Ўзбекистонда пенсионер бўлиш ёмонми?
Пенсия инсоният маданийлашуви ва ижтимоийлашувининг белгиларидан бири ҳисобланади.
Инсон бир умр ишлаб ўзини боқа олмайди. Қарийди, кучдан қолади, ўзини-ўзи эплолмайдиган даражага етиб қолади. Шу пайтда ёнида тиргак бўладиган фарзанди-ю яқинлари бўлса - хўп хўп, лекин ҳеч кимга суяна олмасачи? Қариликда ишлатиши учун пул жамғариб, шароит қила олмаган бўлсачи? Шундай пайтда баъзилар учун нафақа пули - пенсия унинг жонига оро кирувчи ягона молиявий манба бўлиб қолади.
Пенсия инсоният маданийлашуви ва ижтимоийлашувининг белгиларидан бири ҳисобланади. Фақат кучлилар, ҳокимият ва бойлик эгалари омон қолган, заифлар ва ожизлар эса йўқ бўлишга маҳкум бўлган шафқатсиз даврларни маданийлашган, инсонийлик хислатлари жамиятга қоидаларига ҳуқуқий меъёр сифатида киритилган даврдан ажратиб турувчи асосий белгилардан бири ҳисобланади.
Луғат ва илмий қомусларда пенсияга берилган таърифга кўра, пенсия деб (лотинча pension — “тўлов”) — пенсия ёшига етган, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган ёки узоқ муддатли касбий фаолияти муносабати билан шахсга жисмоний ва маънавий жиҳатдан тўлақонли яшаш имконини берадиган мунтазам нақд пул тўловларига айтилади.
Тарихга назар
Пенсиялар, аниқроғи, вафот этгунига қадар умрбод молиявий таъминот тарихи замонларга бориб тақалади. Биринчи марта давлат даражасида ҳарбий пенсиялар Рим империясида Гай Юлий Цезар томонидан жорий этилган. Тарихчиларнинг таъкидлашича, у дунёдаги биринчи пенсияларни ўзининг кекса ҳарбий легионерларига ўз маблағлари ҳисобидан тўлаган. Даставвал пенсия тайинлаш мукофот ёки имтиёз характерига эга бўлиб, пенсия олувчи шахснинг, асосан ҳарбийларнинг хизматлари учун алоҳида диспозиция билан белгиланиши тушунилган. Буни пенсиядан кўра, ҳарбийларга нафақа тўловлари, деб аташ тўғрироқ бўлади.
Инсоният тарихида ёшга доир илк пенсия, яъни кексалар учун нафақа(пенсия) бериш биринчи бўлиб VII асрда иккинчи халифа - Умар ибн Ал-Хаттоб томонидан жорий қилинган.
Айтишларича, Умар ибн Ал-Хаттоб кўчада бир кекса яҳудийнинг хароб аҳволда садақа сўраб ўтирганини кўриб қолади. Атрофдагилардан суриштириб, уни парвариш қилиб, боқа оладиган ҳеч кими йўқлигини билиб олади. Кейин ёрдамчиларига юзланиб, “бу кекса одам ёш ва кучи борлигида меҳнат қилди, жизя (солиқ) тўлаб, давлатга ҳисса қўшди. Энди қариб, кучдан қолганида хор бўлиши яхши эмас” деб, қарияга то умри охиригача давлат хазинасидан мунтазам ойлик нафақа бериб туришлари ҳақида топшириқ беради. Халифа Умар, шунингдек, закотлардан йиғилган пуллардан камбағаллар, етимлар, бевалар ва ногиронларга мунтазам нафақа бериш туришни давлат даражасида жорий қилган инсоният тарихидаги илк ҳукмрон ҳисобланади.
