Аҳоли учун энг долзарб муаммолар ҳал этиляпти
107 км узунликдаги автомобиль йўлларида 1640 тонна асфальтбетон қоришмаси билан чуқурчалар таъмирланди, 82 дона нур қайтарувчи йўл белгилари ўрнатилди.
Қўқон шаҳри таркибига киритилган “Ойдинбулоқ” маҳалласини аввал шаҳар кўчаси деб бўлмасди. Қишда лой, ёзда чанг бўлувчи кўчалар эътиборга муҳтож эди. Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳи энг чекка ҳудудларга ҳам кириб бориб, аҳоли учун энг долзарб масалаларни ечишга хизмат қилаётгани ойдинбулоқликлар жонига оро кирди. Айни кунларда бу қишлоқдаги 14 км тупроқ йўлларга шағал ётқизилмоқда.
Ойдинбулоқликларнинг айтишича, 35-40 йил деганда кўчалар таъмирланиб, эскирган симёғочлар бетон устунларга алмаштириляпти. Янги трансформатор ўрнатилиши билан 200 га яқин хонадон нурафшон бўляпти.
Умуман олганда, Фарғона вилоятида Республика ишчи гуруҳининг мурожаатлар асосидаги ўрганишлари натижасида 139 км тупроқ йўллар шағаллаштириляпти. Жами электр таъминотини яхшилаш мақсадида 113 та темир бетон таянчлар янгиланди, 3 дона трансформатор ўрнатилди ҳамда 4,7 км тармоқ тортилди.
Шу билан бирга, 107 км узунликдаги автомобиль йўлларида 1640 тонна асфальтбетон қоришмаси билан чуқурчалар таъмирланди, 82 дона нур қайтарувчи йўл белгилари ўрнатилди ва 25 та жойда пиёдалар ўтиш жойларини белгилаш ишлари бажарилди.
Вилоятдаги йирик шаҳарлардан бири Марғилоннинг 4 мингдан зиёд аҳолига эга Чорчинор маҳалласида ҳам ҳудуд аҳолиси мурожаатлари асосида янги трансформатор ва бетон устунлар ўрнатилиб, 1,5 км. тармоқ тортилгани ҳам шу саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят тиббиёт муассасаларидаги тажрибали, юқори малакали шифокорлар иштирокида Ёзёвон, Қува, Тошлоқ туманлари, Қўқон ва Марғилон шаҳарларида ташкил қилинган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар давомида 85 нафар беморга даволаниш учун имтиёзли йўлланмалар берилгани ҳам аҳоли мурожаатларига берилаётган эътибор ифодасидир.
Бундан ташқари, вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан 3 050 нафар фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига 161,8 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилиши таъминланди. Жумладан, Олтиариқ, Фарғона, Учкўприк туманлари, Қўқон ва Қувасой шаҳарларида ишсиз-эҳтиёжманд 398 нафар мурожаатчига субсидия асосида тикув машиналари, мотокультиваторлар, инкубаторлар ва бошқа меҳнат анжомлари олиб берилди.
Бу каби хайрли ишлар, айниқса, электр энергияси, газ ёки ичимлик суви таъминотида ечим топилаётган муаммолар, буларнинг барчаси – ёзда қишга кўрилаётган ҳозирлик аслида. Президент Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида танлаб олинган энг оғир ҳудудлардаги бу каби тизимли масалаларнинг аксарияти эса дастурларга қўшимча кўмак сифатида ички имкониятлар ҳисобидан ҳал қилиняпти.