттестация жараёнининг муҳим қисми бу – ўқитувчиларнинг ўз фани бўйича билимларини баҳолаш. Бунга ҳозир ўзгартиришлар киритиляпти албатта. Иккинчи савол туғилади: ўқитувчиларга бу тарзда баҳо бериш нақадар тўғри?

Бошқа соҳадан бир мисол келтирсам, нега бизнинг футбол жамоаларимиз “Арсенал”, “Реал-Мадрид” ёки “Манчестер-Юнайтед”га ўхшаб яхши ўйнай олишмайди? Чунки бу жамоаларда яхши ўйинчилар бор. Яхши ўйинчи нега ўша жамоага боради? Чунки улар кўпроқ ҳақ тўлайди. Бу масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Ўқитувчиларимизнинг ойлик маоши ҳалиям айтилган даражада эмас.

— Дарвоқе, шу ўринда савол: барча ўқитувчиларнинг ойлик маоши 1000 долларга қачон кўтарилади?

— Яхши савол... Ўқитувчилар биздан ҳам шуни кўп сўрашади. Лекин битта нарса борки, ҳозир ҳам шу маблағни олаётган педагоглар бор. Лекин бунинг учун ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини тўғри аниқлай олишимиз керак. Чунки сиз бир кишига яхши маош тўлашингиз учун ундан натижа кутасиз, тўғрими? Масалан, бир ошхонангиз бўлса, ошпаз маошини кўтариш учун шу ошпаз овқатни қандай яхши тайёрлайдию, бу овқатдан хурсанд бўлиб, қанча кўп хўранда келишига эътибор берасиз. Жамият ҳам худди шундай. Жамият ҳам кучли таълим олган битирувчиларни, кучли мутахассисларни кутяпти. Чунки кучли мутахассислар келса, иқтисодиёт ривожланади. Иқтисодиёт ривожлангандан кейин солиқлар ҳам кўпаяди. Солиқ кўпайгандан ойлик маошларни ҳам кўтариш имкони ошади. Лекин афсуски ўз устида ишламайдиган ўқитувчиларимиз бор. Демак, аввал оқ-қорани ажратиб олишимиз керак: қайси ўқитувчилар ҳақиқатан ҳам 1000 долларлик даражага арзийди? Бунинг учун эса таълим сифатини аниқлаб берувчи аниқ мезонлар керак. Бу ўқитувчининг меҳнат маҳсулоти, ўқитувчиларнинг нақадар зўр эканлиги аниқланиши керак. Ҳозир ҳам шундай ўқитувчилар борки, ҳозиргидан кўра 2 баравар яхшироқ дарс бера олиши мумкин.

Ўзбекистонда 500 минг ўқитувчи бўладиган бўлса, фақат 400 минг ўқитувчига етадиган дарс соатимиз бор. 100 мингта ўқитувчи ярим ставкага рози бўлиб ишлаб юрибди. Лекин ўзини ҳурмат қилган ўқитувчи бунга рози бўлмайди. Агар ўшанга мутаносиб ўқитувчимиз бўлганда, аллақачон ойлик маошларни кўтарган бўларди. 100 минг ўқитувчига ҳам катта пул кетади.

— Демак, ҳозир мактабларда ўқитувчилар меъёридан ҳам кўпроқ демоқчисиз, шундайми?

— Шундай.

— Лекин баъзи бир, масалан, аниқ фанлар – кимё ва физика бўйича ўқитувчилар етишмаслиги кузатилмоқда. Масалан, жисмоний тарбия ўқитувчиси рус тилидан дарс бераётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Бу борада нима дейсиз?

— Кадрлар етишмовчилиги масаласида икки турдаги ечим мавжуд. Биринчиси – олис ҳудудларда дарс берадиган олий ёки 1-тоифали ўқитувчиларга 100 фоиз устама маошга қўшиб берилади. Олис ҳудудга боргандан кейин дарс соати ҳам кўп бўлади. 1,5 ставка ҳам ишлай олади, чунки бошқа мутахассис йўқ.