Биринчи марта "пенсия" сўзи XV асрнинг иккинчи ярмида Людовик XI ҳукмронлиги даврида Париж Ҳисоб палатасининг ҳужжатларида пайдо бўлган ва ҳар йили давлат хазинасидан Англия қироли Эдвард IV нинг Вилям Хастингс ва бошқа таниқли инглиз амалдорларига ўтказиб туриладиган тўловларни англатган. Бошқача қилиб айтганда, булар илк марта “пенсия” деб аталган бўлсада, аслида хориж амалдорлари учун тайинланган пора бўлган.
XV аср охирларига келиб, Европада пенсияга ўхшаш тўловлар пайдо бўла бошлади. Лекин улар ҳам Рим империяси давридаги каби асосан истеъфога чиққан ҳарбий хизматчилар учун, ёки бўлмаса қирол ёки қиролича меҳри тушган алоҳида одамларга давлат ёки монарх олдидаги қайсидир хизматлари учун тўловлар бўлган холос.
Давлат ҳокимияти тизимининг ривожланиши ва такомиллашуви билан пенсиянинг мақсади ҳам ўзгарди, пенсия фақат ҳукмрон танлаган ва айнан бирор табақа ёки соҳа одамлари учун тайинланадиган нафақадан, аста-секин аниқ ижтимоий хусусият касб этадиган феноменга айланди.
Ҳозирги тушунчамиздаги пенсия Европада илк марта 100 йилча аввал – 1889 йилда Германияда “темир канцлер” Отто фон Бисмарк даврида жорий этилган. Аввалгиларидан фарқли ўлароқ, мазкур пенсия тизими оммавийлик ва универсаллик хусусиятига эга эди. Қонунда белгиланганидек, «ёши кексалиги боис ишлай олмайдиган» одамлар 70 ёшдан кейин давлат томонидан пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлишган.
1916 йилда Биринчи жаҳон уруши қийинчиликларига қарамасдан Германияда пенсияга чиқиш ёши 65 этиб белгиланган ва деярли 100 йил шу тартиб амал қилган.
Германия ортидан 1891 йилда Дания, 1898 йилда Янги Зеландия, 1908 йилда Буюк Британия, 1910 йилда Франция пенсия тизимини шакллантирган. Бу мамлакатларда пенсия миқдори суғурта тўловлари ва ва суғурта қилинган ишчиларнинг тегишли тўловлари асосида шаклланган. Ишчиларни кексалик пенсияси, ногиронлик ва боқувчисини йўқотишдан суғурта қилиш мажбурий этиб белгилаб қўйилган.
АҚШда 1927 йилдан бошлаб муҳтожларга пенсия бериш тизими жорий этилган. 1934 йилга келиб бу тизим 28 та штатда амалга татбиқ этилган. 1935 йилда АҚШда пенсия суғуртаси федерал тизими жорий қилинган. Шу йили “Мажбурий пенсия суғуртаси ҳақида”ги федерал қонун қабул қилинган. 1940 йилдан бошлаб оммавий равишда пенсиялар тўлаб бошланган.
Собиқ СССР даврида эса 1930 йилда «Пенсия ва ижтимоий суғурталаш бўйича тўловлар ҳақидаги Низом” қабул қилинган. 1932 йилда бу ерда кексалик пенсиясига чиқиш аёллар учун 55 ёш, эркаклар учун 60 ёш этиб белгиланган. Совет Иттифоқида пенсия тўловлари амалда 1956 йилда– “Давлат пенсиялари тўғрисида”ги қонун қабул қилинганидан сўнг кенг жорий этилган.
Мустақил Ўзбекистонда пенсия тизими тегишли қонунчилик ҳужжатлари, асосан, 1993 йил 3 сентябрдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ тартибга солинади.
