Жума табрикларини тарқатиш тақиқланмаган — Мусулмонлар идораси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси “жума табриги”, “Қуръони карим оятлари”, “Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари”, юртимиз уламолари ва имом-домлаларининг мавъизаларини тарқатиш мумкин эмаслиги ҳақидаги хабарларга муносабат берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси “жума табриги”, “Қуръони карим оятлари”, “Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари”, юртимиз уламолари ва имом-домлаларининг мавъизаларини тарқатиш мумкин эмас, деган мазмундаги хабарларни асоссиз деб атади.
Шунингдек, расмий диний сайт ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни мутолаа қилиш ёки улашиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида ҳам ваҳима уйғотувчи ёлғон хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Айтилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин, жумладан, жума табрикларини ҳам тарқатишга рухсат этилган, буларга ҳеч қандай таъқиб йўқ.
Идоранинг айтишича, расмий ва етакчи электрон манбалар рўйхати ушбу ҳавола орқали тақдим этилади: https://taplink.cc/kanallar.