Иккинчиси эса “қизил” ҳудудлардаги мактабларда, битирувчилари сурункали равишда ёмон натижа кўрсатган мактабларга бориб ишлайдиган ўқитувчиларга ҳам, агар бир вилоятнинг ичида бўлса, тумундан туманга кўчса, 100 фоиз, бошқа вилоятдан келиб дарс берса, кўпроқ устама берилади. Икки йилдан бери шундай тартиб амал қиляпти.

Яна ўқитувчилик етишмаслиги муаммосига келадиган бўлсак, ўқитувчи кадрларни етиштириб берадиган ОЎЮ қисман давлат буюртмасини бажарса, қисман бозор шароитларига кўникишга мажбур бўлади. Масалан, бир вилоятда рус тилида ўқишни истаган 3-4 киши учун битта гуруҳ очиш рентабел эмас.

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон стратегияси-2030” имзоланди. Шу ерда шу нарсага ечим бериб кетилди. Энди қайси ҳудудларда, қайси фанлар бўйича ўқитувчи педагоглар етишмайдиган бўлса, у ерда давлат буюртмаси бўлади, иккинчидан тўлиқ грант асосида ўқитилади. Бу нарса таълимга ҳам инвестиция. Бозор шуни талаб этаётган экан, давлат шуни ўз зиммасига олиши керак. Шу тарзда бу муаммога ечим топилган.

—Таълим сифатини ошириш мақсадида республика бўйича жорий йилдан 500 та мактабда Президент мактаби ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури ҳамда баҳолаш тизими жорий этилади. Президент мактабларининг ўқув дастури ва баҳолаш тизими нималарга асосланган ва бу жараён қандай кечади? Бунинг ўзига хос жиҳатлари нимада?

— Албатта, бу таклиф фармон ва қарорларда ҳам ўз аксини топди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 августда ўтказган видеоселекторда ҳам бу нарса айтилди. Ўзбекистоннинг охирги ўқув йилидаги натижаларини оладиган бўлсак, Ўзбекистон ўқувчилари турли нуфузли халқаро олимпиадаларда ўз тарихида биринчи марта 13 та - 2 та олтин, 1 та кумуш ва 10 та бронза медал олди. Жумладан, информатика бўйича 2 та бронза ҳам олинди. Бу биринчи марта кузатилиши. Бу жуда юксак натижа. Шунингдек, физика, математика ва кимё бўйича олинди. Умуман олганда киши бошига тўғри келадиган ЯИМ бўйича Ўзбекистон таълими нисбатан яхши ҳисобланади. Мана бу натижа ҳам Ўзбекистон учун анча яхши натижа. Лекин шу нарса кўриндики, аксарият ўқувчилар ёки Президент мактабида ёки ихтисослашган мактабда ўқийдиган ўқувчилардир. Лекин улар ҳам бошида оддий мактабларда ўқишни бошлашган. Бу ерда ўқувчиларнинг академик натижаларини баҳолаш тизими – илмий тилда айтадиган бўлсак, форматив ва сумматив баҳолаш тизими ўқувчиларнинг ўз устида ишлашига ундайдиган тизим. Иккинчидан эса, бу ўқувчиларнинг билимларида қандай бўшлиқлар мавжудлигини объектив кўрсатиб, ўқувчига маёқ бўладиган тизим. Яъни ўқитувчи ҳам ўқувчининг билимида қандай бўшлиқлар борлигини яхши билади. Ҳаммага баравар қаралмайди. Ҳар бир ўқувчи учун алоҳида ишлаш имкониятини берувчи ечимлар бор. Бу баҳолаш тизими тўғрисида. Иккинчидан жаҳонда тан олинган таълим муассасалари бор. Жумладан, Кембридж университетининг айнан аниқ фанлар ва табиий, яъни STEM фанларини ва шу билан бир қаторда чет тилини ўқитишда Кембридж университетининг дастурлари бор.

