Рекорд даражадаги иссиқ, чанг-тўзон ва ўзига мукофот пули ёзган гидрометчилар (видео)
Нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёгача “палак ёяётган” Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумотларига ишонса бўладими? Об-ҳаво башорати нималарга асосланади? Бу йил ёз ўтган йилги рекордни ҳам ортда қолдирадими? Чанг-тўзонли об-ҳаво яна бўладими? “Гидромет” хизмати агентлиги “катта”лари ўзларига ёзган мукофот пулларини бюджетга қайтардими?
Нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёгача “палак ёяётган” Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумотларига ишонса бўладими? Об-ҳаво башорати нималарга асосланади? Бу йил ёз ўтган йилги рекордни ҳам ортда қолдирадими? Чанг-тўзонли об-ҳаво яна бўладими? “Гидромет” хизмати агентлиги “катта”лари ўзларига ёзган мукофот пулларини бюджетга қайтардими?
“Халқона” лойиҳасининг бугунги меҳмони – Гидрометереология хизмати агентлигининг раҳбари Шерзод Ҳабибуллаевдан ана шу саволларга эксклюзив жавоб олдик.
– Аввало соҳада охирги 5 йилда қандай ўзгаришлар бўлди, қандай ислоҳотлар амалга оширилди?
– Ҳар бир ўзгаришнинг ўз тартиби ва босқичи бўлади. Аввало кадрлар потенциалига тўхталиш керак. Ўтган 30 йил давомида кадрлар масаласи, умуман, молиялаштириш масаласи долзарб бўлган. Бу соҳада оқсоқланиш бўлган. Бу кадрларнинг ўсиши, устоз-шогирд тизимида ёшларнинг камлиги билан боғлиқ. Ёшларнинг бу ерга ишга келмаслигининг асосий сабаби ойлик маош миқдорининг пастлиги бўлган.
Президентимизнинг икки ярим йил аввал қабул қилган катта қарорлари билан ташкилотимизда ойлик маошлари 3,5 бараваргача, вақти келса, узоқ йил ишлаганларники 4 бараваргача кўтарилди. Шу билан бирга, қўшимча хизматлар кўрсатиш тартибига ўтилди. Фермер хўжаликлари ва кластерларга кўрсатилган хизматлар асосида, ким шу ишларга ҳисса қўшган бўлса, ойлик маошига қўшимча мукофот берилади.
Иккинчидан, моддий томондан ҳам жойларда катта ўзгаришлар қилинди. Яъни, бизда узоқ ҳудудларда ишлайдиган станцияларнинг кўпчилиги халқаро стандарт бўйича куну тун, 24 соат доимий ишлайди. Ўша стандартлар бўйича иш шароитлари яхшиланди. Станциялар замонавий асосда янгиланди. Улар замонавий техникалар билан таъминланди. Қуёш панеллари ўрнатилиб, энергетик мустақиллиги таъминланди. Станциялар маълумотларни ҳар 10 дақиқада янгилаб, автоматик режимда узатиб туради. Шунингдек, ишчи ходимларнинг иш шароитлари ҳам яхшиланган.
Учинчиси, бизнинг халқаро даражадаги мақомимиз. Бу асосийси ҳисобланади. Ҳозирги бизнинг Гидрометрология марказимиз минтақада етакчи ҳисобланган ва буни халқаро метрология ташкилоти расмий тан олган. Ҳозирги кунда шу мақомнинг ўзини оқлаяпмиз. Биз берган прогнозлардан Марказий Осиёда ёрдам сифатида фойдаланишади. Шу билан бирга, Марказий Осиёдаги барча маълумотлар бизнинг супер компьютеримизга келиб тушиб, маълумотларга ишлов берилиб, ҳар уч соатда янгиланиб, халқаро метрологик ташкилотга ва Жаҳон банкига (World bank) узатилади.
Бу тизим аввал ҳам бор эди. Лекин прогнозлаш даражаси фақатгина Ўзбекистон миқёсида бўлган бўлса, ҳозир Марказий Осиё миқёсида ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Оддий мисол - сув баланси. Ҳар доим йил бошида музликларни ўрганиш, қор ва ёмғир ёғингарчиликни ўрганиш, сунъий йўлдошдан олаётган маълумотларимиз, жойлардаги автоматик станцияларнинг ҳаммаси берган маълумотлар йиғиндисидан бир йиллик сув баланси чиқарилади. Баланс асосида Ўзбекистон ҳудудида қанча сув бўлиши мумкинлиги ҳисоблаб чиқарилади. Ана шу ҳисоб-китоблар ҳозир Марказий Осиёда ҳамкорликда амалга оширилмоқда ва уларда ҳам, бизда ҳам бу маълумотлар юқори даражадаги аниқлик билан қабул қилинади.