Ўзбекистонда пенсиянинг учта тури мавжуд. Булар - ёшга доир пенсия, ногиронлик пенсияси, боқувчисини йўқотганлик пенсияси. Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар эса 55 ёшга тўлганда ва и стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлишади. Ногиронлик пенсиялари белгиланган тартибда тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан I ва II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларга тайинланади. Шахс вафот этса унинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Пенсия берилмайдиган давлатлар
Ҳозирги даврга келиб ҳам, фуқаролари умуман пенсия олмайдиган давлатлар мавжуд. Жорий йил ҳолатига Таиланд, Ҳиндистон, Нигер, Кения, Суринам, Нигерия, Танзания, Гондурас, Ироқ, Филиппин, Вьетнам, Пакистан, Хитойда ёшда оид пенсия кўзда тутилмаган. Ёки алоҳида хизматлари учун фақат айрим соҳа вакиллари ёки давлат ишида хизмат қилган шахсларга давлат томонидан пенсия тайинланади. Айрим давлатларда эса фуқароларнинг ўзлари жамғариб бориладиган бюджетдан ташқари пенсия фондлари ёки хусусий пенсия фондларига пул ўтказиб туриш орқали кексаликка тайёргарлик кўришади. Масалан, Хитойни олиб қарасак, кучли иқтисодиётга эга давлат эканига қарамасдан, қишлоқ ва кичик аҳоли пунктларида яшайдиган кексалар давлатдан пенсия олиш олиш ҳуқуқига эга эмас. Фақат катта шаҳарлардаги йирик саноат корхоналарида ишлаган фуқаролар пенсиядан умид қилишлари мумкин.
Қаерда қанча олишади?
Ҳар бир давлатда кексаларнинг қанча миқдорда пенсия олишлари мавжуд сиёсий тузум иродаси, мамлакатдаги ижтимоий ҳимоя даражаси ҳамда, энг аввало, иқтисодий тараққиёти даражасига боғлиқ равишда шаклланган. 2023 йилда энг баланд пенсия нефтга бой Қувайтда тўланмоқда. Бу ерда пенсионерлар ҳар ойда ўртача 3004 доллар олишади. Асосий бойлиги нефт бўлган яна бир давлат - Бирлашган Араб Амирликларида пенсия 2776 долларни ташкил этади. Пенсия миқдори бўйича рейтинг чўққисини асосан ижтимоий ҳимояга катта эътибор берадиган Шимолий Европа давлатлари – Дания (2400 АҚШ доллари), Норвегия (2512), Швейцария (2132) эгаллаган. Иқтисодиёти улардан қудратлироқ бўлган Япония ва АҚШ мос равишда 1700 ҳамда 1503 долларлик кўрсаткич билан улардан кейин туради. Рўйхат охиридан эса собиқ совет давлатлари – Қозоғистон (219), Озарбайжон (218), Россия (205), Белоруссия (178), Ўзбекистон (100), Қирғизистон (69) ва Тожикистон (30) жой олган.
Пенсия миқдорини белгилаш мезони мамлакат ЯИМсининг жон бошига улуши билан, ёки ўртача маош билан боғланган жиҳатлари ҳам бўлади. АҚШ ва Япония каби ривожланган мамлакатларда пенсия ўртача ойлик маошнинг 50-60 фоизини ташкил этади. Ривожланаётган давлатларда эса 40 фоиз ёки ундан паст бўлиши мумкин.
Пенсия ёшини ўзгартиришнинг ижобий ва салбий оқибатлари
Фуқароларнинг пенсия миқдори давлатнинг ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий ривожланиш даражасига боғлиқ бўлса, пенсия ёши аввало демографик-иқтисодий омиллар билан боғлиқ. Масалан, туғилиш коэффиценти 2,11 дан паст бўлса, бунинг устига яшаш шароитлари, кесалар учун ижтимоий ҳимоя ва тиббий хизмат ривожланган бўлса, бундай миллатда кексалар, яъни пенсия оладиганлар сони кўпайиб, уларни таъминловчи ва ишлайдиган ёшлар камайиб кетади. Натижада пенсия ёшини кўтаришга мажбур бўлишади. Одатда аёллар учун 55, эркаклар учун 60 ёш белгиланади. Масалан, Ўзбекистонда шундай. Лекин оила институти кучсизланган, аксарият жуфтликлар ўз роҳатини ўйлаб “чайлдфри”, яъни боласиз оила шаклини танлаган ёки “оз бўлса ҳам соз бўлсин”, яъни камроқ бола кўриб, асосий эътибор, вақт ва молиявий ресурсларни улар учун етарли қилиб қўйишни танлаган оилаларда болалар кам туғилаётган, бироқ иқтисодиёти ривожланган жамиятларда бу ёш чегараси одатда кўтариб қўйилган. Масалан, АҚШ ва Испанияда бу чегара 66 ёшдан баланд. Пенсия миқдори баланд бўлган яна бошқа давлатлар – Норвегия, Италия, Чехия, Исландия, Дания, Исроил ва Швецияда нафақага чиқиш ёши 67 этиб белгиланган. Қолган ривожланган Европа давлатларида ҳам бу чегара 64-65 ёшдан иборат.
