Ерда икки ҳафталик магнит бўронлари бошланди. Тавсиялар

Қолаверса, тананинг стрессларга чидамлилиги пасаяди.

Жамият
8 июль 2023 йил
Ерда икки ҳафталик магнит бўронлари бошланди. Тавсиялар

Бугундан бошлаб Ер юзида 14 кунлик магнит бўронлари бўлиб ўтиши кутиляпти. Хўш, магнит бўрони ўзи нима? Унинг салбий таъсиридан қандай ҳимояланиш лозим?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги олий тоифали шифокор Раъно Носированинг фикрларини тақдим этди. 

— Ернинг магнит майдони таъсири одатда инсонларга сезилмайди, — дейди мутахассис. — Бироқ баъзан ушбу майдонда айрим одамлар ҳис этиши мумкин бўлган тебранишлар кузатилади. Бунинг асосий сабабчиси қуёшдир.

Яъни одатда унинг фаоллиги кузатилганда сайёрамизни магнит бўронлари қоплайди. Бу эса сурункали хасталикларга чалинган инсонлар саломатлигига салбий таъсир этиши мумкин. Айниқса, юрак-қон томир, асаб тизими касалликлари, қандли диабет ва бронхиал астма билан оғриётган беморлар бу ўзгаришларни кўпроқ ҳис этади.

Хусусан, артериал гипертония хасталиги бор одамларда қон босими кўтарилиб, аксинча гипотензив беморларнинг қон босими пасаяди. Қандли диабет билан оғриётган кишиларнинг қонида қанд миқдори ортади.

Қолаверса, тананинг стрессларга чидамлилиги пасаяди. Оқибатда асаб тизими билан боғлиқ муаммоси бор инсонларда гормонлар ишлаб чиқарилиши кучайиб, асабийлик, ҳолсизлик, реакция сусайиши ёки кучайиши белгилари юзага келади.

Шунингдек, магнит бўронлари пайти баъзи одамларда ёруғлик ва баланд товушларга оғриқли реакция, уйқусизлик ёки аксинча уйқучанлик пайдо бўлади. Шу сабабли магнит бўронининг салбий таъсирларидан инсонлар ўзларини ҳимоялаши лозим.

Бунинг учун, аввало, тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилиш зарур. Яъни ҳазми оғир таомлардан тийилиш, енгил егуликлар, хусусан, қайнатилган овқатлар, хўл мева ва сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади.

Кунлик таомномада туз миқдорини камайтириш керак. Чунки у қон босимини оширади. Шу билан бирга, жисмоний меҳнатни чеклаш, ақлий зўриқишлардан тийилиш мақсадга мувофиқ.

Қолаверса, шу кунлари спиртли ва энергетик ичимликлардан мутлақо воз кечган маъқул. Тез-тез илиқ душ қабул қилиш ҳам магнит бўронининг салбий таъсирини енгишга ёрдам беради.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+