platina.uz

189 балл билан контрактга “илинганлар” тақдири нима бўляпти?

Platina.uz ушбу масала бўйича талабаларнинг тақдири билан қизиқди.

Жамият
12 сентябрь 2023 йил
189 балл билан контрактга “илинганлар” тақдири нима бўляпти?

Жорий ўқув йили ҳам бошланди, талабалар сафига янги қабул қилинганлар ҳам аллақачон ўқув манзилларида. Аммо ҳали-ҳануз муҳокамалар марказида бўлган энг юқори 189 балл олиб, контрактга кирганлар масаласи ҳавода муаллақ турибди.

Яъни тест синовларида максимал 189 балл тўплаб контрактга кирган пешонаси шўр талабалар грантга қабул қилиндими-йўқми, бу ҳақда ҳалигача аниқ маълумот берилмади. Ваҳоланки, 2023-2024 ўқув йили учун олий таълим йўналишларига кириш тест синовлари якунларига бағишланган матбуот анжуманида Билим ва малакани баҳолаш агентлиги директори Мажид Каримов ушбу ҳолатни “189 балл энг юқори балл. Бу баллни тўплаган абитуриент эътибордан четда қолмайди. Агар бу баллни тўплаб контрактга кирса, бу жуда катта муаммо”, деган эди.

Platina.uz ушбу масала ва айнан 189 балл олиб контрактга илинган талабаларнинг тақдири билан қизиқди. Ушбу талабалар контрактда қолдими ёки бюджетга қабул қилиндими?

Саволимизга тегишли агентликдан жавоб олишга ҳаракат қилдик. Маълум қилинишича, давлат комиссияси томонидан президент грантига даъвогарлар сони тасдиқланганда бу муаммо ҳал бўлади.

“Бу рўйхат яқин орада тасдиқланиши кутилмоқда”, деди агентлик масъули.

Демак, яна кутишда ва кузатишда давом этамиз.

Фазилат Соиб

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+