Украина мудофаасида янги “формат” ва кескин қадам
Рустем Умеров уруш даврида кўплаб олий даражадаги ва мураккаб халқаро музокараларда, бевосита иштирок этган. Эътиборли жиҳати – истеъдодли музокарачи сифатида таърифланган Умеров 2022 йилнинг март ойида, Россиянинг кенг кўламли босқинидан бир ой ўтиб, Россия билан музокаралар олиб борган Украина делегацияси аъзоси бўлган.
Украина Президенти Зеленский мамлакат мудофааси “жамият билан ўзаро ҳамкорликнинг бошқа форматларига муҳтож”лиги ортидан асли Ўзбекистонда туғилган, қрим-татар миллатига мансуб Рустам Умеровни мамлакат мудофаа вазирлигига номзод сифатида кўрсатди.
Зеленский Украина Олий Радаси бу одамни яхши билиши ва жаноб Умеровга бошқа изоҳ керак эмаслигини қайд этган ҳолда парламентдан бу номзодни қўллаб-қувватлашига умид билдиргани ҳақида аввал хабар қилгандик.
Албатта Умеров тайинланишидан олдин унинг номзоди парламент томонидан тасдиқланиши керак. Аммо уруш шароитида ҳатто демократик жамиятларда ҳам Олий бош қўмондоннинг таклифи инобатга олинмаслиги жуда кам учрайди.
Умеров мудофаа вазири лавозимига тайинланса, бу Украина мудофаа идорасидаги энг катта кадр алмашинуви бўлади. Гарчи Зеленский собиқ вазир Алексей Резниковнинг мансабидан озод қилинишини юмшоқ қилиб “вазирлик янги ёндашувлар ва ...форматларга муҳтож” деб изоҳлаган бўлса-да, у анчадан бери коррупцияга йўл қўйишда айблаб келинаётган эди.
2021 йил ноябрда Мудофаа вазири этиб тайинланган Резников бу айбловларни туҳмат деб атаган. Ўз раҳбарлиги даврида Ғарбдан кўп миллиардли хорижий ҳарбий ёрдам олишга муваффақ бўлганини пеш қилган.
Хўш, Украина Мудофаа вазири бўлиши кутилаётган асли Ўзбекистонда туғилган сиёсатчи Рустам Умеров ўзи ким?
Рустам Умеровнинг ҳарбийликдан хабари борми?
Шу ўринда қайд этиш керакки, собиқ мудофаа вазири Алексий Резников курсисини эгаллаши кутилаётган Рустам Умеров ҳарбийлар “кастаси”га мансуб эмас. 1982 йил 19 апрелда Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида Сталин фармони билан сургун қилинган қрим-татарлар оиласида туғилган Рустем Энверович Умеров давлат ва сиёсат арбоби, асосан тадбиркор, инвестор ва меценат сифатида танилган.
Рустем Умеров ўз фаолиятини хусусий секторда бошлаган. У 2004 йилда Украинанинг етакчи уяли алоқа операторларидан бирига қўшилган. 2013 йилда ўзининг ASTEM инвестиция компанияси ва унинг ASTEM фондини тузди. Рустем Умеров иқтисодиёт бўйича бакалавр ва молия магистри даражасига эга.
Шунга қарамасдан, Умеров янги даврда асосан сиёсат ва жамоат арбоби, моҳир музокарачи сифатида танилган. У Украинанинг ўша пайтда Ғарбга мойил деб ҳисобланган “Голос” партиясидан 9-чақириқ (2019—2022) парламентида халқ депутати этиб сайланган. Айни пайтда Қрим истилосини тугатиш стратегияси устида ишловчи Украина ҳукумати ишчи гуруҳи аъзоси ҳисобланади.
Умеров 2022 йилдан ҳозиргача Украинанинг асосий хусусийлаштириш жамғармаси – Давлат мулки фонди раҳбари лавозимида фаолият кўрсатиб келган. У тез-тез коррупция можаролари ботқоғига тушиб қолган ушбу муассасани оёққа турғизгани билан машҳур. У, шунингдек, давлат мулкини сотишни қайта йўлга қўйди ва уруш шароитида давлатга рекорд даражадаги инвестициялар келтирди.
