Қуёш панели ўрнатганлар солиқдан озод этилиши кутиляпти
6 июнь куни қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қуёш панеллари ўрнатганлар мол-мулк ва ер солиғидан озод этилиши белгиланган қонун лойиҳаси қабул қилинди.
6 июнь куни “Қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Унда юридик шахслар умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари орқали электр энергиясини ишлаб чиқариб умумий тармоғига сотганда фойда солиғи ҳамда улар бўйича мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан озод этилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, уй-жойда умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан озод етилиши белгиланмоқда.
Депутатларнинг таькидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллигини бартараф этиш, инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини белгилаш имконини беради.