Маълумот учун:

STEM (ингл. science, technology, engineering and mathematics - табиий фанлар, технология, муҳандислик ва математика) - бу алоҳида, лекин бир-бирига яқин бўлган техник фанларни муассаса ёки ўқув дастурининг таълим сиёсатини тавсифлаш контекстида гуруҳлаш учун ишлатиладиган умумий атама. Бу атама 2001 йилда AҚШнинг Миллий илмий Жамғармаси (AҚШ ҳукуматининг тиббиётдан ташқари барча фан соҳаларида фундаментал тадқиқотлар ва таълимни таъминловчи мустақил агентлиги) олимлари томонидан таълим ва касбий йўналишни тавсифлаш учун яратилган.

STEM фанлари одатда табиий фанлар (биология, физика ва кимё) ва аниқ фанлар (математика, мантиқ ва статистика) ҳисобланади. Гуманитар ва ижтимоий фанлар ҳамда санъат HASS (Humanitarian, Arts, Social Sciences) қисқартмаси билан таснифланади ва гуруҳланади. Бироқ, психология STEMнинг бир қисми ҳисобланади.

Бу дастурлар бизнинг мактабларга ҳам жорий қилинган эди. Бу дастурларни ўқитиш, тўғрироғи, бу дастурларда ўқиш орқали ўқитишга тайёр бўлган педагогларнинг бирлашиши айнан шундай натижаларга олиб келди. Лекин мазкур дастурлар ва баҳолаш тизимларини амалга ошираётганлар ўзимизнинг ўқитувчилардир. Тўғри, хорижий ўқитувчилар ҳам бор, лекин улар етарли эмас. Буни оддий ўқув таълим муассасаларига ҳам жорий қилиш мумкин. Буни бир кунда амалга татбиқ этиб бўлмайди, албатта.

Шунинг учун, сиз таъкидлаб ўтганингиздек, биринчи навбатда ўша танлаб олинган 500 та мактабда жорий этилади. Жорий қилинганидан кейин қандай муаммоларга дуч келишимиз таҳлил қилинади. Шулар асосида такомиллаштирилиб, кейин босқичма-босқич бошқа мактабларга ҳам жорий этилади.

Президент айтганларидек, Президент мактаблари бошқа умумтаълим мактаблари учун таянч мактаби бўлиши керак. Мақсад Президент мактабларида элитани ўқитиб, тарбиялаш эмас, бундан бутун халқ фарзандлари баҳраманд бўлиши керак. Энди Президент мактаблари оёққа туриб олди. Бошқа мактаблар ҳам энди булардан ёрдам кутади. Президент мактаблари энди шаклланаётган пайтда келган ва ҳозир ҳам фаолият олиб бораётган хорижлик мутахассислар маҳаллий ўқитувчи ва ўқувчиларимизни тайёрлашди. Энди маҳаллий ўқитувчиларимизда ҳам шу потенциал бор. Улар энди бу потенциални ўзида сақлашдан кўра, бошқа мактабларга ҳам бериши керак.

— Яқинда хориждан 500 нафар “тил эгалари” жалб қилиняпти. Уларга қандай вазифалар юкланган ва улардан нима самара кутяпмиз? Уларнинг самарадорлиги қандай таҳлил қилинади?

— Бу ҳақиқатан ҳам анча баҳс-мунозарага сабаб бўлган масала эди. Бу нарсани давлатимиз раҳбари ҳам қўллаб-қувватлади. Истамбул университети олиб борган тадқиқотлар мавжуд. Ривожланаётган жамият ва таълим тизимларига ва шарқ мамлакатларига хос нарса бор эканки, чет тилини ўрганаётган ўқувчиларни шу тил она тили бўлган ўқитувчидан ўрганишни бошласа, чет тилини ўрганишга бўлган қизиқиши ва меҳри ортар экан. Бу ҳолатда ўқувчилар кўпроқ мотивация олар экан, у билан кўпроқ мулоқот қилишга интилар экан. Чунки ўқувчилар учун бу одам бошқа маданият вакили сифатида ўзига хос кашфиёт бўлар экан. Гарчи у ўқитувчи ўз она тилидан бошқа нарсани билмаса ҳам. Мен бу билан ўзимизнинг ўқитувчиларимизни камситмоқчи эмасман. Чет тили бўйича кучли ўқитувчиларимиз жуда кўп. Лекин бизнинг мақсадимиз - бунда тўхтаб қолмаслик.