Қозоғистон, Қирғизистон, Молдавия, Арманистон, Тожикистон ва Белоруссияда 63 ёшда пенсияга чиқишади. Озарбайжон ва Грузияда 65, Туркманистонда 62, Россияда эса 2028 йилдан бошлаб аёлларнинг 60 ёшда, эркакларнинг 65 ёшда пенсияга чиқиши қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Пенсия ёшининг кўтарилиши мамлакат бюджетига босимни камайтиришидан ташқари бошқа ижобий оқибатларга ҳам эга. Масалан, айниқса демографик муаммога учраган, бироқ ривожланган давлатлар учун хорижий ишчи кучларига қарамликни заифлаштиради. Шунингдек, меҳнат бозорида ишга лаёқатли ҳамда тажрибали мутахассислар сонини оширади. Шу билан бирга, пенсия ёшининг оширилиши ЯИМни йилига 0,35 фоизга ошириши илмий тадқиқотлар натижасида тасдиқланган.
Пенсия ёшини кўтаришнинг салбий оқибатлари эса аввало кекса ва тажрибали мутахассисларнинг ўз ўрнини ёшларга “бўшатиб бериш” жараёни ортга сурилиши натижасида ишсизлик фоизининг ортишида кузатилади. Иш тажрибаси кам, демакки рақобатбардош бўлмаган ёшларнинг кадр ротацияси ва карьера қилишларини ёмонлаштиради. Меҳнат бозорида ишчилар таклифининг кўпайиши натижасида эса, бозор иқтисодиёти қонунларига мувофиқ, маошлар ўсиши тўхтайди ёки камаяди. Қолаверса, ишлаётган пенсионерларнинг ўзлари ҳам бу омилдан молиявий зарар кўришади: пенсия йўқотилиши натижасида уларнинг даромадлари пасаяди. Шу ўринда таъкидлаш керак, Ўзбекистонда қонун билан белгиланган пенсия ёшига етган, аммо ишлашда давом этаётган кексалар ҳам пенсия, ҳам маошларини чекловсиз олишади.
Пенсия ёшининг кўтарилиши иш жойларидаги муҳитда ёшларга хос ғайрат, жонкуярлик, бардошлилик, ижодкорлик, креативлик ва таваккалчилик каби хислатларнинг камайиши ва йўқолишига олиб келади. Эскича меҳнат усуллари, эски қолипда иш юритиш суръати сақланиб қолади, янги ғоя ва технологияларнинг пайдо бўлиши ва амалга татбиқ этиш ҳолатлари камайиб кетади. Иш самарадорлиги ва янги замонга мослашувчанлик хислати заифлашади. Жамоадаги ёшларда келажакка умид ва ишга жонкуярликни пасайтиради, кайфиятини туширади. Кексаларга хос консерватизм устуворлик касб этади.
Қолаверса, пенсия ёшининг кўтарилиши иш муҳитига “янги қон қуйилишини” тўхтатади. Коррупция, порахўрлик, бюрократия, непотизм, таниш билиш ва уруғ-аймоқчиликнинг кучайишига олиб келади. Кекса кадрлар жамоа учун ўз лавозими ва маошини қурбон қилишдан қўрқади. Тепадан берилаётган буйруқларга танқидий нуқтаи-назар билан қарамайди. Вазиятни яхши томонга ўзгартириш ҳақида бош қотирмайди. Барча буйруқларни сўзсиз бажаришга мойил бўлади.
