Сув бўйича музокаралар қизғин тус ола бошлади
Туркистон, Қизилўрда ва Жамбил вилоятларидаги сув ҳавзаларида сув етарли даражада эмас.
Қозоғистон ҳукумати қўшни давлатлар билан суғориш учун сув етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича музокаралар олиб боради. Бу ҳақда AkiPress хабар бермоқда.
Ушбу қўшни давлатлар Ўзбекистон ва Қирғизистондир. Қозоғистон ҳудудига Сирдарё суви айнан шу икки давлат ҳудудидан кириб келади.
Хабарда айтилишича, Қозоғистон ҳукумати мамлакат жанубий вилоятлари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини сув билан таъминлаш масаласини муҳокама қилган.
Экология ва табиий ресурслар вазири Зулфия Сулайменованинг сўзларига кўра, Олмаота, Жамбил, Қизилўрда ва Туркистон вилоятларидаги ўсимликлар қуруқ гидрологик циклдан зарар кўрган. Олмаота ва Жетису вилоятларида вазият барқарор.
Туркистон, Қизилўрда ва Жамбил вилоятларидаги сув ҳавзаларида сув етарли даражада эмас. Экология вазирлиги Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг тармоқ идоралари билан сув таъминоти жадвали бўйича иш олиб боради.
Бош вазир Aлихан Смаилов сув йўқотилишини камайтириш ва умуман агросаноат соҳасига сувни тежовчи технологияларни жорий этиш мақсадида гидроэнергетика иншоотларини реабилитация қилиш, модернизация ва рақамлаштиришни фаоллаштириш бўйича топшириқ берди.
Қозоғистон ҳукумати қўшни давлатлар билан суғориш суви етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича музокаралар олиб боради, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Сирдарёдан фойдаланиш бўйича келишувларни қайта кўриб чиқмоқчи экани маълум бўлганди.