– Бу йил Ўзбекистонни нималар кутяпти? Ўтган йили чанг бўронлари, аномал иссиқ ва аномал совуқлар бўлди. Бу йил ҳам шу такрорланадими?
– Қисқа қилиб айтганда ёз фасли яхшигина иссиқ бўлиши кутилмоқда. Бу борада тегишли прогнозларни берганмиз. Ўтган йили барча шаҳарларимизда иссиқлик рекордлари ўрнатилган бўлса, бу йил ўша даражадан кам бўлмаслиги прогноз қилинган.
Бу фақат Ўзбекистон олим ва мутахассисларининг хулосаси эмас. Бу халқаро даражада олимларнинг ҳам хулосаси. Прогнозлар эса юқорида айтганимдек, узоқ муддатли прогноз, сув камлиги, сув балансидан келиб чиқиб, аҳолимиз сони Марказий Осиёда энг кўплиги инобатга олиниб, ҳамма ҳисоб-китоблардан келиб чиқиб, кейин тайёрланади.
Бу йил ёз, прогнозларимизга кўра, ҳақиқатан ҳам жуда иссиқ бўлади. Гап унинг иссиқлигида эмас, ҳарорат даражасида эмас. Масалан, ўтган йили июл ойида маълум бир вақтда 40 даража бўлса, иссиқликнинг ана шу давом этиш даври муҳим. Шу жиҳатга аҳамият беришни сўраган бўлардим. Сабаби, мана “иссиқ бўлмадику, 38 бўлдику, ёки 35 бўлдику”, деб эътироз билдиришлари мумкин. Тўғри, кўп йиллик маълумотларга нисбатан, иссиқ бўлиши жудаям тезлашиб кетди. Олдинлари бу иссиқларнинг энг узоқ давом этгани 5-7 кун бўлган. Кечаси ҳам кундузи ҳам. Ўтган йили бу бизда 20 кунга чиқди. 20 кун баланд ҳарорат бўлиб турган. Бу йил ҳам 20 кун бўладиган бўлса, бу иссиқ ҳатто рекорд бўлмаса ҳам, таъсири сезиларли даражада бўлиши мумкин. Энг аввало, ёш болалар, ёши улуғлар, қарияларимиз, об-ҳаво ўзгаришларига сезгир одамларга таъсир қилади. Ёки техникаларни олайлик. Улар ҳам маълум ҳароратда самарали ишлайди. Совутиш тизимлари зўриқиб ишлаши керак. Ҳатто маълум ҳароратда ишдан тўхташи ҳам мумкин. Бизнинг прогнозларимизга кўра, мана шу давомийлик узоқ бўлиши кутилмоқда.
– Сув танқислиги оқибатида ўтган йили қурғоқчилик натижасида масалан, Қозоғистонда чанг-тўзон бўронлар кўтарилган эди. Бу йил ҳам шу ҳолат такрорланадими?
– Намлик билан чангли бўронни боғлаш қийинроқ. Марказий Осиё Хитой ва Эрон орасида жойлашган. Энди мутахассислар Марказий Осиёни ҳам, яъни кўпроқ Қозоғистон ҳудудларини ҳамда Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чўлли ҳудудларини учинчи манба сифатида кўра бошлади. Агар давлатимиз раҳбари томонидан олдимизга қўйилган катта-катта лойиҳаларни амалга оширмасак, бу нарсаларни юмшатилишига эришамиз.
Олимларнинг ҳисоб-китоблари бўйича ҳозир Марказий Осиёда ҳаво йилига 2 даражадан исиб боряпти. Бу Марказий Осиё учун катта кўрсаткич ҳсобланади.
– “Гидромет” қандай манбалар ҳисобидан молиялаштирилади?
– Ўзгидромет фаолиятининг асосий молия манбаси давлат бюджети ҳисобланади. Тўлиқ бюджетдан молиялаштирилади. Қўшимча тўловлар эса, узоқ йиллар ишлагани, олимларимизнинг ҳам қўшимча устамалари ҳам ҳаммаси бюджет параметрларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Шу билан бирга, Ўзгидромет ўзининг олдига даромад олишни мақсад қилиб қўймаган. Асосий мақсад – ўз хизматимизни бажариш.
Лекин икки ярим йил олдин биз берган маълумотларни кўрсак, бизнинг хизматларимиз мижозбоп бўлмаган. Фойдаланадими, йўқми, бир хил эълон қилинган.
Лекин 2, 5 йил аввал шу ерга ишга тайинланганимдан кейин турли ташкилотлар ва кластерлар билан шартнома асосида хизмат кўрсатишни йўлга қўйдик. Яъни ҳар бир талабгорга ўз эҳтиёжлари ва қизиқишларидан, айнан қандай маълумот фойдали эканидан келиб чиққан ҳолда хизмат кўрсатишга ўтдик. Натижада четдан келадиган тушумлар 10 бараварга кўпайди.
