Шавкат Мирзиёев ва Шарл Мишел учрашди
Улар Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларни ва ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини давом эттиришга келишиб олишди.

2 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи саммити доирасида Европа кенгаши президенти Шарл Мишел билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва минтақавий форматда амалий ҳамкорликни ривожлантиришга оид масалалар кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг ЕИ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми жорий йил бошидан буён 70 фоизга ошди. Европанинг етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори технологик тармоқларидаги инвестиция лойиҳалари портфели 20 миллиард евродан ортди.
Ўзбекистон ва ЕИ етакчилари:
- икки томонлама савдони диверсификация қилиш ва ҳажмини ошириш;
- GSP+ имтиёзли савдо тизимининг амал қилиш муддатини узайтириш;
- самарали транспорт йўналишлари, Транскаспий транзит йўлагини ривожлантириш;
- “яшил” энергетика, инновациялар ва юқори технологиялар, рақамлаштириш, экология, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма дастурларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишди.
Шунингдек, Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларни ва ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини давом эттиришга келишиб олишди.