Бунинг устига, 30-40 йил ишлаб чарчаган, соғлиғи ва қизиқишларини йўқотган одамларнинг ҳаммаси ҳам ўлгунича меҳнат қилишни истамайди. Улар ҳам ўз меҳнати самарасини кўриб, ҳордиқ чиқаришни, кексалик гаштини суришни, “ўригидан данаги ширин”, деганларидек, набираларини ўйнатиб, улар билан ўз донишмандликларини бўлашиб, тарбиясига ҳисса қўшгиси келади. Ёшлигида боргиси ва кўргиси келган, аммо иш билан бўлиб вақт топа олмаган турли мамлакатларни зиёрат қилиб, томоша қилгиси келади.
Албатта бу салбий жиҳатлар ҳар доим ва ҳамма жойда албатта юз беради, деб айтиш қийин. Бироқ уларнинг юзага келиш эҳтимоли жуда катта ва бунга реал ҳаётдан кўплаб мисоллар топиш мумкин.
Ўзбекистондаги вазият
Бир қарашда, Ўзбекистонда пенсионерларнинг нисбатан кам пенсия олишларини инобатга олмаганда, вазият рисоладагидек кўринади. Дарҳақиқат, бизда кексалар учун Ғарб мамлакатлари, ҳатто айрим Осиё давлатларига қараганда ҳам маънан қулайроқ муҳит шаклланган. Ғарбда ва номусулмон Осиё давлатларида одам кексарганида четга чиқиб қолади. Ҳеч ким уни менсимайди, ҳурматини жойига қўймайди. Ҳатто фарзандлари ҳам унга қулоқ солмайди. Шу боис уларда одамлар кексайишдан ва нафақага чиқишдан қўрқишади. Чунки иш жойида сен кимдир бўласан, кимлардир сенинг хизматинг ва маслаҳатингга муҳтож бўлади. Аммо пенсияга чиққач, сен ҳеч кимсан. Ҳатто ижтимоий ҳимоя ва тиббий хизмат сифати ўта юқори давлатларда ҳам чол ва кампирлар кексалик гаштини тўла суришмайди. Руҳий кемтикликни ҳис қилишади. Психологик қўллаб-қувватлаш ва эътиборга муҳтожлик сезишади. Шу боис Ғарб давлатларида ўз жонига қасд қилиш ва эвтаназия (оғир ёки сурункали беморларнинг ўз ихтиёри билан ўлимни танлаши) ҳолатлари кенг тарқалган.
Маданийлашув ва тараққиётдан орқада қолган ёввойи қабила ва жамиятларда ҳам ҳаётий прагматиклик ва ҳайвоний инстинктларга таянган ҳолда кексалардан қутулишга ҳаракат қилишади. Хасталаниб, қабилага фойдаси тегмай қолган кексаларни узоқ ўрмонларга адаштириб келишади. Қабила аъзолари бошқа жойга кўчса, “кексалар тез юришимизга халақит бериб, йўлдан қолдиради”, ёки “ишламасдан еб ётиб, бизга дардисар бўлишади” деб, кексаларини эски жойларига ташлаб кетишади. Ҳам “дардисар ва текинхўр”дан қутулишади, ҳам қабила озиқ-овқат дастурини бажаришади. Қолаверса улар кексаларни ейиш, улардаги ақл ва тажрибани гўшти билан бирга ўзлаштиради, деб эътиқод қилишади.
