Қатар 12 млрд доллар инвестиция киритяпти
Бу ҳақда Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида ўтган Шавкат Мирзиёев ва шайх Ол Соний музокарасида айтилди.

Қатарнинг етакчи компаниялари энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритади.
Бу ҳақда Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида ўтган Шавкат Мирзиёев ва шайх Ол Соний музокарасида айтилган.
Учрашувда сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
— Биз Қатарни нафақат Яқин Шарқ минтақасида, балки бутун араб-мусулмон оламида ўзимизнинг истиқболли ҳамкоримиз сифатида биламиз. Сиз билан сўнгги йиллардаги мулоқотларимиз боис муносабатларимизда катта силжиш кузатилмоқда, — деган Мирзиёев.

Шунингдек, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида шу йил сентябрь ойида Ўзбекистон-Қатар инвестиция форуми ўтказилади.
Музокараларда:
- Марказий Осиёни Кўрфаз мамлакатлари билан боғлайдиган энг қисқа, ишончли ва хавфсиз йўлакларни шакллантириш;
- маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
- пойтахтлар ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш;
- Афғонистонга нисбатан прагматик сиёсат юритиш, мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш ва афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш;
- Трансафғон темир йўлини барпо этиш бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш ҳам кўриб чиқилган.
Учрашув сўнгида шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Ўзбекистон раҳбарини Қатарга таклиф қилган.
Маълмуот учун, бу йил Тошкент шаҳрида Қатар элчихонаси очилган. Қатар пойтахти Доҳада эса Ўзбекистон элчихонаси очилиши кутиляпти.




