Тўдакўлда маънавиятимизга зид фестивал ўтказилмаслигига ваъда беришяпти
Навоий вилояти ҳокимлиги баёнот эълон қилди.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Қизилтепа туманининг Тўдакўл сув ҳавзаси бўйича ўтказилиши кутилаётган “Стихия” фестивали кенг жамоатчиликнинг салбий фикрлари ва муҳокамаларига сабаб бўлмоқда.
Навоий вилояти ҳокимлиги мазкур мавзу юзасидан баёнот эълон қилди.
"Навоий вилояти ҳокимлиги раҳбарияти ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ва эътирозларга сабаб бўлаётган мазкур жараёнга асло бефарқ эмас. Шунингдек, маънавиятимизга зид, менталитетимизга хос бўлмаган, ёшларни турли ёт ғояларга тарғиб қилувчи ҳар қандай тадбирга қарши еканлигини маълум қилади.
Шу боис, “Стихия” фестивалини ўтказувчи “Unidentified Projects Company” МЧЖ раҳбарияти вилоят ҳокимлиги томонидан юқорида қайд етилган ҳолатлар содир етилмаслиги бўйича расман огоҳлантирилган ва ушбу МCҲЖ раҳбариятидан вилоят ҳокимининг номига мазкур фестивал доирасида маънавиятимизга зид бўлган ҳолатларга йўл қўйилмаслиги бўйича кафолат хатлари олинган" дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.
Мазкур фестивал учун маҳаллий бюджетдан маблағ сарфланмаган, барча харажатлар ташкилотчи томонидан қопланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалги “Стихия” фестивали Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ шаҳрида ўтказилганди.