— Финляндия тажрибасини жорий этиш аллақачон бошландими? Айрим мактабларда, масалан Қашқадарёдаги баъзи мактабларда бу тажриба ўқув жараёнига татбиқ этилмоқда, деган маълумотлар ҳам учрайди. Булар қанчалик ҳақиқатга яқин?

— Аввало бир нарсани айтишим шарт – биз ҳеч қайси мамлакатнинг моделини кўчириб олмоқчи эмасмиз. Бунинг иложи ҳам йўқ. Ҳеч қайси моделни кўр-кўрона кўчириб олиб бўлмайди. Шу билан бир қаторда биз хорижий тажрибанинг бизга мос ва бизга фойдали томонларини олишдан албатта манфаатдормиз. Шу билан бирга давлатимиз раҳбари Финляндия тажрибасини ўрганиш ҳақида айтганди. Лекин Финляндия тажрибасини кўчириб олиш ҳақида айтилмаган. Бундай қилиб бўлмайди ҳам. Агар Қашқадарёни мисол қилиб оладиган бўлсак, маҳаллий ҳокимликнинг ташаббуси билан Финляндия тажрибаси асосида бир неча янги инновацион ўқитишни жорий қилиш ҳақида таклиф бўлган. Бу таклиф асосида ҳозир норматив ҳужжат тайёрланмоқда. Тегишли вазирлик ва идоралар билан бирга ўрганиб чиқилмоқда. Аллақачон жорий қилинди, дейишдан йироқмиз. Лекин суҳбатимиз бошида айтганимиздек, Финляндия мактаблари болаларни ҳаётга тайёрлашга эътибор қаратади. Шу боис ҳозир 1-4 синфлар учун чиқарилган янги дарсликларни оладиган бўлсак, уларнинг асосида 4 К принципи ётибди. Бу демак Креатив фикрлаш, Критик (танқидий) фикрлаш, Кооперация ва Коллаборация дегани. Бу ёндашув, яъни болаларнинг биргалашиб, жамоада ишлаш, бир-бирини қўллаб-қувватлаши, ижодий ва танқидий фикрлаш каби элементлари айнан Финяляндия таълимида ҳам бор. Биз Финяляндия таълимидан мана шу жиҳатларни оламиз. Лекин бу Финяляндия таълимини кўчириб олдик, Финляндия таълимига таяниб қолдик, деган нарса эмас. Хабарингиз бор, Президентимиз 28 августда бўлган селектор йиғилишида ҳам педагогларнинг фаолиятини баҳолаш ва сертификатлаштириш ҳақида гапирар экан, масалан, Сингапур, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларнинг ўқитувчилар фаолиятини касбий-профессионал сертификатлаш тажрибасини ўрганиш ва бу тизимни Ўзбекистонга жорий этиш бўйича таъкидлади. Шундай экан яна бир бор айтаман: Сингапур ва БАА каби мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда улар асосида ўз моделимизни яратиш – асосий мақсадимиз, уларни кўчириб олиб келиш эмас!

— Охирги саволимиз, айни пайтда мактабларимизда янги ишга келган педагогик кадрларнинг ойлик маоши ўртача қанчани ташкил этади?

— Мен тўғриси, бухгалтерия жараёнларида сал четроқман. Агар адашмасам, ҳозирги кунда, ишга янги келган педагог ходимимиз 2 млн. 800 мнг сўм маош олса керак. Яъни бу тоифасиз ўқитувчининг маоши. Чунки бизда мутахассислик бўйича 2 тоифа, 1 тоифа, олий тоифа бор. Устамасиз маош, соф қўлига оладиган маош 2 млн. 800 минг сўм, адашмасам.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+