Терговда ўлган йигит бўйича хизмат текшируви тайинланди
Мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Ўзини ИИБ биноси 4-қаватидан ташлаган шахс иши бўйича ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш мақсадида хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Бош прокуратура хабарига кўра, фуқаро Х.Т.нинг вафот юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси терговга қадар текшириш ўтказяпти. Аввал хабар берилганидек, Х.Т. чўнтагида “гашиш” моддасини сақлаб келгани учун 22 май куни Чилонзор тумани ИИБ бўлимига олиб келинган.
Бинонинг 4-қаватига суриштирув ҳаракатларини ўтказиш учун олиб чиқилган Х.Т. жавобгарликдан қочиш мақсадида шу қаватда жойлашган ҳожатхонага кириб, тезкор ходимни чалғиши натижасида ҳожатхона деразасидан сакраган. У аввал пастда жойлашган ошхона томига тушган. Кейин шифернинг четки қисми синиши оқибатида боши билан бетон ерга қулаган.
Жароҳатланган фуқаро ички ишлар органлари ходимлари томонидан шифохонага олиб борилган. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, олган тан жароҳатлари оқибатида 29 май куни шифохонада вафот этган.
Чилонзор тумани прокурори бошчилигидаги гуруҳ шу куннинг ўзида ҳодиса содир бўлган бино ва атроф-муҳит жойига чиққан ҳолда кўздан кечирган, тегишли гувоҳлар ва ишга алоқадор барча ходимларнинг кўрсатмаларини олган.
Мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.