Қўрқув, ҳаяжон, ўзига ишонч ёки ҳеч нарсани ҳис қилмаслик (фотоҳикоя)

Ўйлайман, шу ёшида илм олишга ҳаракат қиляпти. Сиз эса вақт ўтиб кетди, деб ўйлаяпсиз. Кечикдим, деб баҳона қидиряпсиз.

Мақола
5 август 2023 йил
Қўрқув, ҳаяжон, ўзига ишонч ёки ҳеч нарсани ҳис қилмаслик (фотоҳикоя)

Ўзбекистонда қабул имтиҳонларининг ҳаяжонини, ҳиссиётларини деярли бутун мамлакат ҳис қилади. Имтиҳон унга қатнашувчилардан ташқари бошқаларнинг ҳам ҳаяжонига, ташвишига, дуосига ёки умуман бошқа бизнесининг ибтидосига ёки интиҳосига сабаб бўлади.

Муҳитни ҳис қилишингизга жудаям кўп одам, текширувлар, турли шахсий нарсаларингиз сақланадиган сейфлар, имтиҳон ўтказиш майдонлари, атрофидан одамлар тўпланганидан фойдаланиб олмоқчи бўлган ишбилармонлар янада ёрдам беради. Худди уларнинг барчаси чамбарчас ажралмасдек.

Мен кирган 2021 йилдаги имтиҳонини хотирлайдиган бўлсам:

Имтиҳонга кириш деганда биринчи навбатда жудаям қаттиқ текширув кўз ўнгимга келади. Аввал техникалар, кейин техникага унча ишонмайдиган одамлар. Кейин кимлигингизга ишонмайдиган FaceID. Мен имтиҳон топширганда карантин ва саломатлик текширувлари ҳам бор эди.

Чиғириқдан ўтгани келаётган абитуриентларга кимдир ҳамроҳ бўлади: отаси, онаси, опа-сингил, ака-укаси.

Мен бу йил биринчи марта гувоҳи бўлган ҳолат фарзандлари ва турмуш ўртоқларига далда бўлиш учун келганлар ёки бу ҳолатга ўзим имтиҳон топширган 2021 йилда унчалик ҳам эътибор бермаганман.

Имтиҳон – йиллар давомида олган билимларингни, ўзингни кўрсатиш вақти, ишончларни оқлаш фурсати.

Ҳаяжонларингни енгишинг, ўзингни қўлга олишинг керак. Ташқарида умид билан сени кутиб турган инсон янада масъулият юклайди.

Имтиҳон жараёнларини ҳиссиётлар билан кузатар эканман, улар орасидаги кекса ёшли отахон эътиборимни тортди. Назоратчилардан биридан отахоннинг ёши 65 да эканлигини билдим.

Ўйлайман, шу ёшида илм олишга ҳаракат қиляпти. Сиз эса вақт ўтиб кетди, деб ўйлаяпсиз. Кечикдим, деб баҳона қидиряпсиз. Умид бор экан, уни учқунлашиши учун ҳаракат қилиш керак. Шу ёшида ҳаётга енгилмаган инсонлар бор экан. Бу сенинг имконият ва уринишларинг тугамаганини англатади. Шундай енгилмаганлар ҳам кам эмас.

Имтиҳондан не ўйларда чиқаётган абитуриентларга худди хусусий ўқув масканлари “умид қўлини чўзаётгандай” таклиф беришяпти. Мана шу имкониятдан фойдаланиб олишга ҳаракат қилаётган ишбилармон хусусий олийгоҳлар. Аслида улар ўз манфаатлари учун “нишон”га олишяпти. “Отнинг ўлими – итнинг байрами, дейдилар буни.

Кутиш. Ота-оналар кутиш жойи. Фарзандининг келажаги учун келганларга жойнинг аҳамияти йўқ. Улар фақат ичкарига кириб кетган жигаргўшасини дуо қилиш билан банд, икки кўзи эса чиқиш эшигида. Назаримда, умид, ҳаяжон, хавотирнинг асл юзи айнан мана шу ерда.

Оталар. Қизининг ўқишига қайғурадиган оталар доим ҳурматимни оширган. Қизларининг том маънода ишонч тоғлари. Менинг имтиҳонимга ҳам дадам борганлар. Барча оталар қизининг имтиҳонига борсин, дейман. Чунки отанинг эътибори қизга куч беради. Қизи имтиҳондан чиққач, чарчаган кўзлар қувончга тўлади. Мана шу қувонч билан қарашнинг ўзи ҳамма нарсани ҳал қилади.

Фазилат Соиб

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+