Рустем Умеров уруш даврида кўплаб олий даражадаги ва мураккаб халқаро музокараларда, бевосита иштирок этган. Эътиборли жиҳати – истеъдодли музокарачи сифатида таърифланган Умеров 2022 йилнинг март ойида, Россиянинг кенг кўламли босқинидан бир ой ўтиб, Россия билан музокаралар олиб борган Украина делегацияси аъзоси бўлган. Шунингдек, у Қора денгиз ғалла ташаббуси бўйича, шунингдек, ҳарбий асирларни алмашув, шу жумладан, 2022 йилда жанубий Мариупол шаҳри учун олиб борилган жангларда асирга олинган Украинанинг Aзов жангчиларини алмашув бўйича музокараларда муваффақиятли иштирок этди. У Зеленскийга Россия, Саудия Aрабистони ва Бирлашган Aраб Aмирликларига ташрифлари чоғида ҳамроҳлик қилган. Бир сўз билан айтганда, Рустем Умеров Украина сиёсий элитаси учун ўз садоқати ва кераклилигини исботлашга тўла муваффақ бўлган.
Садоқатнинг ўзи етарлими?
Бироқ айни пайтда унинг – ҳарбий бўлмаган шахснинг мудофаа вазири этиб тайинланиши учун садоқат ва музокарачилик хислатлари етарли бўлганмикин? Зеленский бу танлови орқали бир ўқ билан нечта нишонни урмоқчи?
Аввало шуни эслатиш жоизки, 2018 йил 21 июнда Украина парламенти тасдиқлаган Украина миллий хавфсизлиги ҳақидаги қонунга кўра, Украина мудофаа вазири этиб фақат ҳарбий бўлмаган фуқаролик вакиллари тайинланиши мумкин. Бу қонун 2019 йил 1 январдан кучга кирган. Шунинг учун 2019 йил 29 августда тадбиркор Андрей Загороднюк мудофаа вазири этиб тайинланди. 2020 йил 4 март куни эса дипломат Андрей Таран, 2021 йил 4 ноябрда эса ҳуқуқшунос ва тадбиркор Алексей Резников бу лавозимни эгаллади. Шу боис ҳарбий бўлмаган одамга бу масъулиятли лавозимни ишониб топшириш Украина учун ғайриоддий ҳодиса эмас. Зеро, Ғарб, умуман демократик жамиятларда мудофаа масалаларини урушга мойил бўлмаган фуқаролик хизмати вакилларига ишониш амалиёти мавжуд. Чунки урушга тайёр туриш яхши, аммо урушга йўл қўймаслик ундан ҳам яхши, деган тамойилга амал қилинади.
Иккинчи омилни эса, Зеленскийнинг янги иқтисодий-ҳарбий ёрдам каналларини излаши, хайрихоҳ ва дўстликка мойил, ҳеч бўлмаганда Россия-Украина можаросида Россияга ён босмасдан нейтрал қолувчи кучларни кўпайтиришга уринишларидан қидириш лозим. Россиянинг Украинага босқини бошланганидан буён Зеленский асосан Ғарб давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилди. Бироқ Россиянинг қуролли ёрдам ва текин ғалла воситасида Африка ва Шарқ давлатлари тимсолида янги “дўстлик фронти” очишга уринишлари Зеленскийни энди Шарққа, хусусан араб ва ислом оламига юзланишга мажбур қилмоқда. Украина президентининг Ислом ҳамкорлиги ташкилоти саммитида қатнашиб, нутқ сўзлаши, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига уюштирган расмий сафарлари бунинг исботи, дейиш мумкин. Қолаверса, Ғарб билан бирга Украинага катта ҳарбий, иқтисодий ва дипломатик кўмак бериб келаётган Туркия омилини ҳам назардан қочирмаслигимиз лозим. Рустам Умеров эса, унда барча мавжуд ижобий хислатлар билан бирга, Зеленский очишга уринаётган янги “фронт” учун жуда мос номзод. Умеров – мусулмон, туркий халқларга мансуб ва яхши музокарачи. Янги ҳамкорлик қирраларини кашф этиш учун бундан зиёд номзод ҳозирча йўқ.
Қисқа қилиб айтганда, Зеленскийнинг янги танлови тез орада ижобий самара беришини кутиш мумкин. Қолганини эса вақт кўрсатади.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.