БМТ қўйган мақсадлар: Ўзбекистон қайси бирида қийналяпти? (видео)
БМТ томонидан илгари сурилган 17 та мақсаднинг 16 тасини Ўзбекистон ихтиёрий равишда қабул қилган.
Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ)га аъзо 193 та давлат 2015 йилда Барқарор ривожланиш мақсадларини қабул қилган. 193 та давлат каби Ўзбекистон ҳам камбағалликни қисқартиришдан тортиб, озиқ-овқат хавфсизлиги-ю, таълим, соғлиқни сақлаш, экология каби муҳим масалаларни ўз ичига олган ана шу барқарор ривожланишга оид 17 та мақсаднинг 16 тасини амалга оширишга бел боғлаган.
Барқарор ривожланиш маркази мутахассисларининг фикрича, БМТ томонидан илгари сурилган бу мақсадларнинг 16 тасини Ўзбекистон ихтиёрий равишда қабул қилган. Биз улар билан “Халқона” лойиҳаси доирасида бугунги кунгача ушбу мақсадларнинг қайси бирини Ўзбекистонда амалга ошириш қийин, қай бирини осон кечаётгани ҳақида суҳбатлашдик.
Нодир Сафаров, Барқарор ривожланиш маркази Барқарор ривожланиш жараёнларини ўрганиш бўлими бошлиғи:
— Бутун дунё давлатлари 20-асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, ўз миллий ривожланиш йўлларини қидира бошлаган. Бунинг натижасида барқарор ривожланиш, деган тушунча пайдо бўлган. Ҳозирги давримизга келадиган бўлсак, БМТга аъзо 193 та давлат 2015 йилда БМТнинг Барқарор ривожланиш соҳасида Барқарор ривожланиш мақсадларини қабул қилган бўлиб, бу кун тартиби барқарор ривожланишга эришиш учун ҳаракатлар режаси деб тан олинган ва Ўзбекистон ҳам 193 та давлат каби бу мақсадларни ўзи учун қабул қилган. Барқарор ривожланиш бу жамиятдаги барча инсон учун фаровон ҳаётни таъминлаш демакдир.
Гулхаё Барноева, Барқарор ривожланиш маркази Барқарор ривожланиш жараёнларини ўрганиш бўлими бош мутахассиси:
– Барқарор ривожланиш мақсадлари глобал мақсадлар. Ва халқаро даражада қашшоқликни йўқ қилиш бутун сайёрадаги инсонларнинг фаровон яшаши учун хизмат қилувчи мақсад, вазифа ва индикатор кўрсаткичларидан иборат. Умумий даражада 17 та глобал максадни ўз ичига олади. Вазифалари сони эса 169 тани ташкил этади. Ўзбекистон ушбу 17 та барқарор ривожланиш мақсадидан 16 тасини қабул қилган. Вазифалардан эса 169 тадан 126 та вазифани қабул қилди.
Биринчи мақсад – бу қашшоқликка барҳам бериш, деб номланади. Барча жойлардаги кам таъминланганлик даражасини пасайтиришга қаратилган.
— Барқарор ривожланиш йўлидаги мақсадлар қандай кучга эга? Тавсия кучига эгами? Ёки юридик мажбуриятлар юклайдими?
Нодир Сафаров:
– Барқарор ривожланиш мақсадлари бирор-бир юридик кучга эга эмас ва бирор давлат буни бажариш бўйича зиммасига юридик мажбурият олмаган. Аммо БМТ назарида ҳар бир давлат Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун ўзига ихтиёрий мажбурият олади. Ҳар бир давлат унга эришиш бўйича жараёнларнинг мониторингини олиб бориб, ҳар 2 йилда ҳисобот беради. Яъники, барқарор рвожланиш мақсадларига эришиш ҳар бир давлатнинг ўз хоҳиши бўлиши керак.
– Барқарор ривожланиш мақсадлари талаблари бажарилишини қайси ташкилот назорат қилади? Ёки мониторинг олиб боради?