Бу бюджетдан ажратилган маблағдан 10 фоиз қўшимча тушум ҳисобланади.
Ким хизмат кўрсатган бўлса, бу пул тақсимланиб, ойлик маошига қўшиб берилади.
– ОАВда баъзи ҳужжатларнинг нусхалари тарқалиб, шов-шувга сабаб бўлди. “Ўзгидромет” раҳбари ва ўринбосари ўзларига ўзлари отнинг калласидек маош ёзиб олишибди, деган хабарлар тарқалди. Ҳаттоки 40 миллион сўмдан гапиришди...
– Ижтимоий тармоқларда кўрсатилган ҳужжатлар аслида очиқ ҳужжатлар. Қолаверса, бу ҳужжатларда нафақат директор ва унинг ўринбосари, шунингдек, бошқа хизмат кўрсатган ходимлар ҳам моддий рағбатлантирилган. Бу маблағлар кўрсатилган хизматлардан тушган маблағлар ҳисобидан тўланган. Бюджет пулларидан шакллантирилмаган. Кўрсатилган хизматлардан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби бўйича қилинган. Унга тегишли ҳамма рухсатномалар олинган. Бу ҳужжатлар мавжуд. Ҳаммаси қонуний расмийлаштирилган.
Энди рухсат берсангиз яна бир жиҳатини айтмоқчи эдим. Бу масала ижтимоий тармоқларда чиққанидан кейин, реакция бизга маълум бир даражада ёрдам берди. Кўпчилик ёшлар иш сўраб мурожаат қилди. “Демак, сизларда шундай молиявий имконият” бор экан, дейишди. Албатта бу пуллар шартномалар тузишга муваффақ бўлганлар орасида тақсимланади. Бу тартиб мавжуд. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда тарқалгани бир тарафдан яхши ҳам бўлди. Биринчи тарафи ёшларни қизиқтирди.
Иккинчи томони шуки, биз учун, ташкилот учун бир синов бўлди. Ишимизнинг натижаси, фаолиятимиз шаффофлигига баҳо бўлди. Айримлар изоҳларда ёзишди: “бир марта қишни аниқ айтган бўлса шунча мукофот пули оладими”, деб. Ҳеч бўлмаса хурсанд бўлганим, мукофот ўз йўлига, уни қонуний расмийлштриган эдик, ҳеч бўлмаса қиш об-ҳавосини бир марта аниқ тўғри айтдику, деган баҳодан хурсанд бўлдик. Чунки биз 24 соатли режимда ишлаймиз. 1, 3, 5, 10 кунлик прогнозлар чиқарамиз. Соат 9 да бериладиган прогноз учун мутахассилар соат эрталаб 5 дан келиб мунозара қилишади...
– Кечирасиз, прогноз ўз йўлига, лекин ўша мукофот пул мавзусига қайтсак. Демак, мукофот пули ёзшингизга юқори турувчи раҳбарият рухсат берганми?
– Ҳа рухсат беришган.
– Нега унда фақат сизнинг имзоингиз турибди?
- Чунки юқори раҳбариятнинг имзолари олингач, кейин шу буйруқ қабул қилинган. Бундай масалаларни икки идора – Молия вазирлиги ва Ғазначилик текширувдан ўтказади. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда тарқалганидан кейин алоҳида қўшимча текширувлар ҳам ташкил этилди. Ҳамма ҳужжатлар кўрсатилди. Ҳаммаси асосли экани тасдиқланди. Яна бир гап, агар ўша ўша мукофот пули нотўғри шакллантирилганда мен ўша пулни қайтариб беришим керак эди. Шу билан масала ёпиларди аслида.
– Қайтариб бермадингизми?
– Қайтарилгани йўқ. Чунки ўша мукофот пули қонуний расмийлаштирилган. Бу биринчидан. Иккинчидан, бу бюджет пули эмас. Яъни кўрсатилган хизматлар маблағидан олинган. Агар сал чуқурроқ қарайдиган бўлсак, буни махсус ихтисослаштирилган хизматлар, дейди.
– Кластерлар билан нима ҳақда шартнома тузасизлар?
