Озарбайжонлик таниқли журналистлар сайт фаолияти билан танишди

Мулоқотда Ўзбекистон - Озарбайжон дўстлиги, ахборот маконидаги ҳамкорлиги ҳақида сўз борди.

Жамият
28 сентябрь 2023 йил
Озарбайжонлик таниқли журналистлар сайт фаолияти билан танишди

Бугун, 28 сентябр куни бир гуруҳ озарбайжонлик журналистлар, медиа соҳаси вакиллари Platina.uz сайти таҳририятига ташриф буюрди ва сайт фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Учрашувда Озарбайжон матбуот кенгаши бошқармаси аъзоси Ҳожибей Ҳайдарли, Azxeber.com медиа гуруҳи бош муҳаррири Афсаладдин Агаларов, Editor.az медиа гуруҳи бошлиғи Фарид Шаҳбозли ва Platina.uz сайти бош муҳаррири Бобур Жалолов иштирок этди.

Мулоқотда Ўзбекистон - Озарбайжон дўстлиги, ахборот маконидаги ҳамкорлиги ҳақида сўз борди. Меҳмонлар ўзбек медиа олами билан ҳамкорлик қилишдан миннатдор эканликларини билдирдилар.

— Бизнинг анъаналаримиз бир, одатларимиз ўхшаш, тилимиз яқин. Шу мақсадда ахборот оламида ҳамкорлигимизни янада кучайтирсак, бундан фақат хурсанд бўламиз. Шунинг учун сизларни ҳам Озарбайжонга таклиф қиламиз, — деди Ҳожибей Ҳайдарли.

Меҳмонлар ҳозирги таҳликали замонда ҳаққоний ва холис ахборот етказишда халқаро ҳамкорлик қилиш, ўзаро тажриба алмашиш ниҳоятда муҳимлигини таъкидладилар.

— Шунингдек, тоғли Қорабоғ масаласида Озарбайжонни қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон ҳукуматига ҳам алоҳида ташаккур изҳор қиламиз, — деди Фарид Шаҳбозли.

Меҳмонларга Platina.uz сайти таҳририяти фаолияти ҳақида маълумотлар берилди. Улар сайт ходимлари, иш жараёни билан яқиндан танишдилар ва ижодий жамоага омадлар тилади.

— Ўзбекистон ва Озарбайжон ёшлари айни пайтда кўп янги лойиҳаларга қўл урмоқда. Жумладан, Platina.uz сайти жамоаси ҳам ҳали ёш бўлишига қарамай, ахборот майдонига тез кириб келибди. Ижодий гуруҳга муваффиқиятлар тилаймиз, — деди Афсаладдин Агаларов.

Учрашувда келгусида ижодий ҳамкорлик янада кучайтирилиши таъкидланди. Озарбайжонлик ҳамкасблар Platina.uz сайти ходимларини ўз юртига таклиф қилдилар. Келажакда етакчи озар нашрлари билан меморандумлар имзоланишига умид билдирдилар.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+