Саламат Ктайбеков, Барқарор ривожланиш маркази Сиёсий таҳлил ва инновацион ечимлар бўлими бош мутахассиси:
– Барқарор ривожланиш мақсадларини ўрганиш мониторинги бўйича комиссия ташкил қилинган. Бундан ташқари Президент ҳузуридаги Давлат статистика қўмитаси бу билан шуғулланади. Содда қилиб тушунтирганда, Барқарор ривожланиш мақсадлари бу умумий дунёнинг ривожланиш бўйича йўл харитаси ҳисобланади. Глобал барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда Миллий барқарор ривожланиш мақсадлари мавжуд. Чунки глобал мақсадлар ҳаммага тўғри келмаслиги мумкин. Шунга асосланиб, ҳамма ўзининг миллий мақсадларидан келиб чиқади. Масалан, 4-мақсад “Таълим” бўлса, баъзи ривожланган давлатларда таълим сифати жуда кучли ва кенг аҳоли қатламларини қамраб олади. Шунинг учун улар бу мақсадни устувор, деб қабул қилмаслиги мумкин.
– Бунга қайсидир ташкилот пул ажратадими? Умуман молиялаштириш халқаро ташкилотлар ҳисобиданми ёки Ўзбекистон ўз бюджетидан пул ажратиладими?
Нодир Сафаров:
– Бу саволга глобал нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ҳар йили барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун керакли инвестиция миқдори 5-7 триллиард долларга тенг. Кўрсаткичлар шуни билдиряптики, ҳозирда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун бутун дунё миқёсида етарли пул ажратилаётгани йўқ. Ва айнан Ўзбекистон бу мақсадларга жадал эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Мисол учун 1-Барқарор ривожланиш мақсадини айтадиган бўлсак, Ўзбекистонда ҳар йили, охирги кўрсаткичларга қараганда, масалан, 2021 йилда ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш учун давлат бюджетининг деярли ярмини ажратган. Бу 5,7 триллиард сўм дегани. Яъни, айтишимиз мумкинки, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун етарлича катта маблағ оқими йўналтириляпти. Аммо яхшироқ натижаларга эришиш учун бундан-да кўпроқ манбалар талаб этилади.
– Албатта ҳар қандай чора-тадбир, режа амалга оширилишига аниқ муддат қўйилиши керак. Бўлмаса бу жараён чексиз давом этиши мумкин. Инсоннинг умри ҳам етмай қолади. Шу жиҳатдан олиб қараганда Барқарор ривожланиш мақсадлари қачонгача амалга ошириш керак?
Саламат Ктайбеков:
– 2030 йил бу мақсадларга эришиб бўлиниб, бошқа мақсадлар қўйилиши мумкин. Айтиб ўтишимиз керакки, 2015 йилгача бошқа, яъни минг йиллик мақсадлар бўлган. Унга эришиб бўлинди. Кейин инсоният олдида бошқа, яъни экологик, аҳолини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя каби муаммолар пайдо бўлди. Ўзбекистонни айтадиган бўлсак, шу даврда 2,2 миллион одамга ижтимоий ёрдам берилди. Камбағаллик эса 17 фоиздан 14 фоизга камайди. 1 миллион одам камбағалликдан чиқди.
Гулхаё Барноева:
– Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда рейтинг шакллантирилди. Бу рейтингда Ўзбекистонда 165 та мамлакат ичидан 77-ўринни қайд этди. 17 та барқарор ривожланиш мақсадларидан 6 тасида улкан натижаларга эришилди. Масалан, юқорида келтирилган маълумотлардан камбағалликни қисқартириш бўйича улкан, илғор ютуқларга эришган мамлакат сифатида қайд этилганини айтиш мумкин.
Саламат Ктайбеков:
– 2020 йил короновирус пандемияси бўлганда БМТга аъзо барча мамлакатларнинг бу мақсадларга эришиш йўлидаги ҳаракати ҳаммаси йўққа чиқди. Агар пандемиягача дунё бўйича 585 миллион камбағал киши бўлган бўлса, 2022 йилда короновирус пандемияси туфайли дунёда камбағаллар сони 676 млн.га етди.
Ўзбекистон пандемия пайтида камбағаллик даражасини кўпайтирмасдан ушлаб туришга ҳаракат қилди. Юқорида айтиб ўтилганидек, камбағаллик даражаси 3 фоизга камайди. Аҳолига максимал ёрдам берилмоқда.