– Бу жудаям оддий. Масалан, яхши бир кластеримиз бор. Мисол келтиришим мумкин. Гилосчи кластер бор, у Хитойга гилос экспорт қилади. 10 миллион долларлик гилос экспорт қилади. Жуда катта ҳажмда. У билан шартнома тузишдан аввал унинг автоматик метеостанцияси бўлган. Америка билан Европага интеграция қилинган бўлган. Лекин ҳудуддаги вазиятни фақат битта метеостанция билан шакллантириб бўлмайди. Масалан, Қозоғистондан кириб келаётган оқимни камида 10 кун олдин айта оламан. Демак, мавсумий шароитда, баҳор ва кузда мевали дарахтларни совуқ уриб кетишининг олдини олиш бўйича шартнома қилдик. “Менга аслида 3 кун олдин етарли, мен ҳаракатларимни қилиб, боғимни сақлаб қолиш чорасини кўришим керак”, деди. Биз уларга 5 кун олдин айтдик. Ўтган йилда ва ундан олдинги йилларда кун исиб кетиб, бирданига ҳарорат совиб кетди. Шунда нобудгарчилик юз беради. Биринчи марта шартнома қилганимизда ўша гилосчи кластерни ўз вақтида огоҳлантирдик ва уларга иссиқ кетидан қачон совуқ келишини айтиб турдик. Ҳар куни 2 маҳал қўнғироқлашиб, маълумот бериб турдик. Шу боис баҳорда вақтинча иссиққа ишониб, дарахтларни “уйғотмадилар”. Акс ҳолда кейин келган совуқ дарахтларни уриб кетиши мумкин эди. Улар дарахтларни сақлаб қолиш бўйича ўз вақтида чора кўришга муваффақ бўлишди. Мавсум тугаганидан кейин, гилосни экспорт қилиб олишганидан кейин, 9 миллион даромад бўлдими десам, 18 миллион даромад қилдим, деди.
Мен “қандай қилиб ахир, 10 миллионлик товар эдику, 1 миллион харажат қилдингиз, 9 миллион қолмадими, деб сўрасам, “қолганларникини совуқ уриб кетдику. Шунга гилосни нархини оширдим”, деб жавоб берди.
Шу ўринда бир нарсани айтиш керакки, тадбиркор бировга осонликча пул бериши қийин. Ҳисоб-китобли одам бўлади. Агар шу маълумотим учун пул берган бўлса, демак, унга керакли маълумотни беряпман.
Хорижда бу амалиёт кенг қўлланилади. Чунки уларга хусусий ташкилотлар ҳам об-ҳаво прогнози билан шуғулланади. Афсуски, бизда бундай рақобатчиларимиз йўқ.
Узоққа бормайлик, Бўстонлиқда хусусий тадбиркор вертолётда хизмат кўрсатяпти. Уларга шамол тезлиги, йўналиши ҳақида махсус ва тезкор маълумотлар керак. Омма учун чиқариладиган прогнозларда бундай тафсилотлар кўрсатилмайди. Чунки кенг аҳолига бунинг кераги ҳам йўқ. Биз уларга мослаштирилган хизматлар кўрсатишга шартнома қиламиз.
Ёки бўлмаса айрим кластерлар ёки субъектлар ернинг 20 сантиметрга қандай ҳароратда бўлишини билиш зарур. Ёки сувнинг ерга қанчалик шимилгани ҳақида маълумотлар беришимиз мумкин. Бу маълумот эса ёғингарчилик миқдори ҳисоблаб чиқарилади.
Кенг аҳолига 5-10 кун ичида ҳарорат қандай бўлади, ёғингарчилик бўладими-йўқми, шуниси муҳим, холос. Масалан сиз ҳам “зонтик” олиб чиқиш керакми-йўқми, билсангиз кифоя. Ёки ижтимоий тармоқларда қизиқиб сўрашади: машина ювсам бўладими-йўқми, дейишади. Чунки лойгарчилик ва ёмғир бўлса, меҳнат зое кетади-да!
Ва иккинчи, энг асосий тамойили – шартнома қилганда бизнинг ҳам масъулиятимиз бор. Прогнозларимизга кафолат берамиз. Агар нотўғри маълумот бериб, зарар кўришига сабаб бўлсам, мени ҳам судга беришга ҳаққи бор. Шунинг учун шартноманинг масъулияти бор.
Бизда ҳам хусусий прогнозчилар бўлиши тарафдоримиз. Бу қонун билан чекланмаган. Буни чеклашмоқчи бўлишганида бунга мутлақо қарши бўлганман. Чунки давлат ташкилоти тезкорлик ва сифатда ҳеч қачон тадбиркорлик субъектларига рақобатчи бўла олмайди. Тадбиркор бозорга тез мослашади. Бозорга керакли маҳсулотни олиб чиқади.
Мен истардимки, биздаги мутахассислар иш ўрганиб, кейин шу соҳада ўз бизнесини очиб, ўзини прогнозини берсин, марҳамат! Фақат Гидрометнинг платформасига интеграция қилган ҳолда.
Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ суҳбатлашди.