Украина Олий суди раиси пора билан ушланди
Олий суд раиси Всеволод Князев 3 миллион доллар миқдорида пора олмоқчи бўлган пайтда қўлга олинди, дея хабар берган Украина оммавий ахборот воситалари. Украина Олий судининг яна 18 судьясининг офиси ва уйида тинтувлар ўтказилмоқда.

Кеча, 15 май куни Украина Олий суди раиси Всеволод Князев пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш миллий бюросидаги манбаларга таяниб, бир вақтнинг ўзида бир неча Украина оммавий ахборот воситалари хабар берган.
Нашрларнинг ёзишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Князевнинг 3 миллион долларга яқин пора олишга уринганини расмийлаштирган.
ZN.ua маълумотларига кўра, Князев олигарх Константин Жеваго фойдасига суд қарори чиқарилишини сўраган шахслардан пул олган. Нашрнинг хабарига кўра, Олий суд раисининг ҳибсга олиниши ортидан яна 18 судьянинг иш ва турар жойларида тинтувлар ўтказилмоқда. Олий суд “Всеволод Князев атрофида содир бўлаётган воқеалар” муносабати билан 16 май куни пленумнинг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилишини маълум қилди.
Ўз навбатида, Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси ҳисоботида айтилишича, Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура билан ҳамкорликда “Олий суддаги йирик коррупция” фош этилган, ҳозирча тафсилотлар келтирилмаяпти.
Князевнинг қамоққа олинганини Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашченко ҳам тасдиқлади. Унинг эслатишича, 19 апрел куни Олий суд Шимолий иқтисодий апелляция суди қарорини бекор қилган, у Полтаванинг Ferrexpo кон-қайта ишлаш комбинатининг 40,19 фоиз акцияларини тўртта компанияга – собиқ акциядорларга сотиш бўйича 2002 йилги келишувни ҳақиқий эмас, деб топган. Герашченконинг айтишича, Константин Жеваго билан алоқадор компаниялар бу акцияларни тўртта офшор компаниядан сотиб олган. Кейинчалик, бир нечта қўшимча эмиссиялардан сўнг, шунингдек, миноритар акциядорлардан акцияларни мажбурий сотиб олишдан сўнг, Ferrexpo кон компанияси ЮГОКнинг ягона акциядорига айланган.