– Шунда бу мақсадлар БМТ доирасида ушлаб туриладими ёки қайта кўриб чиқилмайдиган нарсами?
Гулхаё Барноева:
– Юқорида келтирдикки, 2015 йилда 115 та индикатор кўрсаткичи бўлган. 2022 йилга келиб 225 та индикатор кўрсаткичи пайдо бўлди. Бу нима дегани? Ҳар бир соҳада муаммо юзага келадими, демак, ўша муаммога ечим сифатида индикатор ишлаб чиқилади. Ўзбекистон ҳам даставвал индикатор кўрсаткичларининг 126 тасини қабул қилган бўлса, бугунги кунга келиб, муаммоларининг қамров даражасини кенгайтириб, 190 тага етказди. Бу биз 2030 йилгача 190 та индикатор кўрсаткичи билан қоламиз, дегани эмас. Муаммонинг юзага келиши билан янада вазифалар, индикаторлар кўпайиши мумкин. Ёки аксинча муаммоларимиз ҳал бўлиб, уни қисқартириш имкониятига ҳам эга бўлишимиз мумкин.
2022 йилдаги охирги статистикага қарайдиган бўлсак, қашшоқликда яшовчи аҳоли 676 миллион бўлса, 2030 йилга бориб, глобал миқёсда бу кўрсаткич 570 миллионни ташкил қилиши кўзда тутиляпти. Яъни камбағаллар сонини 2015 йилга нисбатан 30 фоизга қисқартириш керак.
Нодир Сафаров:
– Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш кўзда тутилганда, шуни тушуниш керакки, бу фақат БМТнинг мақсадлари эмас. Ёки битта давлатга хос эмас. Ёки фақат Ўзбекистоннинг мақсадлари эмас! Балки бутун ҳамжамият бирлашиши керак. Яъни барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун ҳам ҳукумат, ҳам парламент, ҳам фуқролик жамияти институтлари, ҳам илмий ҳамжамият ва бизнес структуралар, ҳатто ҳар бир фуқаро бунга ўз ҳиссасини қўшиши керак. Янги муаммо пайдо бўлса, индикаторлар ўзгариб, унга керакли ечимлар ишлаб чиқилади.
– Хўш, қайси мақсадни бажариш Ўзбекистонда қийин кечяпти? Ва қайси бири жуда осон?
– Барқарор ривожланиш мақсадларидаги энг қийини бу 13-мақсад – Иқлим ўзгаришига қарши курашиш – экология билан боғлиқ.
Бутун дунёда кўриб турибмизки, ҳозир иқлим ўзгариши карбонат ангидрид кўпайиб кетиши билан боғланяпти, бу муаммоларнинг ечимини топиш қийин бўляпти.
Яъни ҳар бир давлат олдида танлов бор: биринчиси – тезкор иқтисодий ўсиш. Бунда чиқадиган чиқиндиларга ҳам қарамай, янги завод-фабрикалар, иссиқлик электростанциялар қуриш лозим. Бу эса ўз навбатида табиатга зарар етказади.
Иккинчи танлов бу – катта сармояни талаб қилади. Масалан, яшил энергетикага ўтиш.
Лекин ҳамма давлат ҳам бу катта инвестицияни топиши қийин. Буни ҳал этиш кўп вақт талаб қиладиган жараён.
Барқарор ривожланиш мақсадларининг эришиш осон мақсадларига эса бемалол таълимни айтсак бўлади. Чунки бизнинг давлат таълим қамрови бўйича етакчилик позицияда турибди. Чунки Ўзбекистон аҳолисининг 99 фоиздан зиёд ўқиш-ёзишни билади, саводли. Масалан, Африка давлатлари билан таққослаганда, ҳатто Европанинг айрим давлатлари билан таққослаганда ҳам, улардан орқада эмаслигимизни кўрсак бўлади.
– Масалан, бирор давлат барқарор ривожланиш мақсадларига эътибор берса, шунга пул сарфласа, аммо иқтисодиёт ривожланишини пасайтирса, лекин унинг қўшниси иқтисодиётни кучайтирса, табиатдан фойдаланса, ўрмонларни кесиб бойиб кетса... Бу икки тафовутни қандай изоҳлаш мумкин?
