platina.uz

Одамлар энг биринчи қайси соҳани коррупциядан холи қилиш кераклигини айтишди

Халқда очкўзни тупроқ тўйдирар, деган нақл топиб айтилган. Бу айни пайтда жамиятимизда кузатилаётган ҳолатларга ҳам тўла мос келади. Акс ҳолда коррупцияга қарши курашиш учун алоҳида агентлик ташкил этилиб, ҳар бир соҳа учун комплеанс назорат тизими жорий қилиниб, ҳар бир сўмнинг ҳисоб-китоби учун талаб кучайтирилган бўлишига қарамай, кунда кунора қайсидир соҳада коррупциянинг у ёки бу тури учрагани ҳақида маълумотга кўзимиз тушади. Ана шу ачинарли ҳолатда энг аввало қайси соҳага катта куч бериб, коррупциядан холи қилишга эришиш керак?
Жамият
10 март 2023 йил

Яқинда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги умуматаълим мактаби мансабдор шахслари томонидан коррупция содир этилгани ҳақида маълумот берди.

Жорий йил 4 март санасида тақдим этилган воқеа тафсилотларига кўра, 2022 йилнинг декабрь ойига қадар Қуйичирчиқ туманида жойлашган умумтаълим мактабига инглиз тили фани ўқитувчиси сифатида ишга киришни сўраган мурожаатчидан директор ўринбосари “С.А.” ундан пора беришини талаб қилган.

Агентлик маълумоти асосида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қуйичирчиқ туман бўлими томонидан ўтказилган тадбирда директор ўринбосари “С” фуқаронинг инглиз тили фани ўқитувчиси лавозимига қабул қилишга мактаб директори орқали ҳал қилиб бериш эвазига тамагирлик йўли билан пора олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, яқинда агентлик Асака туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ўтказилган давлат харидида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани ҳам хабар қилган. Қашқадарёда эса имтиёзли кредит маблағларини мақсадсиз йўналтирган ҳоким ёрдамчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Қурилишда ҳам бундай ҳолатлар йўқ эмас. Ваҳоланки, жамиятимизда коррупцияга қарши кураш учун барча имкониятлар ишга солинган. Лекин жамият кушандаси бўлган коррупция ҳали ҳамон учраб тургани ачинарли.

Ана шу ачинарли ҳолатда энг аввало қайси соҳага катта куч бериб, коррупциядан холи қилишга эришиш керак?

Бу саволга жавоб топиш учун биз уч йўналиш – сифатли қурилиш, сифатли таълим, сифатли тиббиёт доирасида аҳоли фикрини билишга қизиқдик. Хўш, улар энг аввало қайси соҳани коррупциядан холи қилишни исташади?

Аҳоли фикрига кўра, энг аввало таълимни коррупциядан холи қилиш керак. Агар таълим корррупциядан холи бўлса, сифатли таълим ва қурилишга эришса бўлади, деган фикрда кўпчилик. Аммо улар орасида бу натижага эришишга ишонмайдиганлар ҳам борлиги эътиборни тортадиган муносабат, дейиш мумкин.


Аббос ИМОМОВ

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+