Тиббий суғурта 2026 йилдан тўлиқ жорий этилади
2023 йилдан Тошкент шаҳрида, кейинроқ бошқа вилоятларда ҳам жорий этилиши керак эди.
2026 йил якунига қадар республика бўйлаб тиббий суғурта тўлиқ жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу президент Шавкат Мирзиёев Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида белгиланди.
Фармонга кўра, соғлиқни сақлаш вазири ва жамғарма ижрочи директори 2026 йилнинг якунига қадар тиббий суғуртанинг республика бўйлаб тўлиқ жорий этилиши учун шахсан жавобгар бўлади.
2024 йил 1 январдан бошлаб Давлат тиббий суғурта жамғармаси мустақил юридик шахс мақоми ҳамда фаолиятини молиялаштиришнинг амалдаги манбалари ва тартиби сақлаб қолинган ҳолда ССВ тузилмасига ўтказилади. 2027 йил 1 январдан ССВ таркибидан чиқади ва мустақил жамғарма сифатида фаолият юритади.
Жамғарма кузатув кенгаши тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми доирасида тиббий хизмат кўрсатиш учун жалб қилинадиган етказиб берувчилар (давлат ва нодавлат)ни, харид қилинадиган тиббий ёрдамлар ҳажмини мустақил белгилайди ва ўз бюджетини шакллантиради.
2022 йил декабрь ойида президент парламентга йўллаган мурожаатида давлат тиббий суғуртасига ўтиш жадаллаштирилишини, 2023 йилдан Тошкент шаҳрида, кейинроқ бошқа вилоятларда ҳам жорий этилишини маълум қилганди. Йил бошида бу сана 1 июль деб эълон қилинган. Бунда тиббиёт муассасалари тўлиқ рақамлаштирилиши айтилганди.