Ёшлар парламенти раисининг фирмаси бир кунда қарийб 2,5 млрд. сўмлик тендерларни қўлга киритди
Тошкент шаҳри Олмазор тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ўтказган 5 та тендернинг барчасини “INNOGROUP” МЧЖ қўлга киритган. Ушбу фирманинг ягона таъсисчиси ва директори сифатида Тўхтамуродов Беҳзод Тоир ўғли кўрсатилган. У 2022 йилдан бери Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси ҳисобланади.
Тошкент шаҳри Олмазор тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тумандаги 5 та мактабга мехатроника хонаси ва виртуал реаллик марказини ташкил қилиш ҳамда жиҳозлаш учун 5 та тендер ўтказган.
1-ҳолат. Олмазор туманидаги 234-мактабга мехатроника хонаси ва виртуал реаллик марказини ташкил қилиш ҳамда жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар сотиб олиш мақсадида 11 июлдан 18 июлга қадар 466 млн. сўмлик тендер ўтказилган. Ушбу тендерда “INNOGROUP” МЧЖ ғолиб деб топилган. Бундан ташқари, тендерда қатнашиб, ютқазиб берган иккинчи фирма — “PROG LAN TEX SEYTEM SERVICE” МЧЖ.
2-ҳолат. Олмазор туманидаги 119-мактабга мехатроника хонаси ва виртуал реаллик марказини ташкил қилиш ҳамда жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар сотиб олиш мақсадида 18 июлдан 25 июлга қадар 493 млн. сўмлик тендер ўтказилган. Ушбу тендерда ҳам “INNOGROUP” МЧЖ ғолиб деб топилган. Тендерда ютқазиб қўйган иккинчи фирма эса яна “PROG LAN TEX SEYTEM SERVICE” МЧЖ бўлган.
3-ҳолат. Олмазор туманидаги 133-мактабга мехатроника хонаси ва виртуал реаллик марказини ташкил қилиш ҳамда жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар сотиб олиш мақсадида 18 июлдан 25 июлга қадар 493 млн. сўмлик тендер ўтказилган. Бу лотни ҳам “INNOGROUP” МЧЖ қўлга киритиб, “PROG LAN TEX SEYTEM SERVICE” МЧЖ яна ютқазиб қўйган.
4-ҳолат. Олмазор туманидаги 191-мактабга мехатроника хонаси ва виртуал реаллик марказини ташкил қилиш ҳамда жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар сотиб олиш мақсадида 18 июлдан 25 июлга қадар 493 млн. сўмлик тендер ўтказилган. Бу сафар ҳам ғолиб — “INNOGROUP” МЧЖ, мабғлуб — “PROG LAN TEX SEYTEM SERVICE” МЧЖ.
5-ҳолат. Олмазор туманидаги 224-мактабга мехатроника хонаси ва виртуал реаллик марказини ташкил қилиш ҳамда жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар сотиб олиш мақсадида 18 июлдан 25 июлга қадар 493 млн. сўмлик тендер ўтказилган. Мазкур лотда ҳам “INNOGROUP” МЧЖ ғолиб деб топилган ва тендерда қатнашиб, ютқзган иккинчи фирма яна “PROG LAN TEX SEYTEM SERVICE” МЧЖ бўлган.
Юқоридаги ҳолатлардан кўриниб турибдики, Олмазор тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ўтказилган ва ҳар бири қарийб 500 млн. сўмни ташкил этган 5 та тендернинг барчасини “INNOGROUP” МЧЖ қўлга киритган. “PROG LAN TEX SEYTEM SERVICE” МЧЖ эса барчасида ютқазган.
Мазкур тендерларни молиялаштириш манбаси сифатида Халқ депутатлари Олмазор тумани кенгашининг 2023 йил 31 майдаги II-79-69-14-197-К/23-сон қарори асос қилиб кўрсатилган. Аммо e-qaror платформасида кенгашнинг ушбу қарори жамоатчилик учун яшириб қўйилган.
“INNOGROUP” МЧЖ ҳақида
Давлат реестрига кўра, устав фонди 10 млн сўм бўлган “INNOGROUP” МЧЖ 2019 йил январ ойида очилган. Унинг ягона таъсисчиси ва раҳбари сифатида Тўхтамуродов Беҳзод Тоир ўғли кўрсатилган. Беҳзод Тўхтамуродов 2022 йилдан Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги ёшлар парламенти раиси ҳисобланади.