Бошига $10 млн. тикилган террорчи ўлдирилди
У Ўзбекистон ва Тожикистондаги ракета ҳужумлари, Эронда Шоҳ Чироқ зиёратгоҳида портлаш ва Россия элчихонасига ҳужумни уюштирган.
Шаҳоб ал-Муҳожир тахаллуси билан танилган террорчи Саноуллоҳ Ғаффорий Афғонистоннинг Кунар вилоятида йўқ қилинди. Унинг боши учун 10 млн. доллар ваъда қилинган эди.
Террорчи нафақат Покистонда, балки халқаро миқёсда ҳам қидирувда бўлган, у Афғонистонга Ҳиндистондан оиласи билан кўчиб келган.
Шаҳоб ал-Муҳожир Кобулнинг Ғаффорий мадрасасида диний таълим олган ҳамда Эрон, Ўзбекистон, Тожикистон, Покистон ва ҳатто Афғонистонда ҳам бир неча ҳужумлар уюштирган.
Саноуллоҳ Ғаффорий 2020 йил апрелидан буён ИШИДнинг Хуросон вилояти гуруҳи фаоли бўлибгина қолмай, балки барча операцияларнинг ташкилотчиси ва бошлиғи ҳам эди.
2021 йил декабрда БМТ, АҚШ ва Европа иттифоқи Ғаффорийни халқаро террорчи деб эълон қилиб, санкциялар рўйхатига киритган ва унинг бошига 10 миллион доллар мукофот пули ваъда қилган.
Террорчи Саноуллоҳ кўплаб мамлакатларда ҳужумларга раҳбарлик қилган бўлиб, Покистон элчихонаси яқинида ҳам худкушлик ҳужумини амалга оширган.
Бундан ташқари, у Афғонистоннинг Нангарҳор шаҳрида қамоқхонани бузиш, Ўзбекистон ва Тожикистонда ракета ҳужумлари, Эронда Шоҳ Чироқ зиёратгоҳида портлаш ва Россия элчихонасига ҳужумни уюштирган.
Ўлдирилган террорчи Афғонистоннинг Кобул аэропорти ва бошқа ҳужумларда асосий гумондор бўлган.
АҚШ Давлат департаменти ўз твиттерида террорчи Саноуллоҳ ИШИД Хуросон гуруҳининг барча операцияларини бошқаргани ва бу амалиётлар учун маблағ тўпловчи энг муҳим аъзоси эканини маълум қилди.