Президент ЕОИИ давлат раҳбарлари билан гаплашиб олди
Шавкат Мирзиёев 25 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг ўттизинчи йиғилишида видеоалоқа орқали иштирок этди.

Президент Шавкат Мирзиёев 25 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг ўттизинчи йиғилишида видеоалоқа орқали иштирок этди.
– Глобал хавф-хатарлар, транспорт-логистика занжирларида жиддий узилишлар, озиқ-овқат тақчиллиги ва энергетик хавфсизлик таҳдидлари ва бошқа муаммолар кучайиб бораётгани мамлакатларимиз барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг биринчи галдаги вазифаларини ҳал этиш учун яқин ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришни тақозо қилмоқда, – деди Ўзбекистон президенти.
Шавкат Мирзиёев божхона маъмуриятчилиги, санитар, фитосанитар ва ветеринар назорат ҳамда товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашнинг электрон платформалари ва онлайн тизимларини интеграция қилиш муҳимлигини айтди.
Шунингдек, тариф сиёсати масалаларида яқиндан мувофиқлашув зарурлигини қайд этиб, “Ўзбекистон – Афғонистон - Покистон” темир йўли қурилишини амалга ошириш бўйича лойиҳа офиси ишига қўшилишга таклиф этди.
Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида Ўзбекистон раҳбари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ўрнини фаол босишни рағбатлантириш, “яшил” йўлакларнинг тўлақонли ишлашини таъминлаш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва инновацияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатларимиз агробизнеси вакиллари ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантириш таклифларини илгари сурди.
Шу мақсадда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги вазирлари, озиқ-овқат маҳсулотларининг етакчи ишлаб чиқарувчилари ва импортчилари иштирокида “ЕОИИ плюс” форматида аграр форумни ўтказиш ташаббусини билдирди.
Россия президенти Владимир Путин раислигида ўтган учрашувда:
- Беларусь президенти Александр Лукашенко;
- Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев;
- Қирғизистон президенти Садир Жапаров;
- Арманистон бош вазири Никол Пашинян;
- кузатувчи давлат Куба президенти Мигель Диас-Канель;
- Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович;
- меҳмон сифатида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев;
- Тожикистон президенти Имомали Раҳмон иштирок этди.




