platina.uz
Жаҳон

Каховка тўғони ёрилиши: воқеалар хронологияси

Сўнгги кунларда дунё эътиборини ўзига қаратган Каховка тўғони қулаши атрофидаги воқеалар хронологияси 6 июнь куни шу ҳақдаги хабардан бошланди.

Каховка тўғони ёрилиши: воқеалар хронологияси

Сўнгги кунларда дунё эътиборини ўзига қаратган Каховка тўғони қулаши атрофидаги воқеалар хронологияси 6 июнь куни шу ҳақдаги хабардан бошланди.

Ҳозирда Россия назорати остида бўлган Украина жанубидаги ҳудудда улкан тўғон вайрон бўлиши натижасида сув тошқини юзага келди. Қрим кўприги портлашидаги каби бу гал ҳам ҳар иккала томон – Киев ва Москва тўғон бузилишида бир-бирини айбламоқда. Минглаб одамлар Днепр дарёсининг икки томонидаги паст текисликлардан эвакуация қилинди.

БМТнинг инсонпарварлик ёрдами бўйича раҳбари Мартин Гриффитс бунинг оғир ва кенг кўламли оқибатларидан огоҳлантирди – бу ҳозиргача маълум умумий маълумот.

Бутун дунё диққати қаратилган тўғон қаерда?

Каховка ГЭС Херсон вилоятининг Нова Каховка шаҳрида жойлашган ва юқорида айтиб ўтганимиздек, шаҳар ҳозирда руслар томонидан босиб олинган.

Ушбу тўғон совет даврида қурилган бўлиб, мамлакатнинг шимолидан Қора денгизгача чўзилган Днепр дарёси бўйида жойлашган олтита тўғондан биридир. Херсон вилоятида Россия чап, Украина эса ўнг қирғоқни назорат қилади.

Тўғон катта сув омборини ушлаб туради, маҳаллий аҳоли уни Каховка денгизи деб атайди, чунки баъзи жойларда бошқа қирғоқ кўринмайди.

Унга нима бўлди?

Интернетда пайдо бўлган видеотасвирларда тўғоннинг ёрилиши оқибатида катта миқдордаги сув оқаётгани акс этган.

Каховка сув омборидан катта тўлқиндаги сув оқиб чиқиши натижасида қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўнлаб қишлоғу шаҳарлар тез фурсатларда сув остида қолган. Дарёнинг икки қирғоғидаги минглаб одамлар эвакуация қилинган, бироқ офатнинг тўлиқ кўлами ҳали аниқ эмас.

“Украинагидроэнерго” компанияси операторининг айтишича, “Нова Каховка” станцияси тўлиқ вайрон бўлган ва уни қайта тиклаб бўлмайди.

Бунга ҳужум сабаб бўлдими?

Сабаблар ҳозирча аниқ эмас, бироқ Украина гидроэнергетика ва сув хўжалиги муҳандиси Николай Калининнинг айтишича, бундай катта талафотга фақатгина портлаш сабаб бўлиши мумкин. У Украина янгиликлар сайтига берган интервьюсида тўғон ўта кучли ташқи зарбага бардош берадиган қилиб қурилгани учун ичкаридан бузилган ёки портлатилган деган хулосадалигини айтди.

Украина нима демоқда?

Украина ҳарбийлари Россияни тўғонни атайлаб портлатганликда айбламоқда. Чунки улар Москва Украина тўғон устидаги йўл орқали қўшинларни Россия назоратидаги ҳудудга олиб киришининг олдини олиш мақсадида шундай қилган деган фикрда.

Кремл қандай фикрда?

Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков тўғон ёрилишида Украинани айблаб, буни 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яриморолини сувдан маҳрум қилиш мақсадида бажарилган “саботаж” деб атади.

Дунё нима демоқда?

Тўғоннинг бузилишига сабаб бўлган ёки ҳисса қўшган турли муқобил версиялар илгари сурилмоқда. “Ҳудуддаги жанглар тузилмага таъсир қилган бўлиши мумкин” - деди Лондон университети профессори Марк Муллиган ВВCга. Унга кўра, тўғонни назорат қилувчи Россия атайлаб сув омборида сув сатҳининг кўтарилишига йўл қўйган деган фикр ҳам мавжуд.

АҚШ томонидан ўтказилган сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига кўра, сўнгги бир неча ой ичида сув сатҳи кескин кўтарилган. "Чунки сувнинг максимал даражага етиши олдинги шикастланишлар туфайли фавқулодда вазиятга сабаб бўла олиши мумкин”, деган профессор Муллиган.

Бироқ тўғоннинг вайрон бўлишини фақат сунъий йўлдош тасвирлари орқали баҳолаш қийин, чунки зарарнинг катта қисми сув остида қолган.

Тўғоннинг вазифаси нима эди?

У дарёнинг юқори қисмидаги аҳоли пунктларини ва Россия назорати остидаги 160 км. узоқликда жойлашган Запорижжя АЭСни (совитиш учун) таъминлайдиган улкан сув омборини тутиб турар эди.

Халқаро атом энергияси агентлиги Запорижжя АЭСда ядровий хавф йўқлигини ва вазият назоратда эканини айтиб чиқди. Таъкидланишича, атом станциясини салқин сақлаш учун муқобил сув манбалари мавжуд.

Энди нима бўлади?

Тўғон Россия томонидан босиб олинган Қримга сув олиб боришда муҳим рол ўйнаган, шунинг учун ундаги сув таъминотига таъсир қилиши мумкин.

2014 йилда Россия Қримни аннексия қилганидан сўнг Украина Нова Каховкадан сув олиб ўтувчи канални тўсиб қўйгани яриморолда сув инқирозини келтириб чиқарган эди. Аммо Россия ўтган йилги босқиндан кейин канални қайта очган.

Бундан ташқари, асосий экологик муаммо юзага келди. Президент Владимир Зеленскийга кўра, дарё 150 тонна саноат мойлаш материаллари билан ифлосланган ва яна 300 тоннаси сизиб чиқиши хавфи мавжуд. Қишлоқ хўжалиги ерлари ювилиб кетган ва сув тошқини оқибатлари йиллар давомида сезилиши мумкин.

Иқбол Эргашова

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid