platina.uz

X-files — махфий ҳужжатлар

1993 йилда экранларга чиққан машҳур X-files, яъни "Махфий ҳужжатлар" номли сериални кўпчилик яхши эсласа керак. Бош қаҳрамонлар сирли ҳужжатлар ортидан қувиб юришади.

Жамият
12 май 2023 йил
X-files — махфий ҳужжатлар

Ҳозирги кунда бизнинг ҳаётимизда ва Ўзбекистонда ҳам бу сериални суратга олиш мумкин. E-qaror тизимида яширилаётган минглаб ҳужжатлар тайёр сюжет. Сценарий муаллифи ва режиссёр Адлия вазирлиги бўлса, бош ролларда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари.

Бу сериалнинг янги мавсуми ҳам бошланади яқинда. 1 сентябрдан бош қаҳрамонлар сафига вазирликлар ва бошқа идоралар ҳам кўшилиши кутиляпти. Унда махфий ҳужжатлар сони кескин ортиши ва сериал жуда қизиқ тус олиши мумкин.

Гап нимадалигини кўпчилик тушунди. E-qaror тизимида жуда кўплаб қарор ва фармойишлар, катта эҳтимол билан, асоссиз яшириляпти. Адлия вазирлиги ҳеч нима қилолмаслиги айтган, чунки уларда жазолаш ваколати йўқ. Аммо вазирлик асоссиз яширилганларни қайта очиб қўйиши мумкин.

Шунингдек, ростданам махфий бўлса, фақат ўша шахсга доир қисмларини беркитиш йўли бор, технология асрида бу муаммо эмас. Рақамли технологиялар вазирлиги жон деб ёрдам берса керак.

Балки жазо йўқлиги учун ҳам ҳокимлар қарорлари сабабсиз яширилаётгандир. Масалан, суратларда кўришингиз мумкин, Самарқанд вилояти, Бухоро шаҳри ва Каттақўрғон тумани ҳокимликлари 10 лаб қарорлари яшириб қўйган.

Бу борадаги ўтган йилги рекорд ҳозирча Тошкент шаҳар ҳокимиятига тегишли. Улар 2022 йилда 28 фоиздан ортиқ қарорни яширган. Бу собиқ ҳоким Ортиқхўжаев даврига тўғри келади. Аммо янги ҳоким Умрзоқов ҳам беркитишни аллақачон ўрганиб бўлган.

2022 йилдаги ҳолат ўрганилганда жами 16404 та ҳужжат эълон қилинган, шундан 2496 таси жамоатчиликдан яшириб қўйилган. Бу борада Тошкент шаҳар ҳокимлиги етакчилик қиляпти. Кейинги ўринларда Жиззах, Фарғона ва бошқа вилоятлар.

Пойтахтдан "ўрнак" олибми, жазо йўқ экан, барибир деган важ биланми, бошқа ҳудудий ва маҳаллий ҳокимликлар ҳам яширилган қарорлар сонини оширишни бошлаяпти.

Бизнингча, бу муаммо устида жиддий бош қотирадиган пайт аллақачон келди. Ё ҳамма қарорлар очиб берилиши керак, ёки айнан шахсга доир маълумотлар беркитилиб, оммага эълон қилиниши мумкин. Ҳеч бўлмаганда қандай ҳужжат эканини халқ билади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+