– Агар барқарор ривожланиш мақсадларига амал қилинадиган бўлса ва ҳаракат қилинса, 2030 йилгача дунё бўйича 380 миллиондан ортиқ ишчи ўрни яратилган. Яъни фуқаронинг ҳар 20 дан биттаси учун янги иш ўрни яратилади.
Бу ҳар бир давлат учун жудаям фойдали бўлади. Ва иқтисодига ҳам катта иқтисодий фойда келтиради. Яъни барқарор ривожланиш мақсадларига қатъий риоя этиш иқтисодий зарар келтиради, дегани эмас. Аксинча, бу фойда дегани. Аммо унга тўлиқ риоя қилиш керак.
Фредрих Эберт фонди ёки Конрад Аденауэр фонди ёки БМтнинг Тараққиёт дастури, ёки Европа хавфсизлиги ва ҳамкорлиги ташкилотлари бор. Агар уларга ҳар бир фуқаро ёки ташкилот шу барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича савол ёки лойиҳа бўйича мурожаат қилса, улар жони билан ёрдам бериб, шу лойиҳани амалга оширишга барча ресурсларни йўналтиради.
Яъни Ўзбекистондаги ҳозирги шароит барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун етарли, дея оламан. Фақат ҳукуматда кучли хоҳиш бўлиши керак. Аммо бизда жамоатчилик ҳам ҳали бу мақсадлар ҳақида тўлиқ тушунчага эга эмас.
Ҳаттоки Европанинг ривожланган давлатларини мисол қиладиган бўлсак, Германия, Франция ёки Буюк Британияда ҳам айтайлик, 50-60-70-90 фоиз аҳоли ҳалиям барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида маълумотга эга эмас. Шунинг учун Ўзбекистонда ҳам бу масала жудаям долзарбдир. Яъни, тадқиқотларимиз шуни кўрсатдики, барқарор ривожланиш мақсадларидан хабардорлик аҳолининг катта ёшдаги гуруҳи ўртасида яхши. Бироқ ёш аҳоли ўртасида хабардорлик жуда кам.
Ҳозирги пайтда болалар боғчасидан бошлаб, мактаб, лицей ва университетларда барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақидаги тушунчани тарғиб қилиш масалалари жуда долзарблигини кўрсатиб турибди.
Яна хулосаларимиздан бири шу бўлдики, миллий медиа маконимизда ҳам барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақидаги материаллар кам ва бойитиш жуда ҳам долзарб масала. Уни албатта бажариш керак.
Барча давлат органлари вакиллари, экспертларини жалб этган ҳолда фокус группа ташкил этдик. Мутасадди ташкилотлардан, масалан, экология, камбағалликни қисқартириш, иқтисодиёт ва молия учун масъул вазирликлардан вакил чақириб, уларнинг фикрини эшитдик. Қувонарлиси шуки, улар ҳам бу таҳлилларимизни маъқуллашди. Яъни Ўзбекистонда ҳали барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақидаги тушунча, ёки медиа маҳсулотлари, ёки билим ва кўникмалар ҳали етарли даражада эмас. Уларни ошириш ҳозирда ҳам фуқаролик жамиятини, ҳам ҳукуматнинг вазифаси эканини тан олишди.
Гулхаё Барноева:
– Барқарор ривожланиш мақсадларининг шиори бор, яъни “Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойили мавжуд. Бу борада аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари масаласида миллий ва халқаро қонунчилик, яъни ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишладик. Биз халқаро даражадаги манбалар билан таққослаганда миллий қонунчилигимизда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар янада кўп.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу муҳокама қилинган мавзуга оид ечимини кутаётган муаммолар бўйича Барқарор ривожланиш маркази таҳлилчилари томонидан парламентга ва ҳукумат идораларига жўнатилган ва улар устида иш олиб борилмоқда. Эълон қилинган маълумотлардан қачон Ўзбекистон барқарор ривожланиши ва бунинг учун ким масъуллиги ҳақида тушунчага эга бўлганлар бунга бефарқ бўлмайди, деган умиддамиз.