platina.uz

ИИБ ходими, солиқчи ва Миллий гвардия ходими ушланган: ДХХ тезкор тадбир ўтказди

Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жамият
31 июль 2023 йил
ИИБ ходими, солиқчи ва Миллий гвардия ходими ушланган: ДХХ тезкор тадбир ўтказди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда ИИБ ходими, солиқ вакили, ва Миллий гвардия хизматчиси ушланди. Бу ҳақда ДХХ тақдим этган видеода хабар берилмоқда.

Жумладан, Навоий вилояти Томди тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори давлат захирасига олинган ҳудудда таркибида олтин бўлган руда қазиб олиш учун шароит яратиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бўладиган рейд тадбирларидан огоҳлантириб туриш эвазига маҳаллий фуқародан 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Бухоро вилояти Когон тумани ички ишлар бўлими ходими фуқарога нисбатан ички ишлар органларига келиб тушган аризани ўзининг ваколатли ҳамкасблари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 1300 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.

Наманган вилоятида кузатилган ҳолатда эса Давлатобод тумани давлат солиқ инспекцияси бош инспектори масъулияти чекланган жамиятнинг молиявий фаолияти юзасидан ўтказилган камерал солиқ текшируви натижасида МЧЖга 383 млн. сўмлик фойда солиғи қўшимча ҳисобланганлиги ва ушбу пул маблағи МЧЖ томонидан тўланиши кераклигини айтади.
Лекин, у солиқ ҳисоботларига ўзгартиришлар киритиш орқали ушбу суммани бартараф этиб бериш эвазига МЧЖ вакилидан 3 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Миллий гвардиянинг Андижон вилояти қўриқлаш бошқармаси Андижон туман бўлими сафдор ходими юқори лавозимда ишловчи ҳамкасблари орқали фуқарони Миллий гвардия тизимига ҳарбий хизматчи сифатида ишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+