platina.uz
Жаҳон

Сайлов яқин, эҳтимолий ғолиб ҳамон ноаниқ

Ижтимоий тармоқларда бир ажойиб пост айланиб юрибди: “Ким президент бўлиши токи сайловлар ўтмаганча ростан ҳам жумбоқ бўлиб қолса, демак бу демократик жамият экан”. 

Сайлов яқин, эҳтимолий ғолиб ҳамон ноаниқ

Туркиядаги президент сайловлари ҳақида ҳам сўнгги дақиқаларигача аниқ бир гап айтиш қийин бўлмоқда. Турли хил экспертлар турлича сиёсий прогноз бермоқда, ўз аргументларини исботлаш учун турли далиллар келтирмоқда. Бироқ, уларнинг ҳеч бирига тўла ишониб бўлмайди. Гарчи Эрдўғоннинг тарафдорлари кўпдек кўринса ҳам, мусулмонларнинг ҳуқуқларини тиклагани учун уни яхши кўришса ҳам, унда сўнгги пайтларда беморлик аломатлари кўринаётгани, инсон ҳуқуқлари, инфляция ва турк лираси қадрининг тушиб кетаётгани каби омиллар, қолаверса, деярли чорак аср ҳокимият тепасида ўтириб, айрим қатламларнинг “жонига теккани” инобатга олинса, Эрдўғоннинг “тахти қимирлаб” қолгандек кўринади.

Иккинчи кучли номзод - Камол Қиличдорўғли бу жиҳатдан Туркиянинг амалдаги президентига тенг келмаса ҳам, унинг мусулмонлар ҳуқуқларини топтамаслик, иқтисодиётни яхшилаш борасида қоп-қоп ваъдалар бераётганига қаралса, “тарозининг палласи” унинг фойдасига “оғаётгандек” кўринади.

Бироқ Қиличдорўғли партияси Отатурк бошлаган йўлга содиқлиги ҳам маълум. Демакки, у ҳокимият тепасига келса, ҳар доим бўлганидек, иқтисодий аҳвол ёмонлашади, репрессиялар бошланади, мусулмон қатламнинг ҳуқуқлари камситилади. Қолаверса, у, агар иқтидорга келса, Европа йўлидан боришини, Европача қадриятларни устувор деб билишини, демакки ЛГБТ ҳуқуқларини кенгайтиришини ҳам очиқдан-очиқ эълон қилмоқда. Бу жиҳатдан олсак, Қиличдорўғлида ҳам имконият камроқ.

Айни пайтда эса Туркия президентлигига номзодлар ўртасидаги сиёсий кураш ва даҳанаки жанглар авжига чиққан. Кеча Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдўғон сайловдаги рақиби Камол Қиличдорўғлини “Россия аралашуви” ҳақидаги баёноти учун уялишга чақирди.

"Камол энди Россияни сайловларга аралашувда айбламоқда. Уялгин! Агар мен ҳам бу сайловларга АҚШ, Германия, Англия, Франция аралашмоқда десам, нима деб жавоб берасан? Мен бу одамларни жуда яхши танийман. Улар билан 20 йил давомида учрашиб, мулоқот қилиб келаман. Сен улар билан неча марта учрашгансан?”, деган Туркия президенти Истанбулда ўз тарафдорлари билан ўтказилган тадбирда.

Гап шундаки, ўтган куни президентликка номзод - Туркиянинг ЖХП партияси бош котиби ва мамлакат президентлигига номзод Камол Қиличдорўғли Россияни Туркиядаги сайловларда аралашишда айблаган эди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков, бу баёнотга муносабат билдириб, Москва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслигини билдирди ва бундай маълумот тарқатувчиларни “ёлғончилар” деб атади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ амалдаги Туркия президенти Эрдўғон мухолифатчилар террористлар билан тил бириктиришдан ҳам тортинмаётганини, Европадаги айрим давлатлар ўзининг президентликдан кетказиб, унинг асосий рақиби Жумҳурият Халқ партияси (ЖХП) раиси Камол Қиличдорўғлининг ҳокимият тепасига келиши учун очиқчасига ҳаракат қилаётганини таъкидлаган эди. Шунингдек, Эрдўғон мухолифат партияларининг ЛГБТ тарафдори экани, ўзи ҳокимиятда экан, бундай тубан ишларга асло изн бермаслигини маълум қилган эди.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid