Покистонда аянчли поезд ҳалокати: Ўзбекистон элчихонаси баёнот берди
Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Қурбонлар сони ортиши эҳтимоли бор.
Покистон жануби-шарқида поезднинг релсдан чиқиб кетиши оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлди, улар ичида Ўзбекистон фуқаролари йўқ. Бу ҳақда Дунё агентлиги маълум бермоқда.
Туркиянинг Anadolu ахборот агентлигига кўра, яна камида 80 киши жароҳат олган.
Покистоннинг Синд вилоятида, Карачидан 275 километр узоқликдаги Навабшоҳ шаҳри яқинида 10 та вагон релсдан чиқиб кетди. Воқеа жойида қутқарув гуруҳлари ва ҳарбийлар ишламоқда. Тумандаги тиббиёт муассасаларида фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Ушбу йўналишда поездлар ҳаракати тўхтатилган.
Поезд ҳалокати сабаблари ҳозирча номаълум.
Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Қурбонлар сони ортиши эҳтимоли бор.
Ўзбекистон элчихонаси хабарига кўра, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида мамлакат фуқаролари йўқ. Вазият дипломатлар назорати остида, дейилади хабарда.