Бироқ Осиё ва мусулмон давлатларида кексайган сари ҳурматинг ошиб боради. Ёшлигингда ғирт бекорчи ва бефойда одам бўлсанг ҳам, кексайганда сени ҳурмат қилишади, эъзозлаб уй тўридан жой бўшатишади, ёрдам беришга шошилишади. Агар ёшлигингда ҳурматли ва одамларга фойда келтирган касб эгаси бўлсанг, сендан тажриба ўрганишади, ҳаётий ва профессионал муаммолар юзасидан маслаҳат сўрашади, ўзаро низоли вазиятларда ҳакам қилиб танлашади, ҳатто жамоа раҳбари, оқсоқоли этиб кўтаришади. Ислом дини ва миллий анъаналарнинг талаблари шундай муҳит пайдо бўлишига олиб келган албатта. Кексаларни шу ёшга етиб келганлари учун ҳам ҳурмат қилиш керак, деган нақл бекорга пайдо бўлмаган. Қолаверса, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди” деган. (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: “Кичикларга раҳм-шафқатда, катталарга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).
Ёки Қуръони Каримда “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!” дея буюрилган (Исро сураси, 23-оят)
Бундан кўринадики, бизнинг халқларда Ислом таъсирида табиий равишда кексаларнинг ҳурмати жойига қўйилган. Уларга фарзандлари, қўшнилари ва қариндошлари томонидан иззат-икром кўрсатилган. Қолаверса, ўзбекчиилкдаги “бу қайтар дунё” деган ақида ҳам кексаларни ҳурмат қилишга ундайди. “Кексаларни ҳурматласам, мен кексайганимда ҳам ҳурмат кўраман” деган тамойил доим ёдда туради.
Бу каби ҳурмат-иззат албатта халқ томонидан кўрсатилади. Давлатимиз ҳам пенсионерларнинг эҳтиёжларини инобатга олишга ҳаркат қилади. Пенсиялар миқдори ҳар йили 2 марта бошқа турдаги нафақалар ва иш ҳақи билан бирга ошириб борилмоқда. Пенсия пулларини исталган шаклда - нақд ёки банк картаси орқали олиш қулайлиги яратилган. Банк картасида пенсия оладиганларнинг банк ўтказмалари учун олиб қолинадиган 1 фоизлик тўлов ҳам давлат бюджетидан компенсация қилиб берилади.
Шу пайтгача Ўзбекситонда фақат иккита муаммо кўзга ташланар эди. Пенсияларни ўз вақтида бермаслик билан боғлиқ муаммо узоқ йиллар аввал ижобий ҳал қилинди. Бу борада пенсионерларда деярли шикоят йўқ.
Иккинчи масала эса эса пенсия ёшини ошириш муаммосидир. Бу масала, юқорида зикр этилганидек, салбий ва ижобий оқибатларга олиб келади. Гарчи халқаро молия ташкилотлари, жумладан, Халқаро банк томонидан Ўзбекистонда пенсия ёшини 65 ёшга кўтариш тавсия этилган бўлсада ва Ўзбекистон Пенсия жамғармаси бу масала кун тартибида эмаслигини маълум қилишган.
Фақат ёшлар ўртасида иш ўринлари билан боғлиқ, юқорида зикр этилган муаммолар бўйича эътирозлар бор холос. Қолаверса, тежамкорлик тарафдори бўлган айрим иқтисодчиларнинг айтишича, пенсионерларга ҳам пенсия, ҳам маошни тўлиқ олиш имконияти яратилгани бюджетга ортиқча юк бўлмоқда. Пенсионерларнинг ўз иш ўринларини ёшларга бўшатиб бермасликка мойиллигини оширмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда айни пайтда пенсия таъминоти билан боғлиқ вазиятни қониқарли, деб баҳолаш мумкин. Бу борада сезиларли самара берган ислоҳотлар ўтказилди. Айни пайтда бу ислоҳотларнинг ортга қайтмаслигини таъминлаш долзарб холос. Шунингдек, пенсия суғуртаси ва хусусий пенсия фондларини шакллантириш учун қонуний муҳит яратиш ҳамда пенсияларни индексациялаш ва миқдорини оширишга қаратилган амалий чораларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўларди.
Абулфайз Сайидасқаров